Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Нетаняҳу сизни урушга бошламоқда»: Такер Карлсон Эрон президентидан интервю олди
Бугун охирги кунларнинг энг шов-шувли интервюси ҳақида гаплашамиз. Йўқ, бу суҳбатда ноодатий ҳеч қандай сир очилмади, ҳеч ким билмайдиган бошқа гап ҳам айтилгани йўқ. Шунчаки интервю уюштирилганининг ўзи шов-шувли бўлди. Америкалик телебошловчи Такер Карлсон Эрон президенти Масъуд Пизишкиёндан интервю олди. Табиийки Карлсон Эронга бормади, Пизишкиён ҳам АҚШга боргани йўқ. Интервю онлайн уюштирилди. Видеода шу ҳақда.

«Бу Нетаняҳунинг уйдирмаси»
Карлсон Эрон президентидан мамлакат ядро дастуридан воз кечишга тайёрми деб сўради. Пизишкиён эса Эронда ҳеч қачон ядро қуроли ишлаб чиқариш истаги бўлмагани, уранни бойитиш ҳақида гап Бинямин Нетаняҳу ўйлаб топган уйдирма эканини айтди.
«Нетаняҳу 1984 йилдан буён Эрон ядро қуроли ясашга киришди деб Америка президентларини ишонтириб келади. Лекин биз ҳеч қачон ядро қуроли ясашга ҳаракат қилмаганмиз. Чунки бу хато. Эрон олий лидери Али Хоминаийнинг буни тақиқловчи фатвоси ҳам бор. Атом энергетикаси халқаро агентлиги узоқ йиллар буни назорат қилиб келишди. Лекин охирги вақтларда бўлган ишлар сабаб биз келишувни тўхтатдик», деди Эрон президенти.
«Сиз Атом энергетикаси халқаро агентлиги билан ҳамкорликни тўхтатгач, дунё сиз уранни бойитмаётганингизга қандай ишониши, буни қандай текшириш мумкин?» деб сўради Карлсон ҳақли тарзда.
Пизишкиён бу саволга очиқ жавоб бермай, Эрон бу борада АҚШ билан музокара ўтказаётган вақтда Исроил ҳужум қилиб қолганини айтди. Шунингдек, АҚШ ҳужуми сабаб Эрондаги ядро технологиялари зарар кўргани, уларга етиб бориш имконсизлиги сабаб халқаро текширув имконсиз эканини айтди.
«АЭХА жосусмиди?»
Интервю давомида Такер Карлсон берган энг ўринли савол ҳам атом энергетикаси халқаро агентлиги ҳақида бўлди. Исроил ва АҚШ ҳужуми фонида Эрон бу ташкилот билан ҳамкорликни тўхтатишини эълон қилганди. Маълумот учун, дунёдаги барча уран қайта ишланадиган, АЭСлар бор давлатда Атом энетгетикаси халқаро агентлиги инспекторлари бўлиши шарт. Улар аввало ядровий хавфсизликни таъминлайди, шунингдек, давлатлар уранни бойитиб ундан ядровий қурол ясаш учун фойдаланмаслиги учун текширув олиб боради.
«Жаноб президент, Атом энергетикаси халқаро агентлиги жосуслик қилиб Эрондаги объектлар ҳақида Исроилга маълумот бериб боргани ҳақида хабарларга қандай қарайсиз?» деб сўради Карлсон.
Эрон президенти буни тасдиқлагандай жавоб берди: «Ҳа, бизда агентлик фаолияти билан боғлиқ шубҳалар бор эди, лекин бу агентлик ходимлари фаолиятига таъсир қилгани йўқ. Уларда барча ядровий обектларимизга кириш имкони бўлган. Лекин ўзаро ишонч агентликнинг охирги ҳисоботдан кейин йўқолди. Улар ҳисоботда ядро обектларига зарба берилишини ҳатто қораламади. Исроил эса бундан ўз мақсадида фойдаланиб қолди», деган Эрон президенти.
Пизишкиён Эрон АҚШ билан музокарага доим тайёр экани, лекин Нетаняҳу бу дипломатияни уруш билан яксон қилаётганини айтган. Эрон президетига кўра, айнан Нетаняҳу минтақани беқарорлаштирмоқда.
«Исроил ҳарбий жиноят қилди»
Пизишкиён Исроилнинг охирги ҳужуми вақтида ҳарбий ҳаракатда иштирок этмайдиган ҳарбийлар ўлдирилгани, бу эса ҳарбий жиноят эканини айтди. «Улар биргина одамни ўлдириш учун унинг оиласини, болаларини ўлдиришди, у яшайдиган бинони йўқ қилишди. Оқибатда ёш болалар, ҳомиладор аёллар ўлди. Биз яна қанақасига АҚШга ишонайлик? Яна музокара бўлаётганда Исроил ҳужум қилмаслигига ким кафолат беради?», деди Эрон президенти.
