Жаҳон | 21:13 / 17.06.2025
2063
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг яхши авиакомпаниялар рейтинги тузилди

Қатарнинг Qatar Airways авиакомпанияси энг яхши деб топилди. Ўзбекистон авиакомпаниялари энг яхши юзталикка киритилмади.

Фото: Joan Valls

Qatar Airways тўққизинчи бор дунёнинг энг яхши авиакомпанияси деб топилди. Британиянинг Skytrax консалтинг компанияси томонидан 1999 йилдан бери ўтказилаётган World Airline Awards рейтинги ғолибларини эълон қилиш маросими Париждаги Халқаро авиакосмик салонда бўлиб ўтди.

Singapore Airlines ўтган йилги рейтингдаги иккинчи ўрнини сақлаб қолди. Бу йилги энг яхши ўнталикка Cathay Pacific, Emirates, ANA All Nippon, Turkish Airlines, Korean Air, Air France, Japan Airlines ва Hainan Airlines кирди.

Энг яхши юзталикка Ўзбекистон авиакомпаниялари киритилмади. Қозоғистоннинг Air Astana авиакомпанияси 36-ўринда, FlyArystan 87-ўринда қайд этилди.

Skytrax рейтинги йўловчилар фикрига асосланади. Сўнгги рейтингда 22,3 миллионга яқин йўловчи сўровдан ўтказилди, улар турли мамлакатларнинг 325 дан ортиқ авиакомпанияси хизмат кўрсатиш сифати бўйича ўз фикрларини билдирди.

«Энг яхши экипаж» номинациясида Singapore Airlines ғолиб чиқди. Turkish Airlines Европада энг яхши бўлди. EVA Air эса энг озода авиакомпания деб топилди.

Мавзуга оид