Жаҳон | 09:30
916
2 дақиқада ўқилади

Фон дер Ляйен Трамп билан божлар бўйича музокараларни муҳокама қилди

Фон дер Ляйен Трамп билан божхона тўловлари бўйича музокараларнинг бориши ҳақида «яхши суҳбат» ўтказди, дея хабар берди Еврокомиссия. Суҳбат тафсилотлари номаълум.

Фото: Evan Vucci/AP/picture alliance

Европа Иттифоқи яқин кунларда АҚШ билан савдо можаросини ҳал қилиш бўйича принципиал келишувга эришишни кутмоқда. Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен АҚШ президенти Доналд Трамп билан музокараларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида гаплашди, деди идора вакили суҳбатни «яхши» деб таърифлаб.

Унинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтада принципиал келишув тузиш бўйича сезиларли муваффақиятга эришилган ва томонлар ҳозирда техник ва сиёсий даражада давом этаётган музокараларнинг «якуний босқичининг бошида» турибди, дея хабар беради dpa.

Еврокомиссия вакили фон дер Ляйен ва Трамп ўртасидаги суҳбат тафсилотларини ошкор қилмади, фақат самарали фикр алмашиш бўлганини ва томонлар келишувга эришиш ҳамда зарарли тарифлардан қочишга қатъий қарор қилганини айтди.

Апрел ойида Доналд Трамп ЕИ учун 20 фоизлик тариф белгилаган, бироқ кейинчалик музокаралар учун асос яратиш мақсадида уни ўн фоизга туширган. 9 июл куни Трампнинг Европа маҳсулотларига тарифларни ошириш бўйича белгилаган муддати тугайди. Айнан шу санада Брюссел Вашингтон билан келишувга эришишга умид қилмоқда.

Мавзуга оид