Жаҳон | 11:12 / 15.06.2025
12916
4 дақиқада ўқилади

🔴LIVE:Исроил–Эрон уруши учинчи кунга ўтди. Воқеалар қандай ривожланмоқда?

Исроилнинг иккинчи кунги зарбалари энергетика объектларига қаратилди. Нетаняҳу Эрондаги режа қилинган нишонларнинг барчаси яксон этилишини айтди. Эрон ҳам зарбаларнинг янги тўлқинини амалга оширди. Бугун Уммонда ўтиши керак бўлган АҚШ–Эрон музокаралари бекор қилинди.

Жараёнларга экспертлар муносабати – Кун.уз студиясидаги жонли эфирда муҳокама қилинди.

— Эрон-Исроил урушида дунё давлатлари ўз томонларини танлаётгандек, бу «Жаҳон урушлари» каби гуруҳларга бўлинишми?

— Камолиддин Раббимов: Исроил-Эрон уруши айни вақтда жаҳон урушига айланиш эҳтимоли кам, унинг учун иштирокчилар сони бир қанча бўлиши керак. Маълумотларга кўра, Эрон Ташқи ишлар вазири Қатарга ва Ўмон султонлигига мурожаат қилиб, Америка билан тинчлик келишувларига воситачилик қилишни сўраяпти. Эрон келишув излаяпти, Теҳрон уруш чўзилишини хоҳламаяпти.

Асосий масала иқтисодий-ижтимоий ва тўлақонли босим, яъни Америка билан урушдан Эрон манфаатдор эмас. Чунки сиёсий тизим, балки, бутун бир рискларни инобатга олиб, «Майли, ҳозирча ўзимизни мустаҳкамлаб тинчлик келишувига эришиб турайлик, лекин вақт келади, биз ўзимиз учун керакли бўган қалқонни яратиб олганимиздан кейин бошқача гаплашамиз», деган бўлиши ҳам мумкин.

Масалан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзолари учрашиб, бирор қарор қабул қилиши учун камида ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашув бўлиши керак. Ундан олдин давлатлар умумий позицияларини мувофиқлаштириб олиши зарур, шунинг учун ҳам менинг назаримда ташкилот ичида жараён аллақачон бошланган.

— Бектош Бердиев: Покистон томонида бугун агар биз Эронни бомбардимон қилиб тиз чўктиришга йўл қўйсак, навбат бизга ҳам келади деган тафаккур бор. Эрондан кейинги нишон Туркия бўлиши мумкин, ундан сўнг ядровий қудратга эга Покистон, минтақа етакчиси Саудия Арабистони Исроил режасида дейиш мумкин. Бу навбат Мисрга ҳам етиб бориши мумкин. Яқинда Исроилнинг мудофаа вазири алоҳида тилга олди, «Мисрга бунча қурол нимага керак? Биз Мисрнинг қуролланишини жим кузатяпмиз» деб баёнот берди. Саудия Арабистонининг позицияси Ислом ҳамкорлик ташкилотида кўп нарсани англатади, шунинг учун ҳозирча Саудия Арабистони индамай турибди.

Шунингдек, Нетаняҳу баёнотида «Агар Эрон бизнинг араб қўшниларимизга ҳужум қилса, биз бунга жим қараб турмаймиз деди, яъни у Саудия Арабистонини иттифоқчим демоқчими?! Шу каби саволлар ҳали ҳам очиқ ва яқин кунларда Исроилга ўз ҳаво ҳудудидан ёрдам берганлар барибир очиқланади.

— Ядро қуролига эга Покистон мусулмон дунёсида етакчиликни қўга оладими?

— Камолиддин Раббимов: Ислом ҳамкорлик ташкилотида ёки Араб давлатлари лигасида ҳам асосий етакчи бу Саудия Арабистони. Саудиянинг энг асосий ресурси унда Макка ва Мадина жойлашгани. Яъни Ислом динида иккита марказ мавжуд. Биринчиси ақидавий яъни доктринал марказ бу Қуръон. Бу универсал маъно ҳамда макон яратадиган бир марказ. Иккинчиси, географик марказ Макка ва Каъба феномени. Яъни Ислом динида Ислом уммати йиғила оладиган ягона нуқта феномени мавжуд. Бошқа цивилизацияларда бунинг муқобили мавжуд эмас. Христиан дунёсининг географик маркази мавжуд эмас. Яҳудийлик динининг ҳам географик маркази мавжуд эмас.

Шунингдек, суҳбат давомида Исроил-Эрон урушинг энг нозик нуқталари муҳокама қилинди, суҳбатни YouTube платформасида томоша қилинг.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мавзуга оид