Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чорвоқ бўйида курорт шаҳарча қуришмоқчи. Бу – Ўзбекистон табиатига хавфми?
Фаоллар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қурилиш ишлари сабабли ичимлик суви ифлосланиб, унинг сатҳи кескин тушиб кетишидан, қолаверса, ҳудуддаги дарахтлар кесилиб, яшилликка путур етишидан, одамлар сув соҳилига киришига чекловлар киритилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Фото: Kun.uz
Сўнгги ҳафталарда Чорвоқ сув омбори соҳилида янги Sea Breeze Uzbekistan курорт мажмуаси қурилиши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Лойиҳа ҳақида қисқача
Бундай режа ўтган йил декабрида, озарбойжонлик тадбиркор Эмин Агаларов лойиҳани Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этганида маълум бўлганди.
Лойиҳага кўра, унда дам олиш, чўмилиш ва спорт масканлари, меҳмонхоналар, коттежлар, турар жойлар бўлади. Халқаро брендларнинг дўконлари, ресторан ва хизмат шохобчалари очилади. Турли фестиваллар, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади.
Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилиб, келувчиларга қулайлик оширилиши, келажакда ўзига хос туризм ҳабига айланиб, унда йил давомида дам олиш ва яшаш мумкин бўлиши кўзда тутилган.
Шавкат Мирзиёев 2025 йил апрел ойида сайёҳлик оромгоҳининг бош режаси билан танишганди. Давлат раҳбари бу лойиҳа барча сайёҳларга қулай бўлиши лозимлигини таъкидлаб, мажмуани зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Лойиҳа Чорвоқнинг 577 гектар ер майдонини эгаллаши кўзда тутилган. Дастлабки босқичда 100 гектар ҳудуд қамраб олинади.
Бу ҳудудда меҳмонхона бинолари, турар жойлар, дам олиш ва кўнгилочар инфратузилмадан иборат кичик шаҳарча қуриш режалаштирилган.
Фаоллар ва блогерлар нима дейди?
Тошкент шаҳри ва атрофдаги ҳудудлар учун асосий чучук сув манбайи ҳисобланган манба – Чорвоқ сув омбори бўйларида халқаро туризм маркази қуришни кўзда тутувчи Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси ижтимоий тармоқларда катта норозиликка сабаб бўлди.
Экоблогер Urikguli (Мўтабар Хушвақтова) Instagram саҳифасида ушбу лойиҳа ҳақида экспертлар ва инфлюенсерларнинг фикрлари тўпланган видеони эълон қилган жтимоий тармоқларда катта резонансга сабаб бўлди – видео ҳозиргача 1,4 млн марта кўрилди, унинг остида #saveChorvoq ҳештеги билан 7 мингга яқин изоҳ ёзилган. Видеода қатнашганлар бўлажак курортнинг Чорвоқ сув омборидаги гидрологик мувозанатига таъсири ҳақида хавотирли фикрларини билдиришган.
Хусусан, табиий фанлар доктори, микроблар экологияси, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мутахассис Юлдузхон Абдуллаеванинг айтишича, айни лойиҳа сабаб ҳудуддаги биохилмахилликка шикаст етиши мумкин.
«Биринчи навбатда биохилмахиллик катта зарар кўради. Чунки Чорвоқ сув омбори ва унинг атрофида Ўзбекистоннинг энг ноёб ўсимликлари ва ҳайвонлари яшайди. Кўплаб қурилиш материалларини ўша ҳудудга ташиш талаб этилади. Бизда сув йўли бўлмагани учун қуруқ йўлдан ташиш амалга оширилиши керак, бу эса ҳаво ифлосланишига олиб келиши мумкин. Фавворалар, бассейнлар ташкил этилса, албатта Чорвоқ сувидан фойдаланишга тўғри келади ва бу сувдан кўп фойдаланиш Чорвоқнинг гидрологик мувозанатини бузиши мумкин.
