Дипломатик муносабатлардан иттифоқчиликкача: Ўзбекистон-Озорбойжон алоқаларининг янги модели ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Давлат ташрифи билан Озорбойжоннинг Боку шаҳрига келди. Ташриф давомида стратегик хамкорлик ва иттифоқчиликнинг ҳамда давлатлараро Олий Кенгашнинг иккинчи йиғилиши ва иқтисодий ҳамкорлик Ташкилотининг 17-саммитида иштирок этади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Бу йил икки мамлакат дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлайди.
Ўзаро хамкорликнинг ривожланишида 2024 йилда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома муҳим ахамият касб этмоқда. Расмий ташриф давомида ўтадиган учрашувлар кейинги йилларда давом этиб келаётган стратегик шериклик, иттифоқчилик ва иқтисодий ҳамкорликни янада кегайтиришда олий даражадаги ўзаро мулоқотнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлади.
Биринчидан, иқтисодий алоқалар кенгайиши ва чуқурлашиши кузатилмоқда. Кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо иқтисодий муносабатларда анъанавий ҳамкорлик йўналишлар билан бир вақтда энергетика, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги ва юқори технологиялар каби стратегик йўналишлар вужудга келди ва ривожланиб бормоқда. Жумладан, товар айирбошлаш ҳажми 253 миллион долларга етиб, қўшма корхоналар сони 5 баробар ошди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Озарбойжон капитали иштирокидаги 240 дан ортиқ компания фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Озарбойжон бозорида фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари сони 70 тага етди.
Ўзавтосаноат ва Азермаш компанияларининг қўшма лойиҳаси доирасида Ҳожигабули саноат парки негизида Chevrolet автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳозирда 9000 га яқин автомобил ишлаб чиқарилган. Умумий капитали 500 млн доллар бўлган Ўзбекистон-Озарбойжон инвестиция компанияси бундай қўшма ишларнинг барқарорлиги ва кўламини таъминлашда муҳим восита бўлди. Ҳозирги кунда ушбу инвестиция компанияси ёрдамида қиймати 15 млн доллардан ортиқ бўлган 360 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Иккинчидан, икки мамлакатнинг ҳудудлараро алоқалари тўғридан тўғри икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга амалий ёрдам бермоқда. Бугунги кунда икки давлатнинг 11 шаҳрида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузилган. Ўзбекистон, Озарбойжон ва Қозоғистон ўртасида халқаро энергия коридорини яратишни назарда тутувчи "яшил энергия" соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни амалга оширишни бошладилар.
Учинчидан, транспорт соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама кун тартибида стратегик муҳим ўрин тутмоқда. Икки давлат транспорт ва логистика коридорлари йўналишида амалий ҳаракатларни бошлаган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Озарбойжон инфратузилмаси орқали юк ташиш 5 баравар кўпайган. Томонлар экспорт учун барқарор ва сиёсий жиҳатдан мустақил муқобил йўналиш сифатида қараладиган Ўрта йўлак, Tранс-Каспий йўналишига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Тўртинчидан, икки мамлакат ўртасида кенг қамровли маданий-гуманитар алоқалар ҳам ривожланмоқда. Гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда маданият ва кино куни, шунингдек, икки мамлакат ижодий ва илмий зиёлилари ўртасидаги мулоқотлар алоҳида ўрин тутади.
Бокуда буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди. Тошкентда машҳур шоир, форс шеърияти классикаси Низомий Ганжавий ҳайкали ўрнатилган. Тошкентда эса Озарбойжон халқининг миллий етакчиси Ҳайдар Алиевнинг ёдгорлик мажмуаси барпо этилган. Кейинги йилларда икки мамлакатда туризм соҳаси ривожланиши учун қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 2024 йил 1997 йилги фуқаролар учун визасиз саёҳат тўғрисидаги шартномага ўзгартиришлар киритилди, бу икки мамлакатда рўйхатдан ўтмасдан қолиш муддатини 7 кундан 15 кунгача оширди. Буларнинг натижаси ўлароқ Ўзбекистонга ташриф буюрган озарбойжонлик меҳмонлар сони 10 мингдан (2022 йилда) 18 мингга (2024 йилда) ошди. Шу билан бирга, Ўзбекистондан Озарбойжонга сайёҳлар сони 11 мингдан 16 минг меҳмонгача ошди.
Бешинчидан, икки томонлама хамкорликда Таълим ва ёш кадрлар малакасини ошириш соҳасига алоҳида эътибор берилмоқда. Бугунги кунда Илмий тадқиқотлар олиб бориладиган ва тажриба алмашиладиган 40 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари мавжуд. Жумладан, Тошкент кимё-технология институти ва Боку нефт Олий мактаби ўртасида нефт ва газни қайта ишлаш соҳасида, шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Озарбойжон давлат иқтисодиёт университети ўртасида Молия ва бизнесни таҳлил қилиш бўйича қўшма магистрлик дастурларини ишга тушириш режалаштирилган
Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Озарбойжон бугунги халқаро муносабатлар зиддиятлашаётган бир шароитда янгидан шакллаётган тартиботнинг модели сифатида ҳамкорликнинг ўзига хос кўринишини ва йўналишини намоён қилмоқда. Иқтисодиёт, энергетика, транспорт ва "яшил" технологиялар соҳасида икки давлатнинг бир-бирига интилиши стратегик шериклик ва иттифоқчилик учун мустаҳкам поёдевор яратади. Президент Ш.Мирзиёевнинг Бокуга ташрифи давом этиб келаётган мулоқотнинг мантиқий давоми бўлибгина қолмай стратегик ҳамкорликнинг янги йўналишлари учун катта замин ҳамдир.
Сайфиддин Жўраев
сиёсий фанлар доктори, профессор
Мавзуга оид

22:14 / 02.07.2025
Озарбойжонда Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилди

21:30 / 02.07.2025
Бокуда 8,5 гектар майдонда «Ўзбекистон» боғи барпо этилади

21:07 / 02.07.2025
Отангиз ва озарбойжонликларнинг азалий орзусини рўёбга чиқардингиз – Мирзиёев Алиевга

19:59 / 02.07.2025