Жаҳон | 14:48
6620
4 дақиқада ўқилади

CNN: Трамп ёпиқ учрашувда Путинга «Москвани бомбалаш» билан таҳдид қилгани ҳақида гапириб берган

Фото: CNN

Доналд Трамп 2024 йилда ўз сайловолди кампанияси учун маблағ йиғиш бўйича ёпиқ тадбирлардан бирида Владимир Путинга Украинага ҳужум қилинган тақдирда «Москвага бомба ёғдириш» билан таҳдид қилгани ҳақида гапириб берган, дейилади CNN хабарида.

Телеканал Трампнинг 2024 йил майида, сайловолди кампанияси донорлари учун ўтказилган тадбиридан аудиоёзувни эълон қилди. Бу материаллар Трампнинг Оқ уйга қайтиши ҳақидаги «2024» китоби муаллифлари ҳисобланган Жош Доуси, Тайлер Пейжер ва Айзек Арнсдорфнинг ихтиёрига келиб тушган. Улар президент гапларининг бир қисмини китобда тасвирлашган. Аудиоёзув бунгача эълон қилинмаганди. Трампнинг вакиллари бу гаплар юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

«Мен Путинга айтдим: „Агар сен Украинага кирадиган бўлсанг, мен Москвага бомба ёғдираман. Сенга айтаман – менда бошқа танлов йўқ“», – деган Трамп аудиода. Унинг сўзларига кўра, Путин бунга ишонмаслигини айтган. Шу билан бирга, Путин «10 фоизга» ишонганига Трампнинг ишончи комил.

Кейинроқ Трамп Хитой раиси Си Жинпингни Хитойнинг Тайванга бостириб кириши эҳтимоли ҳақида худди шу тарзда огоҳлантиргани ва АҚШ бунга жавобан Пекинни бомбардимон қилишини айтганини ҳам эслаган.

«У мени ақлдан озган деб ўйлади. Чунки орамизда ҳеч қандай муаммо йўқ эди. У ҳам ишонмади – аммо барибир 10 фоизга ишонган. 10 фоиз эса – керакли даража. Тўғрисини айтсам, 5 фоиз ҳам етарли бўларди», – деган Трамп.

Трамп, Путин ва Си ўртасидаги бу суҳбатлар айнан қачон бўлганини аудио ва CNN хабаридан аниқ билиб бўлмайди. Телеканалнинг қайд этишича, Трамп агар ўша пайтда (2022 йил февралида) АҚШ президенти бўлганида, Украина ва Ғазодаги урушга йўл қўймаган бўлишини айтиш учун олдинги президентлиги даврида Россия ва Хитой етакчилари билан бўлиб ўтган суҳбатларига ишора қилган.

Бошқа ёзувларда Трамп бой ҳомийларни унинг кампанияси учун ўнлаб миллион доллар хайрия қилишга мажбур қилгани, шунингдек, унинг маъмурияти норозилик билдирган талабаларни қандай депортация қилиши ҳақида мақтаниб гапирган.

Сайловолди кампанияси даврида Доналд Трамп бир неча бор АҚШ президенти бўлиши биланоқ, Россия ва Украина ўртасидаги урушни «24 соат ичида» якунлашни ваъда қилганди. Кейинроқ у хато қилганини тан олди.

АҚШ жорий йил феврали ўрталаридан урушни якунлаш мақсадида РФ ва Украина билан алоҳида музокаралар ўтказишга киришди, аммо ўтган вақт ичида томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга яқинлаша олмади.

Сўнгги вақтларда Трамп бир неча марта Путиндан «норози»лиги ва Россия-Украина урушини ҳал қилиш бўйича тинчлик музокараларида олдинга силжиш йўқлигидан «ҳафсаласи пир» бўлганини айтди. АҚШ раҳбари Россия президенти ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга тайёр эмас деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид