Ўзбекистон | 17:43
4718
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда бош режага зид учта йирик лойиҳа тақдим этилди

Ўтган йили хусусийлаштирилган “Фотон” АЖ Амир Темур хиёбони яқинидаги завод ўрнида 53 қаватли мажмуа (Nest One'дан ҳам баландроқ) қуришни таклиф қилмоқда. Геология қўмитаси биносини сотиб олганлар эса у ерга 30 қаватли “дом”лар қурмоқчи. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам Бешёғочда 30 қаватли бино қуришни хоҳлаяпти. Бу учала лойиҳада биноларнинг қавати бош режада рухсат этилганидан каррасига кўп.

"Ўзбекистон 24" лавҳасидан кадр

Ўзбекистон президенти 16 июн куни Тошкент шаҳрида режалаштирилган қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишган эди. Шу йиғилишдан кейин пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов “Ўзбекистон 24” телеканалига интервю берди. Телеканал репортажида таклиф этилаётган лойиҳалардан учтасига оид тақдимот-стендлар кўрсатилган.

Ҳар учала лойиҳа – Тошкент шаҳрининг марказий нуқталарида бош режада рухсат этилганидан баландроқ бинолар қуришни назарда тутади.

Улардан энг баланди – 53 қават. Улкан меъморий узук билан боғланган иккита минора лойиҳаси 175 млн долларга баҳоланган. Лойиҳа ташаббускори – “Фотон” АЖ. Мажмуа Ислом Каримов кўчасида (“Ўзавтосаноат” АЖнинг ёнида, Инвестициялар вазирлигининг рўпарасида) жойлашган компанияга қарашли собиқ завод ўрнида қад ростлаши мумкин.

Тақдимот стендига кўра, 0,9 гектарни эгаллайдиган мажмуа 1500 та хонадонни ўз ичига олади. Лойиҳа учун сейсмологик, гидрогеологик, санитар-эпидемиологик ва ФВВнинг “ижобий” хулосаси олиб бўлинган.

Эътиборлиси, Тошкент шаҳрининг тасдиқланган бош режасига асосан, бу ҳудудда биноларнинг рухсат этилган баландлиги 25 қаватгача деб белгиланган. “Фотон”нинг узукли қўшалоқ минораларидан бири эса 53 қават бўлиши режа қилинган. Таққослаш учун, пойтахтдаги ва умуман Ўзбекистондаги энг баланд осмонўпар бино – “Тошкент сити”даги Nest One 51 қаватдан иборат.

Қайд этиш лозим, “Фотон” АЖдаги 85,6 фоиз давлат улуши бундан бир йил олдин 151 млрд сўмга хусусийлаштирилган эди.

Хусусийлаштирилган объектлардан яна бирининг ўрнида эса бирйўла 10 та “дом” пайдо бўлиши мумкин. 2021-2022 йилларда Геология қўмитасининг Тарас Шевченко кўчасидаги собиқ биноси ва унга туташ биноларни иккита аукционда жами 196,3 млрд сўмга сотиб олган “Xamkar Inshaat” МЧЖ 4 гектарлик ушбу майдонда “сити” барпо этиш таклифи билан чиққан.

“Минг ўрик” метро бекати яқинидаги 180 млн долларлик режавий мажмуа 10 та кўп қаватли уйни ичига олиши, улардан камида биттасининг баландлиги 30 қават бўлиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 540 ўринли боғча ва 1200 ўринли мактаб ҳам лойиҳага киритилган.

Бу лойиҳа бўйича ҳам тегишли идоралардан “ижобий” хулосалар олинган. Лекин пойтахт бош режасига асосан, бу ҳудудда қуриладиган биноларнинг баландлиги 5 қаватдан ошмаслиги керак.

Учинчи йирик лойиҳанинг ташаббускори – хусусий сектор эмас, Тошкент шаҳар ҳокимлиги. Ҳокимликнинг “Тошкент инвест” компанияси Бешёғоч даҳаси учун 461 млн долларлик лойиҳани ишлаб чиққан.

Magic City'нинг қаршисидаги 10,6 гектар майдонни эгаллайдиган, 2304 та хонадондан иборат бўладиган лойиҳадаги бинолардан бирининг баландлиги 30 қават бўлиши режа қилинган. Зарурий “ижобий” хулосалар ҳам тайёр. Бироқ бош режага кўра, бу ерда янги биноларнинг баландлигини 9 қаватдан ошириш мумкин эмас.

2025 йил январида Туркиянинг Albayrak компанияси айни шу ерда – Бешёғоч бозори ўрнида тўртта осмонўпар бино қуриш лойиҳасини илгари сурган, ўшанда Қурилиш вазирлиги бош режага асосан бу зонада 9 қаватдан баланд бино қуриш мумкин эмаслигини айтиб баёнот берганди.

“Энди Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган барча қурилишларга тасдиқланган Бош режага мувофиқ рухсат берилади”, – дейилганди Қурилиш вазирлиги баёнотида.

Мавзуга оид