Фан-техника | 17:38
5034
2 дақиқада ўқилади

Олимлар янги қон гуруҳини расман тан олди

У Ер юзида фақат бир одамда бор.

Фото: Getty images

Франция қон қуйиш маркази (EFS) 48-қон гуруҳи тизимининг кашф этилганини эълон қилди. Унинг эгаси Кариб денгизидаги Гваделупа оролидан келган ва Парижда яшовчи аёл бўлди. Янги қон гуруҳи Gwada negative деб аталди - беморнинг ватанига ишора қилиниб. Ушбу кашфиёт 2025 йил июнь ойида Миланда бўлиб ўтган конференцияда Халқаро қон қуйиш жамияти (ISBT) томонидан расман тан олинди.

Камдан-кам учрайдиган ҳолат биринчи марта 15 йил бурун, операциядан олдинги стандарт тестлар пайтида 54 ёшли беморда илгари номаълум антитана аниқланганда қайд этилган. Фақат 2019 йилда олимлар унинг табиатини - ноёб генетик мутацияни - юқори самарали ДНК секвенцияси ёрдамида аниқлашга муваффақ бўлди. Бироқ, кашфиёт энди халқаро эътирофга сазовор бўлди ва қон гуруҳлари жаҳон реестрига киритилди.

EFS тиббий биологи Тиери Пейрар сўзларига кўра, аёл бу қон гуруҳини ота-онасидан мерос қилиб олган, уларнинг ҳар бири мутацияга учраган ген ташувчиси эди. Олимнинг таъкидлашича, бемор бундай қон гуруҳига эга бўлган ягона шахс ва донор сифатида фақат ўзига мос келади.

Энди тадқиқотчилар ғайрианъанавий қон гуруҳлари бўлган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида ушбу ноёб турдаги бошқа одамларни топишга умид қилмоқда. EFS маълумотларига кўра, замонавий ДНК таҳлил усуллари янги тизимларнинг кашф этилишини тезлаштирди, бу камдан-кам ҳолатлар учун донорларни топишга кўпроқ имконият беради.

Мавзуга оид