Пизишкиённинг айтишича, Исроил уни ўлдиришга ҳаракат қилган, лекин бунинг уддасидан чиқмаган. «Мен ўлимдан қўрқмайман, қачон ўлишимни Худодан бошқа ҳеч ким ҳал қилолмайди. Давлатимни ҳимоя қилиш учун қоним тўкилишига, ўлимга ҳам тайёрман», деган сиёсатчи. Президентнинг сўзларига кўра, Исроил уни муҳим йиғилиш вақтида ўлдирмоқчи бўлган.
«Америкада Эрондан қўрқишади»
Такер Карлсоннинг айтишича, америкаликлар Эрондан қўрқишаркан. «Биз Эрон кўчаларида одамлар Америкага ўлим тилаётгани, бизни шайтон деб аташларини кўрамиз. Бунга қандай қарайсиз?» деб сўради Карлсон.
«Бу нотўғри қараш. Эрон 200 йилдан буён бирор давлат ҳудудига бостириб киргани йўқ. Эронликлар Америкага, унинг мулозимларига эмас, зулмба, босқинларга, жиноятларга ўлим тилашади. Қачондир эронлик америкаликни ўлдирганини эшитганмисиз? Ёки эронлик террорчи Америкада теракт содир қилганми? Қайтанга сизнинг президентингиз АҚШ ИШИДни ташкил қилганини тан олган. Бу гуруҳ минтақада ҳаммага ҳужум қилган», деган Пизишкиён.
«Нетаняҳу сизни урушга бошламоқда»
Такер Карлсон интервю давомида АҚШда яшаётган эронликлар террор гуруҳи бўлимларими, деган уйдирмани такрорлаб бу борада Эрон президентидан изоҳ сўради. Ҳатто Америкада яшаётган эронликларни жиноят қилмасликка чақиришни сўради. «Буни биринчи марта сиздан эшитиб турибман. Бизнинг одамлар доим ақл-заковати, хушмуомалали экани билан ажралиб турган. Улардан бирор ёмонлик кўрганмисиз? Бунақа бемаза гапларни Исроил сизнинг миянгизга сингдириб келади», деди Пизишкиён.
Ўзгача гаплар
Сўзимиз охирида қисқача бу интервю ҳақида фикримни билдирмоқчиман. АҚШда Исроилни қўллаш илоҳий тушунчадек қаралади. Шу сабаб Исроил исталган давлат билан тортишувга ҳақ деган тушунча америкаликлар онгида сингиб қолган. Бироқ охирги йилларда Исроилнинг агрессив сиёсати сабаб америкаликларда ҳам саволлар пайдо бўла бошлади. Балки Исроилда ҳам бир қамчи бордир деб ўйлай бошлади америкаликлар? Америка муҳожирлар давлати, у ерга дунёнинг тўрт томонидан одамлар боради, хусусан Яқин Шарқдан ҳам. Бу одамлардан тўрт киши эшитадиган спикерлар ҳам чиқади. Америкаликлар уларни эшита бошлади, бундан ташқари, кўча-куйда яқин шарқлик одамлар билам гаплашишди ва океан ортидагиларда ўзгача маълумотлара эҳтиёж пайдо бўлди. Чунки қайси канални ёқманг битта Жон ёки Мейган чиқиб Исроил зулмга учраганини гапираётган бўлади. Такер Карлсоннинг интервюси шуниси билан муҳимки, энди америкаликлар Эрон президентини эшитишлари мумкин бўлади. Чунки бу интервюни оддий америкалик эмас, энг машҳур телебошловчи олиб, 4,25 миллион обуначиси бор ютуб каналида эълон қилди. Америкаликлар яқин шарқлик блогер биродарлар, Эрон президентини ҳам эшитинглар деса бепарво бўлишлари мумкин, лекин кимсан Такер Карлсон, Трампнинг дўсти, бутун бошли мамлакат сиёсатига таъсир кўрсатадиган одам бу гапни айтса, Масъуд Пизишкиённи эшитиб кўришади. Биз Такер Карлсонни кўп танқид қилганмиз, лекин бу иши учун олқишлаймиз.
Ўткир Жалолхонов
Фахриддин Хотамов
Мавзуга оид

13:05 / 09.07.2025
Франция разведкаси: Эроннинг ядровий дастури «узоқ вақтга» кечиктирилди

05:05 / 09.07.2025
ЦАҲАЛ илк бор Эрон ҳужуми оқибатида ҳарбий объектларга шикаст етганини тан олди — Reuters

21:29 / 08.07.2025
Эрон Хитойдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олди — ОАВ

20:48 / 08.07.2025