Жаҳон | 15:28
2848
2 дақиқада ўқилади

Эрон президенти Исроилнинг июн ойидаги ҳужумида яраланган — Fars

Масъуд Пизишкиён Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши йиғилишидаги иштироки вақтида Исроил томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида оёғидан жароҳат олган.

Фото: Iranian Presidency Office

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Исроил томонидан 16 июн куни уюштирилган ҳужум вақтида оёғидан енгил жароҳат олган. Бу ҳақда Fars агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Исроил Теҳронга Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши йиғилиши вақтида зарба берган. Қайд этилишича, ҳужум учрашув ўтказилган бинонинг кириш қисмига уюштирилган. Эронлик юқори мартабали амалдорлар авариявий люк орқали эвакуация қилинган.

Агентликнинг ёзишича, ҳужум Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиларидан бири Ҳасан Насруллоҳни ўлдириш операциясига ўхшаш тарзда ишлаб чиқилган. Эрон расмийлари эҳтимолий агент кириб келган бўлиши мумкинлигига оид версиясини ўрганмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 13 июндан бошлаб Исроил Эронга зарба бериб, ядровий иншоотларга, юқори мартабали ҳарбий хизматчиларга ва ядровий соҳадаги олимларга ҳужум қилди. Эрон бунга жавобан Исроилга ракета ва учувчисиз учоқлар учирди. АҚШ 22 июнга ўтар кечаси можарога қўшилиб, Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий иншоотларга ракеталар ва бункерга қарши бомбалар билан зарба берди. Икки кундан кейин Эрон олдиндан огоҳлантириб, Қатардаги АҚШ ҳарбий базасига ҳужум қилди. 24 июн куни Исроил ва Эрон АҚШ босими остида ўт очишни тўхтатишга рози бўлди – гарчи бирмунча вақт ўзаро отишмалар давом этди.

Мавзуга оид