Энвиронментал импаcт ассессмент амалга оширилиши лозим. Бу экологик баҳолаш дегани. Натижаси оммага эълон қилиниши шарт ва буни биз билишимиз ҳамманинг ҳуқуқи ҳисобланади. Экологик баҳолашдан натижаси яхши чиқмаса, бу қурилиш бекор қилиниши керак», – дейди у.
Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими Алишер Худойбердиев эса бунинг қишлоқ хўжалигига ҳам салбий таъсири бўлишини тахмин қилган.
«Қайиқлар, моторли қайиқлар бўладими – барча-барчасида сувнинг сифатини ўзгартирувчи бўлган заҳарли моддалар қуйилиши эҳтимоли жуда юқори. Сув сифати ёмонлашганидан кейин у тўғридан тўғри аҳолига етиб бориши ҳам мумкин. Қишлоқ хўжалиги майдонларига борса, у ердаги экинларнинг ўзгаришига ҳам олиб келиши мумкин», – деган ходим.
Урбанист Искандар Солиев қурувчи инвесторларнинг реалликда айтган ваъдалари бажарилмаётгани, қурилишлар назоратсиз қолаётганини билдирган.
«Сув омбори атрофида бундай катта лойиҳа амалга оширилиши хато қарорлардан деб ўйлайман. Эмин Агаларов ўз видеоларида экологик томонларини ҳисобга олган ҳолда сув тозалаш қурилмаларини ишлатиб, шундан сўнг қурилиш бошланишини айтяпти. Лекин Ўзбекистонда эканимизни ҳисобга олсак, биламиз, кимки нимадирни қуришдан олдин қандай ваъдалар берса, барибир эртага амалда у нарса бўлмайди. Асосий хавотир шундан», – дейди Солиев.
Лойиҳа асосчилари нима дейди?
Лойиҳа асосчиси, озарбойжонлик тадбиркор Эмин Агаларов бу мунозаралар ортидан Ўзбекистон медиаси вакиллари билан Бокуда учрашув ўтказиб, Sea Breeze’нинг муқобили бўлиши кутилаётган лойиҳа билан таништирди ва саволларга жавоб қайтарди.
У ҳудудда айрим дарахтлар кесилиши мумкинлигини тан олган, шу билан бирга, бу дарахтлар ўрни кўпроғи билан қопланиши, Чорвоқдаги оқова сувлар йиғилиб, сув сифати яхшиланишига ваъда бермоқда.
Агаларов бу борада маҳаллий ва халқаро экспертлар кенгаши тузилишини, ҳар бир муҳокамали масалаларда экспертиза ўтказилиб, натижалари эълон қилинишини билдирди.
Қуйида Агаларов билан бўлган интервю келтирилади.
– Лойиҳа Чорвоққа хавф туғдирмайдими?
– Тармоқларда изоҳларни ўқияпман, ёзишяптики: худди биз «сувни ифлослантирамиз, ҳамма нарсани бузамиз» ва ҳоказо. Бу борада менинг оддий позициям бор. Бугунги кунда Чорвоқ шундоқ ҳам хавф остида.
Айни вақт содир бўлаётган воқеалар: сув сифати яхшиланмай, аксинча ёмонлашаётганини тушуниб турибмиз. Чунки, биринчидан, ҳудудда оқова сувлар йиғилмайди. Иккинчидан, Ўзбекистондаги қурилишлар тартибсиз олиб борилади.
Ҳозирда у ерда «шамбо» (канализация сувлари герметик чуқурликда йиғилиб, махсус техника ёрдамида тозаланадиган) тизимидан ҳам фойдаланишмоқда. Мен экология вазирингиз билан гаплашдим. Ҳеч нарсани назорат қилишнинг иложи йўқ, чунки ҳозир кимдир нимадир қурган, унинг ҳожатхонасидаги ташланмалар ерга оқизилган, у оқова сувлар эса сув омборингизга қуйилган вазият. Бунинг оқибатида сув хиралашиши, агар чора кўрилмаса, ўз-ўзидан унинг сифати тушиб кетиши аниқ.
