Жаҳон | 11:28
1528
2 дақиқада ўқилади

Донецкка зарба: бир киши ҳалок бўлди, уч киши жароҳатланди

«ДХР» раҳбари вазифасини бажарувчи Денис Пушилиннинг сўзларига кўра, отишма натижасида "Сокол" бозоридаги савдо майдончалари, марказий универмаг ва банк зарар кўрган. Маҳаллий жамоатчилик металлургия заводига зарар етганини хабар қилмоқда.

Фото: Taisija Voroncova/SNA/IMAGO

«Донецк халқ республикаси» («ДХР») деб аталувчи ҳудуд раҳбари вазифасини бажарувчи Денис Пушилин 30 июн, душанба куни кечқурун Украина Қуролли кучларининг Донецкка берган зарбалари ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, шаҳар узоқ масофали ракеталар ҳужумига учраган. Россиянинг ТАСС агентлиги маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучлари Донецкка Storm Shadow ракеталари билан зарба берган.

Пушилиннинг сўзларига кўра, отишма натижасида «Сокол» бозоридаги савдо майдончалари, марказий универмаг ва банк зарар кўрган. Ёнғинлар бошланди. «ДХР»га ҳужумкор учувчисиз учоқлар, ракеталар ва артиллериядан фойдаланган ҳолда жами 26 та қуролли ҳужум уюштирилди, деб ёзди Пушилин Telegram-каналида. Горловкада 12 турар жой биноси ва еттита фуқаролик инфратузилма объекти, жумладан, поликлиника, ётоқхона, дорихона ва учта қозонхона шикастланган, дейилади хабарда.

Маҳаллий пабликларда металлургия заводига зарар етгани ҳақида маълумот тарқалмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, «ДХР»га кечки ҳужум натижасида бир аёл ҳалок бўлган, уч киши жароҳатланган.

Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги Донецкка зарбалар ҳақида изоҳ бермади. Шу билан бирга, Украина дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко ўзининг Telegram-каналида шаҳарга қилинган ҳужумни «яхши иш» деб атади. Оккупацияни ўрганиш маркази раҳбари Пётр Андрюшченко Telegramʼда Донецк шимоли-шарқида жойлашган Ясиноватая шаҳридаги темирйўлда бир нечта зарбалар кузатилгани ҳақида маълум қилди: «Ёрқин ёнмоқда».

Мавзуга оид