Жаҳон | 17:55 / 30.06.2025
3342
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондаги Boeing Dreamliner ҳалокатига саботаж сабаб бўлиши мумкин

Иккала двигателнинг бир вақтда тўхтаб қолиши ғайритабиий ҳодиса экани таъкидланмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

Ҳаво ҳодисаларини текшириш бюроси (AAIB) Ҳиндистонда Air India авиакомпаниясининг Boeing 787-8 Dreamliner самолёти ҳалокатига эҳтимолий сабаблардан бири саботаж бўлиши мумкин деди. Бу ҳақда NDTV телеканалига фуқаро авиацияси вазири Мурлидхар Мохол маълум қилди.

«AAIB ҳодисанинг турли сабабларини, жумладан, эҳтимолий саботажни текширмоқда. Видеокамералар тасвирлари текширилмоқда ва барча назариялар баҳоланмоқда... Бу борада бир нечта идоралар ишламоқда», деди у.

Мохолнинг қўшимча қилишича, ҳозир тергов идоралари ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутисидаги маълумотларни синчковлик билан ўрганмоқда. Ҳиндистон қора қути маълумотларини олиш учун хорижлик мутахассислардан ёрдам сўрамайди ва уни хорижга юбормайди.

The Times of India нашрига берган интервюсида жаноб Мохолнинг айтишича, самолётнинг иккала двигатели ҳам ҳавога кўтарилганидан бир неча сония ўтиб тўсатдан тўхтаб қолгани сабабли саботаж назарияси пайдо бўлган. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳодисалар илгари учрамаган.

16 июн куни American Airlines компаниясининг авиация бўйича мустақил эксперти Стив Шрайбер иккала двигателнинг ҳам бир вақтда тўхтаб қолгани ғайритабиий ҳодиса эканини айтган эди. Бошқа таҳлилчилар ҳалокатга двигател электр тизимининг носозлиги сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидладир, чунки Boeing 787 Dreamliner функцияларининг аксарияти электр тизимлари томонидан бажарилади.

12 июн куни Ҳиндистон ғарбидаги Аҳмадобод аэропорти яқинида Boeing 787 Dreamliner ҳалокатга учради. Самолёт ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай турар-жой ҳудудидаги тиббиёт коллеж ётоқхонаси биносига қулади. Камида 290 киши ҳалок бўлди, 60 нафардан ортиғи жароҳат олди. Самолёт йўловчиларидан фақат бир киши тирик қолди.

Мавзуга оид