Ўзбекистон | 12:45
13664
5 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors'нинг соф фойдаси кескин камайди. Нега?

2025 йилнинг биринчи чорагида UzAuto Motors'нинг соф фойдаси 2 баробарга камайиб кетди. Бунга қайси омиллар таъсир қиляпти?

Фото: Kun.uz

2025 йил I чорагида Ўзбекистондаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компания – UzAuto Motors'нинг умумий даромадлари 9,7 трлн сўмни ташкил этди. Бу – ўтган йилнинг мос давридагидан (11,7 трлн сўм) 17 фоизга кам.

Ҳисобот даврида компания соф фойдаси 637 млрд сўм бўлган. Бу кўрсаткич 2024 йил I чорагига нисбатан (1,3 триллион сўм) икки баравар қисқарган. Ўз навбатида, харажатлар 1 трлн 52 млрд сўмдан 1 трлн 87 млрд сўмгача ошган.

Ички бозорда сотувлар қисқарди

2025 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистонда “ишлаб чиқарувчи” деб ҳисобланувчи 7 та компания жами 135 922 дона автомобил сотган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос давридаги сотувлардан (158 474 дона) 22,5 мингтага кам. Бу қисқариш Chevrolet автомобилларининг савдоси 142 891 донадан 111 830 донага (қисқариш – 31 061 дона) пасайиши фонида юз берган.

Натижада UzAuto Motors'нинг Ўзбекистон бозоридаги улуши 90,2 фоиздан 82,2 фоизга тушган. Компаниянинг ички сотувлари камайишига қуйидаги омиллар таъсир қилган бўлиши мумкин.

Биринчидан, ички бозорда заиф бўлса-да рақобат ва танлов имконияти пайдо бўла бошлади. Масалан, 2024 ва 2025 йилларнинг дастлабки 5 ойини таққослаганда, Kia сотуви 56 фоизга, BYD сотуви 39 фоизга, Cherry сотуви 14 фоизга, Haval сотуви эса қарийб 4 баробарга ошган. Яъни шартли Тracker олишни режа қилган истеъмолчи олдида Kia Sonet танлови ҳам бор.

Иккинчидан, метан нархларининг ошиб бораётгани ва совуқ кунларда юзага келадиган узун навбатлар, пропан нархининг беқарорлиги, бензиннинг қимматлиги фонида айрим истеъмолчилар электромобил ёки гибрид машина харид қилишни афзал кўряпти. Жумладан, BYD Song Plus Champion, BYD Chazor, BYD Yuan Up каби замонавий машиналарнинг сотуви ошиб боряпти.

Учинчидан, ички бозорнинг тўйина бошлагани ортидан бир неча ойдан бери иккиламчи бозорда автомобилларнинг нархлари арзонлашяпти. Одамлар машинага инвестицион актив сифатида қарашни тўхтатиб, ортиқча маблағини бошқа соҳаларга йўналтиришни бошлади.

Шу билан бирга, UzAuto Motors'да ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммолар кузатилмаяпти, дейиш мумкин: Tracker'дан бошқа барча моделларда ўсиш кузатилган.

Экспорт бозори

2025 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистондан хорижга 102 млн долларлик автомобил ва унинг эҳтиёт қисмлари экспорт қилинган. Бу 2024 йилга нисбатан 26,9 фоизга кам. Бу эса миллий ишлаб чиқарувчи компаниянинг хориждаги автомобил сотувида ҳам салбий ўзгаришлар бўлган бўлиши мумкинлигини англатади.

UzAuto Motors'нинг энг катта экспорт бозори – Қозоғистон. Қўшни республикада Chevrolet автомобилларига бўлган қизиқиш ва талаб тиклана бошлаган. Масалан, 2024 йилнинг январ-май ойларидаги умумий сотуви 6159 донани ташкил этган бўлса, жорий йилда бу рақамлар 11 078 донагача кўпайган. Албатта, бу ҳам нисбий таққослаш. 2023 йилнинг 5 ойида қозоғистонликлар 17 636 та Chevrolet автомобили харид қилганди ва бу борада компания бозорда мутлақ етакчи бўлган. Айни пайтда ушбу лидерлик Hyundai'га бой берилди.

UzAuto ички бозордаги йўқотишларини экспорт ҳисобига қоплашга жиддий киришган кўринади. Буни сўнгги кунларда чиқаётган хабарлар ҳам тасдиқлайди. Июн ойи охирида Kursiv Kazakhstan мамлакатда Chevrolet автомобиллари нархи сезиларли арзонлашгани ҳақида ёзганди. Хусусан, Cobalt'нинг Optima комплектацияси нархи 8,19 млн тенгедан (198,1 млн сўм) 7,29 млн тенгегача (176,3 млн сўм) пасайган бўлса, Onix'нинг механик узатмалар қутисига эга базавий модели 6,99 млн тенгегача (169,1 млн сўм), Tracker'нинг бошланғич нархи эса 9,99 млн (241,7 млн сўм) тенгега туширилган.

Июл ойи бошига келиб Қозоғистонда Cobalt нархи янада арзонлаштирилган. 2024 йилда ишлаб чиқарилган автомобилларга 6,49 млн тенге (156,9 млн сўм) қиймат белгиланган. Нархларнинг бир неча бор пасайиши Хитой брендлари тобора фаоллашиб бораётган бюджет автолар сегментида рақобат кучайиб бораётгани фонида юз беряпти.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, UzAuto Motors соф фойдасининг 50 фоиздан кўпроққа камайиб кетишига юқорида қайд этилган ички ва ташқи омиллар асосий сабаб бўлаётган бўлиши мумкин.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид