Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
8461
3 дақиқада ўқилади

„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди

Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев инспектордан келгуси йил жиноят бўлмаслиги учун қайси хонадонда қандай иш қилаётгани ва қайси хонадон ҳамда ташкилотдан хавфсираши ҳақида сўради. Инспектор маҳаллада хавфли ташкилот ва муаммо йўқлигини, шунингдек, 2025 йил охиригача ҳудудда бирорта жиноят содир бўлмаслигига ваъда беришини айтган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги Янги Камолон маҳалласи инспектори бўлган катта лейтенантга капитан унвонини берди. Бу давлат раҳбарининг Шайхонтоҳур туманига ташрифи вақтида содир бўлди.

«Ўзбекистон 24» лавҳасида қайд этилишича, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла инспектори хонасида ситуацион марказ ташкил этилган. Унга кўп қаватли уйларнинг йўлакларидаги кузатув камералари ва ички ишлар тизимининг хавфсизлик дастурлари боғланган. Амалга оширилган ишлар натижасида бу йил маҳаллада бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган.

«Ислоҳотлар штаби» фаолияти тақдимоти чоғида маҳалла инспектори президентга маҳалла аҳолиси, аёл ва эркак, ёшга доир маълумотлар, кўп қаватли уйлар ва доимий қанча фуқаро яшаётгани, уларнинг қанчаси қайси вилоятдан экани каби маълумотлар жамланган дастурни кўрсатди.

Шавкат Мирзиёев ундан келгуси йил жиноят бўлмаслиги учун қайси хонадонда қандай иш қилаётгани ва қайси хонадон ҳамда ташкилотдан хавфсираши ҳақида сўради.

Инспектор маҳаллада хавфли ташкилот ва муаммо йўқлигини, шунингдек, 2025 йил охиригача ҳудудда бирорта жиноят содир бўлмаслигига ваъда беришини айтди.

«Хавфли ташкилотимиз йўқ. Чунки маҳалла еттилиги билан биргаликда хизмат олиб боряпмиз. Ҳеч қандай муаммо бўлмаяпти. Мен, катта лейтенант, шу маҳалламда 2025 йил охиригача маҳаллам еттилиги билан бирга бирорта жиноят содир бўлмаслигига ваъда бераман», – деган у.

Давлат раҳбари шу ернинг ўзида бош вазирга ушбу инспекторга капитан унвонини бериш ҳақида топшириқ берган.

«Агар ҳар бир „участкавой“ шундай ҳаракат қилса, бизда жиноят бўлмайди. Унвонни эртароқ беришга ҳуқуқим бор. Жасорат билан, ишонч билан айтяпсан, ҳаётингни шунга бағишлагансан. Мана сенга ўхшаганларни тарбия қилмоқчиман. Мана сен назоратга олинган кадр бўлдинг. Капитанлик билан табриклайман! Унвон билан!», – деди Шавкат Мирзиёев.

«Муҳтарам президент, рухсатингиз билан, сўзим охирида ички ишлар тизими ходимлари номидан Янги Ўзбекистонда Янги Камолон маҳалласи энг намунали маҳалла бўлишига мен сизга ваъда бераман. Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!» – деган капитанга айланган катта лейтенант.

Мавзуга оид