Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев маҳалла инспектори бўлган катта лейтенантга капитан унвонини берди, фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди — маҳаллий дайжест
Мустақилликнинг 34 йиллигига тайёргарлик кўриш бўйича қарор имзоланди. «Участкавой» президент билан учрашувда капитанга айланди. Фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди. Жиззахда ҳакерлар фуқаронинг банкка қўйган катта миқдордаги омонатини ўғирлади. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

«Участкавой» президент билан учрашувда капитанга айланди
Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги Янги Камолон маҳалласи инспектори бўлган катта лейтенантга капитан унвонини берди. Бу давлат раҳбарининг Шайхонтоҳур туманига ташрифи вақтида содир бўлди.
«Ислоҳотлар штаби» фаолияти тақдимоти чоғида маҳалла инспектори президентга маҳалла аҳолиси, аёл ва эркак, ёшга доир маълумотлар, кўп қаватли уйлар ва доимий қанча фуқаро яшаётгани, уларнинг қанчаси қайси вилоятдан экани каби маълумотлар жамланган дастурни кўрсатди.
Шавкат Мирзиёев ундан келгуси йил жиноят бўлмаслиги учун қайси хонадонда қандай иш қилаётгани ва қайси хонадон ҳамда ташкилотдан хавфсираши ҳақида сўради.
Инспектор маҳаллада хавфли ташкилот ва муаммо йўқлигини, шунингдек, 2025 йил охиригача ҳудудда бирорта жиноят содир бўлмаслигига ваъда беришини айтди.
Шундан сўнг давлат раҳбари шу ернинг ўзида бош вазирга ушбу инспекторга капитан унвонини бериш ҳақида топшириқ берди.
«Агар ҳар бир «участкавой» шундай ҳаракат қилса, бизда жиноят бўлмайди. Унвонни эртароқ беришга ҳуқуқим бор. Жасорат билан, ишонч билан айтяпсан, ҳаётингни шунга бағишлагансан. Мана сенга ўхшаганларни тарбия қилмоқчиман. Мана, сен назоратга олинган кадр бўлдинг. Капитанлик билан табриклайман! Унвон билан!» – деди Шавкат Мирзиёев.
Фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди
«Ўзбекистон фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Шахсларнинг яшаши учун уй-жой майдонини берувчи турар жой мулкдори ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга шахс ушбу шахсларни яшаш жойи ёки турган жойи бўйича ўз вақтида рўйхатдан ўтказиши керак.
Жойлаштириш воситаларида турган шахсларни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида рўйхатдан ўтказиш масъул ходимлар томонидан E-mehmon тизими орқали амалга оширилади.
Ўзбекистоннинг хорижда доимий яшовчи фуқаролари Ўзбекистонга кирган кундан 10 иш кунидан кечиктирмай яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши шарт.
Ўзбекистон фуқароларини яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида, давлат хизматлари марказларида ва my.gov.uz орқали амалга оширилади.
Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя этиш талаб қилинади.
Президент мустақилликнинг 34 йиллигига тайёргарлик кўриш бўйича қарор имзолади
«Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, миллий истиқлолнинг 34 йиллик шонли санаси Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт даражаси, жаҳон майдонидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб тарзда, юксак савияда нишонланади.
Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилади.
Мустақиллик байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ҳамда туманлар, қишлоқ ва овулларда муносиб нишонланиши таъминланади.
Ҳакерлар фуқаронинг банкка қўйган катта миқдордаги омонатини ўғирлади
Жиззахда фуқаро томонидан «Асакабанк» Жиззах вилояти филиалига омонатга қўйилган катта миқдордаги маблағ киберҳужум оқибатида ўғирланди.
Маълум бўлишича, 2023 йил 19 декабр куни фуқаро ва «Асакабанк» Жиззах вилояти филиали ўртасида омонат шартномаси тузилган. Унга кўра, фуқаро банкка 210 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларини омонатга қўйган.
Киберҳужум 2025 йил 26 май куни уюштирилган: «Асакабанк» мобил иловаси орқали омонатчининг номига расмийлаштирилган омонат ҳисобрақамидан 3 млрд сўмга яқин пул номаълум шахслар томонидан яширин равишда ечиб олинган.
Ҳолат бўйича Kun.uzʼга келиб тушган ҳужжатларда кўринишича, фуқаро банк омонат шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётганини билдириб, бу ишда банк ходимларининг ўзини айбламоқда. Яъни мижоз «Асакабанк»нинг Жиззах филиали ходимлари унинг номидан сохта банк омонати шартномаларини тузиб, ҳисобварақларидаги пулларни растрата қилиш йўли билан ўзлаштиришган, деб ҳисобламоқда.
Банк ходимлари эса омонат пулларининг киберҳужум орқали ечиб олинишига мижознинг мобил телефонига вирус орқали АРК файли ўрнатилганини сабаб қилиб кўрсатишган. Бунга жавобан омонатчи пуллар унинг эмас, банкнинг икки босқичли парол билан ҳимояланган ҳисобрақамидан ечиб олинганини билдирган.
Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан номаълум шахсларга жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид

23:48 / 10.07.2025
Тошкентда сув қувури кучли босим остида ёрилиб кетди, ўзбекистонликлар томонидан Шенген визаси учун топширилган аризалар сони ошди — маҳаллий дайжест

23:11 / 09.07.2025
Шавкат Мирзиёев 15-20 дақиқа тирбандликда қолиб кетди, Фарҳод бозорида товламачилик билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди — маҳаллий дайжест

23:35 / 08.07.2025
Ўзбекистонда IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш тартиби бекор қилинади, хориждан қайтган фуқаролар мажбурий тиббий текширувдан ўтказилади — маҳаллий дайжест

23:14 / 07.07.2025