Жаҳон | 16:36
10816
7 дақиқада ўқилади

Исроил ва Эрон қарама-қаршилиги: воқеалар ривожининг энг ёмон сценарийлари қандай?

Айни вақтда Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар икки давлат билан чекланмоқда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа давлатлар томонидан эса тийилишга кўплаб чақириқлар янграмоқда. Аммо бу чақириқлар эътиборсиз қолиб, зиддият кучайиб ва кенгайиб кетса нима бўлади?

Atta Kenare / AFP / Scanpix / LETA

BBC дипломатик корреспонденти Жеймс Лэндейл воқеалар ривожининг бир неча эҳтимолий сценарийларини кўриб чиқди.

АҚШ ҳам можарога тортилиши

АҚШ томонининг барча раддияларига қарамай, ушбу мамлакат ҳарбийлари Исроил ҳужумларини маъқуллагани ёки ҳеч бўлмаганда хайрихоҳлик билдирганига Эрондагиларнинг ишончи комил.

Эрон Американинг Яқин Шарқдаги объектлари – Ироқдаги махсус кучлар лагерлари, Форс кўрфазидаги ҳарбий базалар ва минтақадаги дипломатик миссияларга зарба бериши мумкин. Эронни қўллаб-қувватловчи кучлар – Ҳамас ва «Ҳизбуллоҳ» анча кучсизланган, аммо Ироқдаги иттифоқчи қуролли тузилмалар сафда қолмоқда ва ҳали ҳам таҳдид солувчи кучга эга.

АҚШ бундай ҳужумлар эҳтимолини ҳисобга олиб, дипломатик ходимларнинг бир қисмини минтақадан олиб кетди. Вашингтон ўзининг оммавий баёнотларида Теҳронни Америка объектларига ҳар қандай ҳужумнинг оқибатлари ҳақида қаттиқ огоҳлантирмоқда.

Агар Америка фуқароси, айтайлик, Тел-Авивда ёки бошқа жойда ўлдирилганида нима бўлиши мумкин эди?

У ҳолда АҚШ президенти Доналд Трамп можарога аралашиши мумкинлигини истисно этиб бўлмайди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу анчадан буён АҚШни Эронга қарши курашга тортиш ҳаракатида экани айтилади.

Ҳарбий таҳлилчилар қайд этишича, Эроннинг анча чуқур жойлашган ядровий объектлари (айниқса, Фордо уранни бойитиш заводи)ни вайрон қила оладиган бомбардимончи самолётлар ва махсус тешиб ўтувчи ўқ-дорилар фақат АҚШда бор.

Трамп эса ўз электоратига Яқин Шарқда навбатдаги «абадий уруш» бошламасликка ваъда берган. Шу билан биргаликда, кўплаб республикачилар Теҳронда режим алмашиши учун энг қулай палла деб ҳисоблаётган Исроил ҳукуматини қўллаб-қувватлайди.

Аммо агар АҚШ ҳарбий ҳаракатларнинг фаол иштирокчисига айланадиган бўлса, бу узоқ муддатли ва катта эҳтимол билан ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган можаронинг кескин кучайишини англатади.

Можарога Форс кўрфази давлатлари қўшилиши

Агар Эрон Исроилдаги яхши ҳимояланган ҳарбий ва бошқа объектларга зарар етказа олмаса, у ракеталарни Форс кўрфазидаги заифроқ нишонларга, йиллар давомида Теҳрон душманларига ёрдам бериб келган деб ҳисобланувчи мамлакатларга йўналтириши мумкин.

Минтақада энергетика ва инфратузилма объектлари кўп. 2019 йилда Эрон Саудия Арабистонидаги нефт объектларига зарба беришда айбланган, 2022 йилда эса унинг иттифоқчилари ҳисобланган ҳусийчилар Бирлашган Араб Амирликларидаги нишонларга зарба берганди.

Ўтган вақт ичида Эроннинг минтақадаги қатор давлатлар билан муносабатлари маълум даражада яхшиланди.

Бироқ бу мамлакатларнинг кўпчилиги ўз ҳудудида АҚШ авиабазаларини жойлаштирмоқда. Улардан баъзилари (махфий равишда) ўтган йили Исроилни Эрон ракета ҳужумидан ҳимоя қилишда иштирок этган.

