Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Файзуллаев ҳам Туркия чемпионатига ўтиши кутилмоқда
У Шомуродов билан бирга «Истанбул Башакшеҳир» сафида ўйнаши мумкин.

Фото: Дмитрий Голубович/Чемпионат
Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клуби ЦСКА билан ўзбекистонлик яримҳимоячи Аббосбек Файзуллаев трансфери борасида келишиб олди, деб хабар қилмоқда туркиялик журналист Осман Алтунтерим ўз саҳифаларида.
Манбанинг тасдиқлашича, армиячилар клуби ўзбекистонлик 21 ёшли футболчи учун 7 миллион евро ишлаб олади.
Файзуллаев ЦСКА сафида 2023 йилдан буён тўп суриб келмоқда. 2024/25 йиллар мавсумида у москваликлар сафида барча турнирлар доирасида 39 ўйинда майдонга тушиб, уч гол урди ва саккиз голга узатма берди. У якунланган мавсумда жамоаси билан Россия Кубоги ва Россия Суперкубогини қўлга киритди.
Файзуллаев икки йил муқаддам Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасидан ЦСКА сафига 500 минг евро эвазига трансфер қилинганди. Унинг Москва клуби билан шартномаси 2026 йилгача тузилганди. Ўтган давр ичида у ушбу жамоа либосида жами 72 та ўйин ўтказиб, 8 та гол ва 22 та голли узатма муаллифига айланди.
ЦСКА клуби ва СССР собиқ футболчиси Владимир Пономарёв Аббос Файзуллаевнинг Туркия чемпионатида муваффақият қозонишига шубҳа қилмоқда.
«Файзуллаев кетаверсин. У Туркия чемпионатига дош беролмайди, у жуда кичик. У аввал рақиб жарима майдончасигача кирарди, рақибларни дриблингда алдаб ўтиб, зарба бера оларди, энди эса шунчаки дам олмоқда.
Файзуллаев ҳозир «чаққон супурги», унинг ўйинида янгиликлар йўқ. Яримҳимоячи сифатида у нолга тенг, боши билан ўйнамайди. У Европа учун етарли даражада яхши эмас, Туркияда эса фақат ўртамиёна жамоаларга мос.
Уни «арзон мураббо» дейиш мумкин, аммо «чаққон супурги» кўпроқ мос келади», — деди Пономарёв «Советский спорт» нашрига.
Бундан олдинроқ, Ўзбекистон миллий жамоасининг бошқа бир футболчиси, ҳужумчи Элдор Шомуродов ҳам «Истанбул Башакшеҳир» клубига келиб қўшилганди. Турклар клуби уни «Рома»дан мавсум якунида сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олган.