Жаҳон | 15:08 / 17.07.2025
2898
2 дақиқада ўқилади

Фицо Россияга қарши янги санкциялар пакетини блоклаш билан таҳдид қилди

Братислава Европа Иттифоқи Россия газидан фойдаланишдан бутунлай воз кечган тақдирда Еврокомиссия кафолатисиз Россияга қарши санкцияларнинг 18-пакетини қўллаб-қувватламайди, деди Словакия бош вазири Роберт Фицо.

Роберт Фицо Фото: AP

16 июл, чоршанба куни Reuters агентлигининг хабар беришича, Европа Иттифоқининг Россияга қарши Украинада бошлаган уруш учун 18-санкция пакетини қабул қилишга бўлган сўнгги уриниши Словакия ветоси билан тўсиб қўйилди. Бу маълумотни Словакия бош вазири Роберт Фицо тасдиқлади. У Братиславанинг бу борадаги позициясини Европа Комиссиясининг (ЕК) 2028 йил 1 январга қадар Россиядан газ етказиб беришни тўлиқ тўхтатиш режалари билан изоҳлади. Европа Иттифоқининг RePowerEU деб номланган ташаббуси июн ойида эълон қилинган ва шундай тузилганки, уни қабул қилиш учун Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан бир овоздан қарор қабул қилиниши шарт эмас – кўпчилик овози етарли. «Москва энергиядан бизга қарши қурол сифатида фойдаланган ва Европа Иттифоқига аъзо давлатларни шантаж қилган», деб таъкидлади Брюссел.

«Словакия Республикаси ҳеч қачон газ таъминоти бўйича REPowerEU'ни қўллаб-қувватламайди, чунки бу Словакия уй хўжаликлари ва иқтисодиётига зарар етказади ва бутун Европа Иттифоқининг рақобатбардошлигини янада пасайтиради», деди Фицо X ижтимоий тармоғида эълон қилинган Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйенга очиқ хатида.

Унинг таъкидлашича, мамлакат Европа Комиссияси ташаббусига вето қўйишга қодир эмаслигини тушунади ва шунинг учун Братислава 2027 йилдан кейин «Россиядан газ етказиб бериш соҳасидаги хавфлар» бартараф этилмагунча, 18-санкция пакети бўйича овоз беришни кейинга қолдиришни сўрайди.

Reuters хабарига кўра, Словакия бош вазири ўз мамлакати билан "Газпром" ўртасидаги амалдаги шартномани 2034 йилгача сақлаб қолиш имконини берадиган истисно бўлишини истайди. Яна бир йўл — Братиславани энергия хавфсизлиги кафолатлари билан таъминлаш ва унга мумкин бўлган арбитраж хатарлари учун компенсация сифатида 20 миллиард евро ўтказиш, деди Словакия ТИВ раҳбари Юрай Бланар аввалроқ.

Мавзуга оид