Жаҳон | 16:42 / 11.07.2025
5980
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг ягона авиаташувчи кемаси утилизация қилиниши мумкин

Кема 7 йилдан бери таъмирланмоқда ва модернизация ишлари қачон тугаши маълум эмас.

Фото: РИА Новости

Россия Мудофаа вазирлиги Россия флотидаги 2018 йилдан бери таъмирланаётган ягона авиаташувчи «Адмирал Кузнецов» крейсерини тиклашдан бош тортиши мумкин, деб ёзди «Известия».

Нашр манбаси сўзларига кўра, ҳозир кемани таъмирлаш ва модернизация қилиш тўхтатилган ва унинг келажаги ҳақидаги масала яқинда ҳал этилиши керак.

Крейсерни тиклаш билан шуғулланган Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондонлиги (ВМФ) ва Бирлашган кемасозлик корпорацияси (ОСК) вакиллари ҳозир авиаташувчини флотнинг жанговар таркибига қайтариш мантиқий ёки йўқлигини муҳокама қилмоқда, деди манба.

Тинч океани флотининг собиқ қўмондони, адмирал Сергей Авакянц таъмирлаш ишларини давом эттиришдан бош тортишни «мутлақо тўғри» деб атади. Унинг фикрича, Россия флотига «Адмирал Кузнецов» ҳатто модернизация қилинган ҳолда ҳам керак эмас.

«Авиаташувчи – эскилик сарқити. Бу жуда қиммат ва самарасиз денгиз қуроли. Келажак робот тизимлари ва дрон ташувчиларга тегишли. Ва агар таъмирлашни давом эттирмаслик тўғрисида қарор қабул қилинса, «Адмирал Кузнецов»ни кесиб, темир-терсакка топшириш ва утилизация қилиш қолади», деди Авакянц.

2025 йил ҳолатига кўра, дунёда атиги 10 та давлат авиаташувчи кемага эга. Энг йирик флот АҚШ ҳиссасига тўғри келади – 11 та кема. Шунингдек, Хитой армиясида 3 та, Буюк Британия, Ҳиндистон ва Италияда 2 тадан, Франция, Испания, Таиланд, Россия ва Туркияда 1 тадан авиаташувчи кема бор.

Мавзуга оид