Менинг таклифим шундай: вазирлик билан муҳокама қилганимиздек, бутун Чорвоқ бўйлаб умумий коллектор ўрнатиб, биринчи навбатда канализация ва оқова сувни йиғиш керак. Бу – биз Бокуда қилган ишимиз. Бу ердаги сув сифати сўнгги 10 йил ичида ҳар йили яхшиланиб бормоқда. Чунки тобора кўпроқ маҳаллий аҳоли ҳам коллекторларимизга уланяпти ва шунга мос равишда денгизга тушадиган канализациядан халос бўляпмиз.
10 йил аввал ёзда сувдан ёқимсиз ҳид келадиган мавсумлар бўларди. ФВВ ҳар йили барча пляжларда, шу жумладан, бизникида ҳам сув таҳлилини ўтказади. Бу йил кўплаб пляжлар сув сифати талабга жавоб бермагани учун очилмади. Бизнинг пляж эса бугунги кунда энг тозаси бўлиб чиқди. Бу денгизни тозалаганимиз учун эмас, балки қирғоқ чизиғи билан тўғри ишлаганимиз учун. Бу биринчи факт.
Иккинчи муҳим факт. Озарбойжонда қонун бўйича ер сотиб олсангиз, денгиздан 50 метрдан яқинроқ масофада қурилиш қила олмайсиз. Мен бу ерларни атайлаб сотиб олиб, қурилиш чизиғини тахминан 400-500 метр ортга сурдим. Пляж жуда кенг. У ерда кафе, ресторан, йўл ва булварлар бор. Мен бу жамоат зонасини сақлаб қолиш ва денгизга яқин қурмаслик учун қурилишни орқароққа сурдим. Чорвоқда ҳам шундай қиламиз.
Чорвоқ ва унга туташ ерлар бир неча ўн минг гектарни ташкил этади. У ерда нима қилсак ҳам, бу кимгадир ёқмаса ҳам, бу бутун Чорвоқнинг 1 фоизини ташкил этади. Лекин ҳамма менга ёпишиб олди, гўёки мен у ерда ҳамма жойда қурилиш қилиб, бузиб ташлайман. 1 фоиз!
Бу лойиҳа Чорвоқ суви, сув омбори учун қандай хавф туғдириши мумкин? Бизни муайян экологик нормаларга риоя қилишга мажбур этадиган қонунлар бор. Қурилишда экологик тоза материаллардан фойдаланиш керак. Лойиҳани экология, шаҳарсозлик бошқармалари, ФВВ ва ёнғин хавфсизлиги хизмати билан ишлар бошланишидан олдин келишиш керак.
Биз бу процедуралардан қонуний равишда ўтишимиз лозим. Объектни фойдаланишга топширишда улардан яна қайта ўтамиз, барча инстанциялар келиб, ўз текширувини ўтказади. Бу – бизнинг мажбуриятимиз, акс ҳолда биз қонунни бузамиз, ҳеч нарсани фойдаланишга топшира олмаймиз, сота олмаймиз ва одамларга биз қураётган кўчмас мулк учун ҳужжатларни бера олмаймиз. Бу – биз қилишимиз шарт бўлган ишлар.
– Энергетика ва инфратузилма тизими қандай бўлади?
– Биз муқобил энергетикага жиддий қараяпмиз. Шунга кўра, барча ясси томларни қуёш панеллари билан қоплашни режалаштиряпмиз. Биринчи босқичда, адашмасам, 45 та бино қуёш батареялари билан жиҳозланади. «Ақлли» технологиялардан фойдаланамиз.
Мен яқинда Россияда «СберСити»да бўлдим, улар ажойиб концепция ўйлаб топишибди. Биз ҳозир тендер ўтказяпмиз – ҳар бир квартирага бошқариш имконини берувчи планшетни интеграция қилиш. Бу пардаларни очиб-ёпиш, чироқни ўчириш функцияларидан ташқари, квартирадан чиқаётганда битта тугма билан бутун уйдаги чироқни ўчириш имконини беради. Бу апарт-отеллар принципи асосида бўлади.
