Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Кавказда Россия энди лидер эмас, оддий иштирокчига айланмоқда” — сиёсатшунос
Озарбойжон ва Арманистон воситачиларсиз тинчлик келишувига яқинлашмоқда. Илҳом Алиев ва Никол Пашиняннинг кечаги учрашуви бундан буён Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорлик ташқи кучларсиз ҳам таъминланиши мумкинлигига ишора қилади. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Жаҳонгир Акрамов бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Воситачиларсиз Озарбойжон ва Арманистон тинчлик келишуви амалга ошадими?
Жаҳонгир Акрамов: Дунёнинг барча минтақаларида уруш ҳаракатлари ёки кескинлик ошаётган вақтда Жанубий Кавказда бир неча ўн йилдан буён давом этаётган кескинликка барҳам берилиб, тинчлик ўрнатилиши – бутун дунё жамоатчилиги учун ижобий ҳолат.
СССР парчалангандан кейин суверен Озарбойжоннинг Қорабоғ ҳудудида сепаратистик ҳаракат авж олган ва Арманистон–Озарбойжон уруши содир бўлганди. 1994 йилги Бишкек келишуви билан, ўт очиш тўхтатилган. Ўшанда Озарбойжон Арманистонни очиқдан очиқ қўллаб-қувватлагани учун Россияни айблаганди. Чунки Озарбойжон ўзининг 20 фоиз ҳудудидан айрилганди.
2020 йилда 44 кунлик уруш натижасида Боку ўз ҳудудининг катта қисмини қайтариб олди ва Россия ҳам амалда бу ҳудудлар Озарбойжонга тегишлигини қайд этди. Россия учун, аслида, Жанубий Кавказда Арманистон ва Озарбойжоннинг қарама-қарши туриши манфаатли эди. Бу ҳолат Москвага иккала томонга ҳам ўз сўзини ўтказишга имкон берарди. Лекин сўнгги вақтларда Россиянинг Ғарб билан қарама-қаршилигининг кучайиши, Туркиянинг мавқейи ошиши Илҳом Алиевга имкон яратди. Озарбойжон қуролланишда фақат Россияга эмас, Исроил, Туркия билан ҳам ҳамкорлик қилиб, ўз армиясини замонавий даражага чиқара олгани туфайли ғалаба қозонди.
Арманистон – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Евросиё иқтисодий иттифоқининг аъзоси. Россия билан юқоридаги ташкилотларда бирга бўлса ҳам, 44 кунлик урушда Москва намойишкорона бетараф турди. Яқинда авж олган Россия–Озарбойжон зиддияти фонида, Боку Москвадан ўзаро тенг муносабатларни талаб қиляпти. Путин, албатта, бунга кўнишни истамайди. У ўзини МДҲда гегемон, хўжайин деб ҳисоблайди.
Ереваннинг ҳам Россияга нисбатан ишончи йўқолди. Биламизки, Қорабоғ масаласини ҳал қилиш учун 1994 йилда Минск гуруҳи тузилган эди. Гуруҳ АҚШ, Франция ва Россиядан иборат бўлган ва 26 йил давомида бир метр ерни ҳам Озарбойжонга қайтариб беришолмаган. Ўртада воситачилар бўлса, барибир ўз манфаатини илгари суришга интилади, шунинг учун ҳам Абу-Дабидаги икки давлат раҳбарининг тўғридан тўғри учрашуви жуда катта ўзгаришларга олиб келади, деган фикрдаман.
Камолиддин Раббимов: Биринчи марта Араб Амирликларида икки давлат раҳбари ҳеч қандай воситачисиз тўғридан тўғри мулоқот қиляпти. Нима учун айнан Араб Амирликлари? Чунки бу давлат нейтрал сифатида ҳам Озарбойжон, ҳам Арманистон томонидан тан олинган.
Кейинги 5 йил ичида Арманистоннинг ташқи сиёсий йўналиши тубдан ўзгарди. Қорабоғ Озарбойжон томонидан мамлакат таркибига қайтарилди. Бу – халқаро ҳуқуққа кўра, Озарбойжоннинг ери. Озарбойжон Қорабоғни куч билан қайтариб олганидан кейин икки давлат ўртасида кучлар нисбатига оид қараш тубдан ўзгарди. Яъни бу ерда қудратли давлат – Озарбойжон. Бокунинг ҳарбий салоҳияти юқори. Шу боис Арманистон Озарбойжон илгари сураётган шартларга кўнишга мажбур.
Чунки агар келишув амалга ошмаса ва Озарбойжон, ўтган 30 йил мобайнида Арманистон қилгани каби, Ереванга нисбатан агрессия қилса, Арманистон ўз ҳудудларидан айрилиб қолиши мумкин. Чунки Озарбойжон худди Фаластин сингари иккига бўлинган давлатга ўхшайди. Масалан, Нахичевон вилояти Озарбойжоннинг асосий қисмидан ажралган ҳолда жойлашган.
