Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нега баъзи демократиялар агрессив?
Фаластин халқига зулм қилаётган Исроил, элитаси мусулмонларни хушламайдиган Ҳиндистон: қанчалик ажабланарли бўлмасин, уларнинг иккаласи ҳам – демократия. Бу факт – автократия ё диктатурада яшаб, демократияни орзу қилаётган жамиятларда янглиш тасаввур уйғотмаслиги лозим. Бундан келиб чиқадиган хулоса оддий: жамият демократияни асраш учун қанчалик масъул бўлса, эркинликлар ва айниқса озчиликларнинг эркинликларини қўриқлашга ҳам шунчалик бурчлидир.

Биз Kun.uz'даги чиқишларимизда халқаро майдондаги жараёнларни кўп таҳлил қиламиз. Жумладан, Исроил, Ҳиндистон – демократия эканини, Ғарбий Европа ва АҚШда ҳам демократик жараёнлар орқали миллатчилар, исломофоблар, ксенофоблар бош кўтараётганини кўп гапирамиз. Шу каби видеолар шарҳларида кўплаб эътирозларни кузатамиз: наҳотки Исроил, Ҳиндистон каби ксенофоб, исломофоб давлатлар демократик бўлса? Агар улар демократик давлатлар бўлса, унда бизга – Ўзбекистонга, Марказий Осиёга, туркий ва мусулмон давлатларига ҳам демократия керакми?
Бу каби саволлар ёки эътирозлар Ўзбекистон жамоатчилигида пайдо бўлиши табиий.
Демократия – дин ёки фалсафа эмас. Демократия – энг аввало давлат ва жамият ҳаётини ташкиллаштириш механизми, тартиби, тамойиллари ҳисобланади. Демократиянинг асосий талаби – кўпчилик иродаси орқали сиёсий қарорлар қабул қилиш. Кўпчилик нимани хохласа, кимга овоз берса – шу, шартли равишда демократия бўлади. Лекин бу ўринда: “Кўпчилик бўлмаганлар-чи, камчиликлар-чи?!” деган масала ҳам бор. Либерал-демократияда эса, кўпчиликнинг хоҳиши ҳокимиятга келади, лекин камчиликка нисбатан репрессиялар, босимлар, таҳқирлашларга йўл қўйилмайди. Ўзаро келишув ва компромисс изланади.
Демократик жараёнлар асосан давлатларнинг ички сиёсатида, мамлакат чегаралари доирасида ишлайди. Лекин халқаро майдонда демократиялар ҳар доим ҳам гармонияда ишлай олмайди. Бугун халқаро майдонда давлатлар ҳаётини тартибга солувчи институтлар мавжуд эмас. БМТ – кучли давлатлар лигаси ҳисобланади, унинг Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар энг кўп уруш қилган ёки қилаётган, энг агрессив давлатлар ҳисобланади. БМТ қолган давлатларни улардан ҳимоя қила олмайди, аксинча, бу қудратли давлатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашидан ўз мақсадларида фойдаланишади.
Исроил, мана саксон йилдирки, Фаластинда катта жиноятлар қилиб келади. Ёки, Ҳиндистонда ҳам йилдан йилга ксенофоб, исломофоб сиёсий кучлар ҳокимиятда мустаҳкамланиб бормоқда. Ғарбий Европа ёки АҚШда ҳам демократик сайловлар орқали ашаддий миллатчилар кучаймоқда.
Демак, бу давлатларда халқ мана шу йўналишдаги сиёсий кучларга овоз бермоқда.
Демократия – бу давлат ва жамият ҳаётини ташкил қилишда асос сифатида эркинликни, кўпчилик иродасини олишдир. Куч ишлатиш, репрессиялар ва жабр-зулмларни сиёсий муносабатлардан чиқариб ташлашдир. Демократия – давлат ва миллатнинг кучайиш механизми ҳисобланади. Чунки сиёсий кучлар жамиятни рози қилиш борасида беллашар экан, халқдаги муаммоларни аниқлаш ва уларга энг самарали ечим таклиф қилиш борасида рақобатлашар экан, бундай давлат ва жамият бошқаларга қараганда тезроқ ривожланади, катта миллий бойлик яратади.
Агар эътибор берсангиз, кейинги асрлардаги энг қудратли давлатлар, энг кучли иқтисодиёт шакллантирган, энг қудратли ҳарбий салоҳият яратган давлатларнинг мутлақ аксарияти – демократик давлатлардир. Нефт ва газдан бой бўлган давлатлар кам эмас. Лекин бу давлатлар айнан демократик давлатлардан технологияларни сотиб олади; модернизмни сотиб олишади, ўзлари ярата олишмайди.
Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари, туркий давлатлар ўз конституцияларига кўра демократик-ҳуқуқий давлатлар ҳисобланади. Демократия – кучли бўлишимиз учун, жабр-зулмларсиз яшашимиз, халқаро майдонда рақобатдош бўлишимиз учун керак. Демократик сиёсий тизим орқали, бир томондан катта ўсишга эришишимиз, давлат ва халқ бирлигига эришишимиз ва айни пайтда, барқарорликни издан чиқармаслигимиз керак бўлади.
Демократияларда халқ эркин бўлади, ўз ҳокимиятларини истаганча танқид ҳам қилади, лекин айни пайтда халқ ўз ҳокимияти атрофида бирлаша олади ҳам. Яъни демократияларда халқ ва ҳокимият бирлигини, инқироз ҳолатларида уларнинг жипслигини кузатиш мумкин. Демократияларда сиёсий фаол, онгли Миллат феноменини кўриш мумкин.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид

19:02 / 09.07.2025
Ҳиндистонда Jaguar қирувчи самолёти ҳалокатга учради

16:48 / 09.07.2025
Россия йил охиригача Ҳиндистондан 1 миллион меҳнат мигрантини қабул қилиши мумкин

13:05 / 09.07.2025
Франция разведкаси: Эроннинг ядровий дастури «узоқ вақтга» кечиктирилди

12:20 / 09.07.2025