Жаҳон | 19:18 / 12.07.2025
3086
3 дақиқада ўқилади

Аш-Шаръа Бокуга келди: Озарбойжон Сурия газ таъминотига ёрдам бермоқчи

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Бокуда Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа делегациясини қабул қилди. Ташриф давомида эришилган келишувга кўра, яқинда Озарбойжон газини Туркия орқали Сурияга экспорт қилиш бошланади.

Фото: Озарбойжон президенти матбуот хизмати

Озарбойжон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, 12 июл куни бўлиб ўтган учрашувда Илҳом Алиев аш-Шаръанинг ташрифи – икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлишини билдирган.

«Суриядаги аввалги ҳокимият йиллар давомида Озарбойжонга нисбатан дўстона бўлмаган сиёсат юритган ва бу икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг сустлашувига олиб келган. Янги ҳокимият ўрнатилгач, Озарбойжон ва Сурия ўртасида ҳамкорлик учун катта истиқболлар очилди», деган Алиев.

Аҳмад аш-Шаръа эса Сурияга кўрсатаётган биродарлик ёрдами учун Илҳом Алиевга миннатдорчилик билдирди ҳамда Озарбойжонни ўз ерларини «босқинчиликдан» озод қилгани билан табриклаган.

Фото: Озарбойжон президенти матбуот хизмати

Ташриф давомида кутилган энг йирик келишувлардан бири Озарбойжоннинг Сурияни газ билан таъминлашга ёрдам беришига доир.

«Учрашувда Озарбойжон ва Сурия ўртасидаги энергетика соҳасидаги алоқаларнинг аҳамияти қайд этилди. Сурияда ҳозирда жиддий энергетик инқироз юзага келгани билдирилди. Шу нуқтаи назардан, яқин орада Озарбойжон газининг Туркия орқали Сурияга экспорт қилиниши бўйича лойиҳа амалга оширилиши, бу эса мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Озарбойжоннинг Сурия энергетика соҳасини тиклашда муҳим ҳисса қўшишга қодир экани эътироф этилди», дейилади Озарбойжон президенти матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, расмий ташрифи доирасида Озарбойжон давлат нефт компанияси (SOCAR) ва Сурия ҳукумати ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Фото: AZERTAG

Azetag нашрининг хабар беришича, меморандумни Озарбойжон иқтисодиёт вазири, SOCAR кузатув кенгаши раиси Микайил Жаббаров ва Сурия энергетика вазири Муҳаммад ал-Башир имзолаган.

5 июл куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Озарбойжоннинг Сурияни табиий газ билан таъминлашда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилганди.

«Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан учрашув чоғида у Сурияни табиий газ билан таъминлаш масаласида ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Илҳом Алиевнинг бу каби ёндашуви ниҳоятда муҳимдир. Чунки ҳозир Суриянинг энг жиддий муаммоларидан бири бу – газ танқислиги. Газ эса мамлакатни энергия билан таъминлаш учун зарур. Ҳозир Сурияда энергия билан боғлиқ муаммолар бор», - деганди Эрдўған.

Эрдўған таъкидлашича, Туркия ҳам Сурияга бу борада имкон доирасида ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. 

Мавзуга оид