Инфратузилмага келсак, биз бу ерда 17 йил давомида коммуникацияларсиз яшадик. Марказий канализация йўқ эди, тозалаш иншоотларини ўрнатишга мажбур бўлгандик. Эътибор берган бўлсангиз, бизда ҳозир канализация сувини қайта ишлайдиган ва кейин суғоришга йўналтирадиган тозалаш иншоотлари йўқ. Илгари уларнинг сони юзлаб эди.
Кейин марказий канализация тармоғи фақат Sea Breeze’га эмас, балки бутун 50 километрлик қирғоқ чизиғига тортилди. Барча маҳаллий аҳоли, қўшниларимиз ҳам унга уланди. Давлат «ҳа, энди бу минтақанинг инфратузилмаси ва коммуникацияларига сармоя киритиш мумкин» деган қарорга келди.
Худди шу нарса Чорвоқда ҳам содир бўлади. Нега ҳозир у ерда марказий канализация йўқ? Чунки бу давлат учун фойдали эмас. Миллиардлаб доллар жалб қиладиган инвестиция лойиҳаси керак, шундан сўнг давлат «ҳа, энди бизда шундай имконият пайдо бўлди, инвестициялар келди, келинглар у ерга яна битта йўл қурамиз, канализация қиламиз, электр ўтказамиз» деган қарорга келади.
– Қурилиш сабаб дарахтлар ва биохилмахилликка зарар етмайдими?
– Табиийки, бинолар қурилиш майдони учун дарахтларнинг бир қисмини тозалашимиз ва кўчириб ўтказишимиз керак бўлади. Биз уларнинг ҳаммасини сақлаб қолишни истаймиз. Лекин гап бунда эмас. Бу ерда [Озарбойжонда] 10 миллион туп ўсимлик ва дарахт экилган. Экканларимизнинг 90 фоизи бизгача Озарбойжонда умуман бўлмаган.
Биз Чорвоққа аксинча, янги ўсимликларни қўшмоқчимиз. Ҳозирда биологларимиз айнан шу устида ишлашмоқда, улар дарахт, ўсимлик ва буталарнинг навларини аниқлашяпти.
Ўнлаб, эҳтимол, юзлаб илгари у ерда мавжуд бўлмаган навлар бўлади. У ерда ҳозирча ҳаммаси бироз тартибсиз, табиий ҳолатда ва тарихан ўсадиган беш хил дарахт тури бор, холос. Бу албатта жуда чиройли кўринади, буни инкор этмаймиз. Аммо биз шундай ўсимликлар, дарахтлар қўшмоқчимизки, улар аниқ шаклга, ўзига хос услуб ва концепцияга эга бўлсин. Худди бу ерда биз яратган кўплаб боғлар каби у ерда ҳам ана шундай тизимлаштирилган яшил ҳудудлар ташкил қилмоқчимиз.
Мен девелопер сифатида ўз олдимга оддий бир вазифани қўйганман. Агар бу ерда сайр қилиш учун умумий ҳудудлар, боғлар, соҳил бўйидаги пляж зоналари бўлган гўзал, замонавий муҳит яратмасам, ўша кўчмас мулкни сотолмайман, уни охиригача қуриб тугатолмайман, бу ер яна давлат тасарруфига қайтади ва мен тўлиқ муваффақиятсизликка учрайман.
Вазифам – бунинг акси. Бу ерда энг аввало инфратузилма яратдим: миллионлаб дарахтлар экдим, йўлаклар, булварлар, сайр қилиш жойларини ташкил қилдим, тўрт турдаги чиқиндилар учун алоҳида ахлат қутиларини ўрнатдим, голфкарлар (кичик электромобиллар) олиб келдим, дастлабки ресторан ва кўнгилочар жойларни қурдим, бир неча фестивал ўтказдим. Шунда одамлар келди, кўрди ва айтди: «ҳа, бу ерда яшаса бўлади». Ахир бу – бизнес.
