Ўзбекистон | 14:47
728
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги 2,5 йилда табиатга салкам 1 трлн сўм зарар етказилди

Ҳолатлар бўйича 429 та жиноий иш ҳужжатлари прокуратура органларига қонуний чора кўриш мақсадида тақдим этилган бўлиб, шундан 275 та ҳолатда ҳуқуқбузарларга жиноий иши қўзғатилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

2023–2024 йиллар ва 2025 йилнинг 5 ойи давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда 3,5 мингдан ортиқ рейд тадбирлари амалга оширилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, соҳага оид қонунчилик талабларини бузган 110 минг нафардан ортиқ шахс аниқланиб, уларга 115 млрд сўм маъмурий жарималар белгиланган ва табиатга етказилган 32 млрд сўм зарарлар бўйича даъво қўзғатилган. Шундан 66 млрд сўм маблағ ундириб олинган.

Шунингдек, сўнгги уч йилда 982 млрд сўмлик 429 та жиноий иш ҳужжатлари (шундан 2023 йилда 171 та, 2024 йилда 172 та ва 2025 йилнинг биринчи чорагида 86 та) прокуратура органларига қонуний чора кўриш мақсадида тақдим этилган бўлиб, шундан 275 та ҳолатда ҳуқуқбузарларга жиноий иши қўзғатилган.

Шу билан бирга, камчиликларни бартараф этиш юзасидан 4669 та мажбурий экологик кўрсатмалар берилиб, табиатга етказилган 322,3 млрд сўм зарар ва атроф-муҳитни ифлослантирилгани учун 60,3 млрд сўм қўшимча компенсация суммалари ҳисобланган. 245 та корхона фаолияти камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинчалик тўхтатилган.

Таъкидланишича, Бош прокуратура тузилмасида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ушбу бошқарма билан ҳамкорликда экологик жиноий ҳуқуқбузарликларга қарши амалий ишлар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид