Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Еврокомиссия Зеленский иштирокидаги музокараларни ёзиб олган таржимонни четлатди — Le Monde
Зеленскийнинг ЕИ раҳбарлари билан учрашувида чехиялик таржимонлар француз тилидан украин тилига таржима қилишга масъул ҳамкасби суҳбат мазмунини ёзиб олаётганига эътибор қаратган. Ёпиқ учрашувларда таржимонларга бирор-бир қайдларни амалга ошириш қатъий тақиқланган.

Фото: AP
Европа комиссияси украин тили таржимони Володимир Зеленский иштирокидаги музокараларни ёзиб олиш билан шуғуллангани маълум бўлгач, уни жосусликда гумонлаб, аккредитациядан маҳрум қилди, деб ёзмоқда Le Monde.
Гап Европа Иттифоқи етакчилари ва Зеленскийнинг 2024 йил 19 декабрда бўлиб ўтган ёпиқ учрашуви ҳақида кетмоқда. Ушбу учрашув АҚШ президентлиги сайловларида Доналд Трамп ғалаба қозонгани фонида бўлиб ўтганди. Музокаралар давомида европалик иттифоқчилар Киевни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ва қуроллар хариди ҳамда энергетика инфратузиламалари ҳимоясида молиявий ёрдамни тақдим этишга ваъда берган.
Учрашувда чехиялик таржимонлар француз тилидан украин тилига таржима қилишга масъул ҳамкасби суҳбат мазмунини ёзиб олаётганига эътибор қаратган. Le Monde’нинг таъкидлашича, ёпиқ учрашувларда таржимонларга бирор-бир қайдларни амалга ошириш қатъий тақиқланган. Мазкур ҳолат тўғрисида хавфсизлик хизмати хабардор қилинган, улар таржимонни чиқариб юбориб, унинг қайдларини олиб қўйган.
Еврокомиссия ички тергов ўтказиб, унинг натижасини Белгия ҳукуматига тақдим этган. Энди улар терговни давом эттириш ёки эттирмаслик бўйича қарор қабул қилади. Еврокомиссия ушбу таржимоннинг хизматларидан воз кечганини нашрга тасдиқлаган.
Таржимон аёлнинг исми ошкор этилмаган. Le Monde уни «И. хоним» деб атамоқда. Нашр маълумотларига кўра, у рус оиласида дунёга келган, шунингдек, унинг синглиси ҳам таржимонлик билан шуғулланади. Улардан бири Россияда туғилган ва маълум муддат Украинада яшаган. Қарийб 20 йилдан бери улар НАТО, Европа комиссияси, шунингдек, Франция Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликларида штатдан ташқари таржимон бўлиб ишлаб келади.
Украинанинг Франция ва Брюсселдаги элчихоналари бир неча йилдан бери Зеленскийнинг ташрифлари вақтида «И. хоним»нинг хизматларини рад этиб келади. Париждаги украиналик дипломатлардан бирининг сўзларига кўра, таржимон россиялик амалдорлар билан профессионал алоқаларини сақлаб келади.
Аммо Зеленскийнинг ЕИ етакчилари билан учрашувидаги воқеадан кейин у НАТО, Франциянинг ЕИдаги доимий ваколатхонаси ва Франция вазирликлари таржимонлари рўйхатида қолдирилган. Le Monde манбасининг таъкидлашича, 2024 йилда Франция ТИВ ушбу таржимонни икки марта Украина билан боғлиқ бўлмаган халқаро конференцияга жалб этган.
«И.хоним»нинг ўзи «қизиқ бўлмаган бундай мавзу бўйича саволлар берилаётганидан жуда ҳайратда» эканини маълум қилган. Таржимоннинг фикрича, унинг НАТО ва Франция вазирликлари билан давом этаётган алоқалари Европа Иттифоқи етакчилари ҳамда Зеленский ўртасидаги музокараларда юз берган воқеа оддий тушунмовчилик бўлганини кўрсатади.
Мавзуга оид

23:42 / 10.07.2025
Зеленский Украинанинг АҚШдаги элчисини алмаштирмоқчи эканини тасдиқлади

07:56 / 09.07.2025
Bloomberg: Зеленский Трамп билан АҚШдаги элчини алмаштиришни муҳокама қилди

07:21 / 08.07.2025
Зеленский Россияга янги зарбалар берилиши ҳақида маълум қилди

12:37 / 07.07.2025