Жамият | 18:19
4842
2 дақиқада ўқилади

Андижонда хизмат вақтида пичоқланиб вафот этган профилактика инспектори «Жасорат» медали билан тақдирланди

Андижонда 65 ёшли маст фуқаро томонидан пичоқланиши оқибатида вафот этган профилактика инспектори «Жасорат» медали билан тақдирланди. Медал вилоят ҳокими томонидан марҳумнинг оила аъзоларига топширилди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Андижон вилояти Хўжаобод туманида 65 ёшли маст фуқаро томонидан ўлдирилган Юксалиш маҳалласи ҳудуд профилактика инспектори, катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев президент фармонига асосан «Жасорат» медали билан тақдирланди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги хабар қилди.

Бугун, 8 июл куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилигидаги мутасаддилар Хўжаобод тумани, Юксалиш маҳалласи ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев онаси ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, давлат раҳбарининг фармонига асосан вафотидан сўнг берилган «Жасорат» медалини топширди.

Эслатиб ўтамиз, 1 июл куни Хўжаобод туманида оила аъзоларига пичоқ билан таҳдид қилаётган 65 ёшли эркак чақирувга асосан воқеа жойига етиб келган профилактика инспектори Абдурасул Абдувалиевни пичоқ билан жароҳатлаганди. ИИБ ходими шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган, қотил эса воқеа жойидан яширинганди.

Қотиллик қурбони бўлган профилактика инспектори сўнгги манзилга давлат мадҳияси садолари остида кузатилди. Жанозада ИИБ ходимлари саф тортди ҳамда осмонга қарата ўқ ҳам узилди.

4 июл куни гумонланувчи қўлга олинди. У тумандаги «Сўқолоқ» қабристонидаги маккапоя ичида яшириниб ётганлиги аниқланган. Қўлга олиш жараёнида у ўзининг қорин қисмига пичоқ билан жароҳат етказган ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб борилган.

 

Мавзуга оид