Арманистон Конституциясида Қорабоғга оид ишора мавжуд, “биз бу ерларни қайтариб оламиз, ўзимизга қўшамиз” деган чақириқ сақланиб қолган. Шу сабабдан ҳам тинчлик келишувига эришиш учун Арманистон Конституцияси ўзгариши керак. Чунки икки томон келишувга қўл қўйгандан кейин, агар Арманистонда янги сиёсий раҳбар келса ва ташқи таъсирлар (Россия, Франция ёки бошқалар) “қайтадан урушни бошла” дейдиган бўлса, олдинги келишув кучини йўқотиши мумкин.
Бундан ташқари, масала Зангезур коридорига ҳам тааллуқли. Агар Арманистон ҳудуди орқали ўтувчи ҳар бир машина тўхтатилиб, текширувдан ўтадиган бўлса, бу ҳолатда коридор очишнинг маъноси қолмайди. Яъни Зангезур коридорида эркин ҳаракат мазмуни босқичма-босқич йўқолиши мумкин. Озарбойжон буни яхши тушунади. Шунинг учун Арманистонга таклиф қилинмоқда: коридорни тўлиқ очасизлар, бунда ўзингиз ҳам иқтисодий фойда кўрасизлар.
— Кавказда Россиянинг босими тугади, дейиш мумкинми?
Камолиддин Раббимов: Жанубий Кавказда учта давлат бор: Озарбойжон, Арманистон ва Грузия. Грузия Россия билан бўлган урушдан сўнг МДҲдан чиқиб кетган ва Россия билан дипломатик алоқаларини узган. Яъни ҳозир улар ўртасида тўғридан тўғри дипломатик муносабатлар мавжуд эмас.
Шу билан бирга, Грузияда ички сиёсий кураш давом этмоқда. Иккита асосий концептуал ёндашув бор. Биринчи қараш – “биз Ғарбга йўналиш олишимиз, Европа Иттифоқига аъзо бўлишимиз керак” деган фикр, бу – Саакашвили тарафдорларининг позицияси. Иккинчи ёндашув – “нима бўлмасин, бизнинг катта ва қудратли қўшнимиз – Россия, Москва билан ҳисоблашишимиз лозим” деган фикр. Ҳукмрон “Грузия орзуси” айнан шундай позицияга эга.
Агар Арманистон Озарбойжон ва Туркия билан тинчлик келишувига эришса, мамлакат ҳудудида жойлашган (Гумри шаҳридаги) Россия ҳарбий базасини чиқариб юбориши ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан (КХШТ) чиқиши эҳтимоли бор. Чунки сўнгги икки йилда Арманистон КХШТнинг ўқув машғулотларида иштирок этмаяпти.
Озарбойжон эса минтақадаги ва постсовет маконидаги геосиёсий мақомини қайта кўриб чиқмоқда. Илгари Россия “катта ака” сифатида намоён бўлган бўлса, бугун Озарбойжон “тенг мулоқот қиламиз”, дея позициясини яққол билдирмоқда.
Жаҳонгир Акрамов: Эътибор бериш керакки, 2026 йилда Арманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтади ва айнан шу сайловдан сўнг Конституция ўзгариши мумкин. Бу ҳолатни ҳам Пашинян, ҳам Алиев яхши тушуниб турибди.
Иккинчидан, Россия–Украина уруши ҳам бир кунда тугаб қолиши мумкин. Шу шароитда Жанубий Кавказда Россиянинг таъсири сусайган бир вақтда, минтақа давлатлари ўзаро ярашиш орқали Россия билан янги геосиёсий мувозанат яратишга ҳаракат қилмоқда.
Шу билан бирга, унутмаслик керак: Россия ҳали ҳам географик жиҳатдан Кавказдаги энг йирик давлат ҳисобланади. Унинг Шимолий Кавказ ҳудуди – Жанубий Кавказдаги уч давлат (Грузия, Арманистон, Озарбойжон) ҳудудларидан ҳам каттароқ. География – тақдир. Шунинг учун ҳам минтақа давлатлари маълум даражада бир-бирларига ёрдам бермоқда.
Кутилаётган тинчлик келишуви натижасида Россия энди Жанубий Кавказда лидер сифатида эмас, балки оддий иштирокчи сифатида қолади. Энг асосий геосиёсий ролни эса Туркия эгаллаши эҳтимоли юқори. Туркия таъсири бугунги кунда Россияникидан кўра кучлироқ бўлиши мумкин.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube саҳифасимизда томоша қилишингиз мумкин.
Нормуҳаммадали Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид

16:42 / 11.07.2025
Россиянинг ягона авиаташувчи кемаси утилизация қилиниши мумкин

16:30 / 11.07.2025
Мерц Россиядан Украинага етказилган зарар учун 500 млрд евро тўлашни талаб қилди

14:49 / 11.07.2025
Трамп Россия бўйича «муҳим баёнот» беришини айтди

13:45 / 11.07.2025