Агар Форс кўрфазидаги бирор давлат Эрон томонидан ҳужумга учраса, у АҚШдан ўз авиациясини ҳимоя учун йўналтиришни талаб қилиши мумкин.

Jacek Boczarski/Anadolu via Getty Images

Исроил Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қила олмаса

Исроилнинг ҳужумлари муваффақиятсизликка учраса-чи? Агар Эроннинг ядровий объектлари жуда чуқур жойлашиб, жуда яхши ҳимояланган бўлиб чиқса нима бўлади? Агар 60 фоизгача бойитилган 400 кг миқдордаги уран ёқилғиси – қурол даражасига етганда (90 фоизгача бойитилганда) ўнта ядровий каллак яратиш учун етарли бўлади – зарбалардан омон қолса-чи?

Ушбу уран махфий конларда чуқур яширилгани айтилади. Исроил ҳужумлари натижасида бир қанча ядровий олимлар ўлдирилди, аммо ҳеч қандай бомба Эрон тўплаган билим ва тажрибани йўқ қила олмайди.

Исроил ҳужумлари Эрон раҳбариятини янги зарбаларнинг олдини олишнинг ягона йўли – имкон қадар тезроқ ядро қуролига эга бўлиш экани ҳақидаги хулосага олиб келса-чи?

Агар янги ҳарбий раҳбарлар ҳалок бўлган ўтмишдошларига қараганда қайсарроқ ва вазминлик қилиб ўтирмайдиган бўлиб чиқса-чи?

Бундай ҳолатда Исроил камида бутун минтақани чексиз зарбалар циклига тортиб, янги ҳужумларга ўтиши мумкин. Исроилликларда бундай стратегия учун қатъий ибора бор – «майсазорни кесиш».

Глобал иқтисодий шок

Нефт нархлари аллақачон кўтарилиб бормоқда.

Эрон нефт етказиб беришни янада чеклаб, Ҳўрмуз бўғозини ёпишга уринса-чи?

Агар Арабистон яриморолининг нариги томонида Эроннинг сўнгги иттифоқчилари бўлиб қолаётган, ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган ва таваккалчиликка мойиллиги билан ажралиб турадиган Яман ҳусийчилари Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилиш учун ўз саъй-ҳаракатларини икки баравар оширса-чи?

Дунёдаги кўплаб мамлакатлар аллақачон ҳаёт қиймати инқирозидан азият чекмоқда. Нефт нархи ошиши Трампнинг тариф уруши оғирлиги остида шундоқ ҳам дарз кетаётган глобал иқтисодий тизимда инфляцияни кучайтиради.

Ва шуни унутмаслик керакки, нефт нархи ошишидан манфаатдор бўлган ягона одам Россия президенти Владимир Путин бўлиб, бу ҳолда Украинага қарши урушни давом эттириш учун тўсатдан Кремл ғазнасига миллиардлаб доллар оқиб келади.

Эрон режими қулаб, бўшлиқ юзага келиши

Агар Исроил ўзининг узоқ муддатли мақсадига эришса – Эронда ислом инқилоби режими қулашига туртки бера олса, нима бўлади?

Нетаняҳу асосий мақсади – Эрон ядровий салоҳиятини яксон этиш эканини айтганди. Аммо кейинги баёнотида режимни ўзгартиришдек кенгроқ мақсади борлигига ишора қилди.

У «мағрур Эрон халқи»га мурожаат қилиб, Исроил ҳужуми «ёвуз ва мустабид тузум»дан «озод бўлиш томон йўлни тозалаши» ҳақида гапирди.

Эрондаги ҳукумат ағдарилиши минтақадаги баъзи кучлар, айниқса исроилликларнинг бир қисми учун жозибали истиқбол бўлиб туюлиши мумкин. Аммо бу қандай вакуум ҳосил қилиши мумкин? Бу қандай кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин? Эрондаги фуқаролик можароси қандай кўринишда бўлади?

Кўпчилик Ироқ ва Ливияда кучли марказлашган ҳукумат ағдарилганда нималар бўлганини ёддан чиқармаган.

Шу тариқа, бу уруш яқин кунларда қандай ривожланишига кўп нарса боғлиқ. Эрон бунга қандай ва қанчалик қатъий жавоб беради? Ва АҚШ қандайдир йўл билан Исроилни тўхтата оладими?

Бу икки саволга жавоблар кўп жиҳатдан воқеаларнинг кейинги ривожини белгилаб беради.

Мавзуга оид