Мен мамлакатга олиб кираман деб айтган инвестициялар ва бундай йирик лойиҳалар камида 10 миллиард доллар дегани. Бу шунчаки пул эмас. Бунинг учун бутун бир экотизим яратиш керак. Шундай экотизимки, у инвесторни ишонч билан қарор қабул қилишга ундасин. Инвестор биринчи навбатда нима деб сўрайди? «Мен пул тикяпман, бу ерда йўқотмайманми? Нега ишончим комил бўлиши керак?» Шу ерда экологик омил асосий таркибий қисмлардан бири ҳисобланади. Бу – биринчидан.
Иккинчидан, экологик жиҳатдан ноқулай жойда кўчмас мулкни сотишга уриниш – бу девелопер қилиши мумкин бўлган энг нодонларча қарор бўлади. Аксинча, биз бу ҳудудда экологияни тиклашимиз керак: одамлар ҳозир бу ерда нима бўлаётганини тушуниши, Чорвоқни канализация ва оқова сувдан халос қилишимиз, чиройли ўсимликлар, дарахтлар экишимиз ва бутун соҳил бўйлаб инфратузилмани тўғри ташкил қилишимиз керак.
– Қурилиш чиқиндилари қаерга кетади?
– Бу масала худди шу ерда қандай ҳал этилса, Чорвоқда ҳам шундай бўлади. Биз ҳам денгиз бўйида қурилиш қиляпмиз. Қурилиш чиқиндилари махсус компаниялар томонидан олиб чиқилади ва утилизация қилинади. Ахир чиқинди ёнида сиз мулк сотолмайсиз-ку. Йўл кенгайтирилади, кўприк қурилади, яна бир йўл барпо этилади. Қурилиш материаллари ва чиқиндиларни олиб ўтиш учун айнан шу йўл танланади. Қурилиш чиқиндисиз бўлмайди.
Шунчаки маълумот учун айтаман, ҳозирда Чорвоқда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳажми жиҳатидан у ишлар мен қураётган лойиҳадан кам эмас, деб ўйлайман. Фақатгина бу қурилишлар турли нуқталарда олиб борилаётгани сабабли уни битта жойда кўра олмайсиз. У ердаги чиқинди қаерга кетяпти, сизнингча? У ҳам қаергадир йўқолаяпти.
Агар давлат Чорвоқдаги барча қурувчилар билан тўғри мулоқотни йўлга қўя олса, мен билан ишлаш энг осони бўлади, чунки мен ягона ҳудудда қурилиш олиб бораман. Агар мен чиқинди ташласам, уни дарҳол кўриш мумкин, келиб текшириш, мени танқид қилиш ёки жаримага тортиш мумкин.
Мен чиқиндиларни атрофга ташламоқчи эмасман, чунки сиз айтган экологик масалалар – бу ерда энг аввало мен ўзим манфаатдор бўлган масалалардир. Чунки мен кўчмас мулк сотишим учун бу муаммолар ҳал бўлиши керак. Демак, бу шунчаки бир вазифа эмас, агар мен бу масалаларни ҳал қилмасам, у ерда ҳеч нима сотолмайман, бизнес бўлмайди ва ҳеч нарса чиқмайди.
– Лойиҳа учун экологик экспертиза ўтказиладими?
– Экспертизадан ўтказмаслик ноқонуний бўлади. Яъни агар мен бу экспертизаларни ўтказмасам, қамоққа тушишим мумкин. Мен эса, очиғи, қамоқда ўтиришни истамайман. Бу – биринчи жиҳат.
