Жаҳон | 20:13 / 01.07.2025
1866
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг Россия билан чегарасида юк машиналари тўпланиб қолди

Бунга 30 июндан бошлаб Россия ҳудудига киришни режалаштираётган хорижий фуқаролар учун эксперимент шаклида рақамли рўйхатга олиш тартиби жорий этилгани сабаб бўлмоқда.

Фото: azh.kz

Россия ҳудудига киришдаги янги қоидалар Қозоғистон—Россия чегара пунктларида юк машиналари ва автобусларнинг тўпланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

«Ақтўбе вилоятидаги «Жайсан», Шимолий Қозоғистон вилоятидаги «Жана жол» ва Атираудаги «Бўкейхон» чегара пунктларида бир неча ўнлаб юк машиналари ва автобуслар Россияга киришга навбат кутяпти, полиция жамоат тартибини сақламоқда, транспорт оқимларини назорат қиляпти ва ҳайдовчиларга ёрдам кўрсатмоқда», — дейилади Қозоғистон ИИВ хабарида.

Чегарада транспорт воситаларининг тўпланиши 30 июнда бошлаб кузатилмоқда.

«Тирбандликнинг асосий сабабларидан бири қўшни мамлакатга киришдаги янги талаблардир. Ички ишлар вазирлиги ҳайдовчиларни хотиржам бўлишга, тартибни сақлашга ва полиция ходимларининг кўрсатмаларини бажаришга чақиради», — дея таъкидланади хабарда.

ИИВ маълумотларига кўра, ҳодиса жойидаги патрул экипажлари ва участка инспекторлари «ҳайдовчиларга маслаҳатлар бермоқда, вазиятни назорат қилиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрмоқда».

Идоранинг қўшимча қилишича, қолган минтақаларда вазият барқарор, ўтказиш пунктлари одатдаги режимда ишламоқда.

Россияда 30 июндан мамлакат ҳудудига визасиз тартибда киришни режалаштираётган хорижий фуқаролар, жумладан, вояга етмаганлар ва ногирон шахсларнинг қонуний вакиллари учун ruID иловаси орқали эксперимент шаклида рақамли рўйхатга олиш тартиби жорий этилди.

Мавзуга оид