Иккинчидан, биз бу ерда нима қилдик: маҳаллий аҳоли билан жамоатчилик эшитувларини ўтказдик. Айнан шундай очиқ эшитувлар Чорвоқда ҳам ўтказилади. Чунки аҳоли орасида «бу ерда нима бўлади?», «қандай амалга оширилади?», «нима режа қилинмоқда?» деган тушунмовчиликлар бўлишини истамайман – бу ҳақда аниқ ахборот бўлиши керак.
Шу боис, биз ҳозир махсус ишчи гуруҳ тузяпмиз. Мен билан бу ерда Фируза Султон-зода хоним ишламоқда – у мустақил эколог, профессор, эндиликда эса менинг доимий экологик маслаҳатчим. Фируза хоним ҳозирда Sea Breeze лойиҳаси бўйича экологик таҳлил ўтказмоқда. Балки мен ниманидир назардан қочиргандирман, қандайдир омилларни ҳисобга олмагандирман. У менга аниқ тавсиялар беради ва мен уларни албатта амалга ошираман. Чунки бу мен учун ҳам бевосита манфаатли.
Фируза хоним орқали халқаро экологларни ҳам жалб қиламиз ва уларнинг иштирокида экологик масалаларни ҳал қилиш бўйича маслаҳат кенгаши тузамиз. Бундай масалаларни мен фақат Чорвоқда эмас, балки бошқа ҳудудларда ҳам қилишим керак бўлади. Биз Sea Breeze ’ни Иссиқкўлда (Қирғизистон), Қозоғистон тоғларида, Озарбойжондаги Шахдагда, Туркиянинг Бодрумида, Черногорияда – яъни ҳар ерда сув манбаларига яқин жойларда қуришни режалаштиряпмиз.
Демак, дарёлар, кўллар, сув омборлари – қаерда Sea Breeze қурилиши мумкин бўлса, ўша ерда экологик масалалар долзарб бўлади. Шунинг учун мен бу муаммони ҳар бир жойда алоҳида эмас, балки умумий, тизимли тарзда – халқаро экологлар билан ҳамкорликда ечмоқчиман.
Ишонинг, мен экологлар жамоаси олдига жуда аниқ вазифа қўйганман: «дунёдаги энг экологик шаҳарни барпо этиш». Мақсадим – «Яшил калит» (Green Key) сертификатини қўлга киритиш ва одамлар орасида ишонч уйғотиш. Биз қилаётган иш шунчаки бизнес эмас, бу аввало экологияга хизмат қилувчи ташаббус. Акс ҳолда, бу шаҳарлар ҳеч қачон ҳақиқий даражада замонавий ва жозибали бўла олмайди.
– Қанча иш ўрни яратилади?
– Бу ерда Sea Breeze очилгани сабабли туристлар сони ошди, улар кўпроқ маблағ сарфлаяпти, аҳоли бандлиги ошяпти. Ҳозирда менда 27 минг нафар резидент ва 7 минг нафар ходим бор. Улардан минг нафари – бу ерда тарихан яшаб келган қўшниларим. Улар муносиб иш ҳақи олишмоқда, ишламоқда ва оиласини боқмоқда.
Чорвоқдаги лойиҳада қанча ишчи ўрни бўлиши ҳақида ҳозирча аниқ айтиш қийин, аммо бугунги ҳолатга қараб айтадиган бўлсам, айни вақт менинг штатимда 7 минг ходим бор. Шунга қўшимча, тахминан 15 минг киши турли соҳаларда – кафе, ресторанлар, субпудратчи ташкилотлар, лифт ўрнатиш, пляж клуби ёки бассейн тозалаш ишлари билан шуғулланувчи, бевосита менга боғлиқ бўлмаган ходимлар сифатида фаолият юритишмоқда.
Агар кейинги йилда 55–57 минг нафар резидент бўлишини кутаётган бўлсам, тўғридан тўғри ишга олинган ходимлар сони тахминан 15 минг атрофида бўлади.
– Лойиҳа қачон амалга оширилиши кутилмоқда?
– Агар ўзбек ҳамкорларимиздан ҳаммаси тез ўтса, мен ҳам тезда бошлайман. Аммо мен ҳеч нарсани қонунга хилоф тарзда қила олмайман. Барча келишув жараёнларини якунлаганимиз заҳоти қурилишга киришамиз. Менимча, агар қарор яқин орада имзоланса, келаси ёздаёқ дастлабки инфратузилма объектларини намойиш эта оламиз. Ҳеч бўлмаганда бир километрлик булвар қурамиз, уни ободонлаштирамиз, дарахтлар экамиз, қурилиш ҳудуди билан умумий ҳудуд орасига тўсиқ ўрнатамиз. Булвар кенг бўлади, у ерда ҳожатхоналар, кийим алмаштириш хоналари, пляж клублари, ҳаттоки бассейнлар қуришга улгурамиз. Бу ҳудуддан чўмилиш, қуёшда тобланиш, дам олиш учун ҳамма фойдаланиши мумкин бўлади.
Дастлабки босқичда тахминан 300 минг квадрат метр майдон қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун бизга тахминан 400–450 миллион доллар керак бўлади. Умуман олганда, 7 миллион квадрат метр салоҳиятли қурилиш майдонига эга бўлган лойиҳа учун умумий инвестициялар 10 миллиард долларни ташкил қилади. Бу рақам ошиши ҳам мумкин. Масалан, ҳозирги Sea Breeze лойиҳасининг ўзи 22 километр ҳудудни қамраб олади, 1,5 минг гектар, 25 миллион квадрат метр майдон қурилиши кўзда тутилган. Бу лойиҳа қиймати тахминан 60 миллиард доллар атрофида.
– Ишлар кетма-кетлиги қандай, дастлаб нима қилинади?
– Бизнинг «йўл харита»миз қуйидагича: аввал ҳудуддаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, яъни қурилиш бошланишидан аввал нимани яхшилаш мумкинлигини кўриб чиқамиз – бу экологик омилларни тузатиш ва ҳозирги ҳолатни яхшилашга хизмат қилади.
Иккинчи босқич – халқаро экологлар ва экспертлар кенгашидан тавсиялар олишдир. Қонун бизни бунга мажбур қилмайди, бу ихтиёрий тавсиялар бўлади. Аммо бу – қандай қилиб максимал даражада экологик лойиҳа қилиш мумкинлигини кўрсатиб беради.
Ва, албатта, менинг вазифам айнан шудир. Мен бу ерда болаларим билан яшайман. Энг кичик қизим 6 ёшда. Шубҳасиз, мен экология сақланишини хоҳлайман, лекин бу билан бирга хавфсизликни ҳам таъминламоқчиман: автомобиллар юрмасин, болалар майдончалари бўлсин – булар мен учун устувор масалалардир.
Оддийгина бир стереотип бор: тадбиркорга худди ёмон одам, ўғри, фақат пул ишлашни истайдиган киши сифатида қаралади. Аммо биринчи навбатда, мен Чорвоқда нима қурсам, ўша ерда қолади. Мен уни ўзим билан олиб кетолмайман. Ободонлаштириш нуқтайи назаридан биз нима қилсак, ундан ҳамма фойдаланади: ҳам туристлар, ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам у ерга доимий яшаш учун кўчиб келганлар. Яъни, ҳеч нима ёпиб қўйилмайди. Бу ерга ҳар куни, айниқса мавсумда, ўн минглаб одамлар келади, дам олади. Улар орасида хорижий меҳмонлар, шаҳар ва вилоятлардан келганлар ҳам бўлади.
– Лойиҳанинг иқтисодий рентабеллиги қандай?
– Бизнинг фойдамиз тахминан 30 фоиз бўлади. Ҳозиргача Sea Breeze – бу менинг ягона бизнес лойиҳамки, мен у ердан ҳали ҳеч қандай даромад кўрганим йўқ ва яқин йилларда ҳам кўрмайман. Бизнинг концепциямиз шундай: олган фойдамнинг 30 фоизини инфратузилмага сарфлайман. Бу фақат экология билан боғлиқ эмас – бу лунапарклар, аквапарклар, мактаблар, шифохоналар ҳам қурилиши билан ҳам боғлиқ.
Ўтган йили биз тахминан ярим миллиард долларлик кўчмас мулк сотдик. Шундан тахминан 100 миллион доллар даромад олдик. Уларнинг барчаси қайта сарфланди. Кўкаламзорлаштиришнинг ўзи учун ўтган йили 35 миллион доллар сарфладим.
Бу – худди шаҳар ичида шаҳар қуришдек гап. Бу ерда шифохона 3 ой ичида очилади. Мактаблар битта эмас, камида 10 та бўлади. Университет, музейлар қурилиши режалаштирилган. Яъни бу кичик курорт шаҳарча бўлади. Мен «кичик» деяпман, лекин бу девелопмент контекстида катта лойиҳа. Чорвоқда пайдо бўладиган шаҳарча бутун зарур инфратузилмага эга бўлиши керак. Одамлар у ерда йил давомида яшаши, ишлаши керак. Мавсумдан ташқари у ҳудуд «ўлик» бўлиб қолмаслиги лозим. Болаларингиз ўқиши учун мактаблар, боғчалар бўлиши керак – буларнинг барчаси бу ерда аллақачон бор.
Ўзининг экотизими бўлган ҳудуд бўлади. Инглиз тилида self-sustained green city, яъни «ўзини ўзи таъминловчи яшил шаҳар» деган тушунча бор. Биз айнан шуни Чорвоқда ҳам амалга оширмоқчимиз.
Ўтган йили Sea Breeze Озарбойжон бюджетига жами 45 млн доллар қўшди ва мамлакатдаги 62-энг йирик солиқ тўловчисига айланди. Мендан олдин асосан давлат корпорациялари туради. Бу 45 млн доллар менга сув, газ, йўл олиб келиш вазифасини қўйиш орқали давлатга ҳам инфратузилмада иштирок этиш имконини беради. Келгуси йили мен 80 млн доллар тўлайман.
Яъни, курорт лойиҳаси туфайли давлатда Чорвоққа сармоя киритиш учун ҳам кўпроқ имкониятлар пайдо бўлади. Ҳозир давлат учун бу қиммат, чунки у ерда одамлар кам, меҳмонхоналар етишмайди. Мен сармоя киритаётганим учун давлат ҳам бугун сармоя кирита олади.
– Пляжлар фақат пулли бўладими?
– Пляж ва соҳил чизиғи умумий бўлиши керак. Агар эътибор берган бўлсангиз, менда пулли ва бепул пляж зоналари ҳам бор. Бепуллари ҳам худди пуллиларидек сифатга эга: шундай инфратузилма, кийим алмаштириш хоналари, ҳожатхоналар, она ва бола хонаси, футкортлар, кўкаламзорлаштириш, ирригация тизими – ҳамма нарса худди шу принцип асосида амалга оширилган.
Чорвоқ соҳил чизиғининг узунлиги бир неча юз километр. Биз ҳозир лойиҳа бўйича режалаштирилган 5–5,5 километр ҳақида гапиряпмиз. Яъни Чорвоқ учун бу бир неча фоиз, холос. Чорвоқдаги Sea Breeze Uzbekistan туфайли одамлар барибир бутун қирғоқ чизиғига кириш имкониятига эга бўлишади.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади
Мавзуга оид

10:27 / 02.11.2024
Ин қуришга хомашё, сузиш учун сол: ёввойи табиат пластикка қандай қилиб мослашди?

10:16 / 18.06.2024
ЕИ кенгаши экотизимларни тиклаш бўйича баҳсли қонунни қабул қилди

11:37 / 15.02.2022
«Сколково» Ўзбекистонда қўшма таълим экотизимини ишга туширади

19:22 / 06.05.2020