Жамият | 21:37 / 17.07.2025
5367
4 дақиқада ўқилади

“Вагнер”га ёлланган ўзбекистонлик жиноий жазога тортилди

Ишлаш мақсадида Россияга борган 59 ёшли эркак ўша ерда қотиллик жинояти билан қамалган. У жазо муддатини ўтаётганда берилган таклифга асосан “Вагнер”га ёлланиб, Украинага қарши урушда иштирок этган. Ўзбекистонга қайтгач эса ихтиёрий равишда пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилган.

Фото: Дмитрий Григорьев

1966 йилда Қарши туманида туғилган Р.Д. «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёлланиб, урушда қатнашгани учун жиноий жазога тортилди.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, Р.Д. 2020 йил 27 феврал куни ишлаш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига борган. У ўша ерда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганликда гумон қилиниб, қўлга олинган. 2021 йил 10 август куни жиноят ишлари бўйича Подолский шаҳар суди томонидан айбли деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Р.Д. жазо муддатини Саранск вилоятининг Мардовия шаҳрида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида ўташни бошлаган. 2022 йил 21 сентябр куни у берилган таклифга асосан “Вагнер”га ёлланган ҳамда Украинага қарши урушда қатнашиш учун шартнома имзолаган.

Р.Д. 2022 йил 21 сентябридан 2023 йил 21 март кунига қадар Украинага қарши урушда иштирок этган. Сўнгра ҳарбий ҳаракатлардан озод қилиниб, содир этган жинояти учун афв этилган ҳамда “За отвагу” ва бошқа турли кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Судланувчи Р.Д. судда айбига тўлиқ иқрор бўлган.

«2013 йилдан буён Россияга бориб, мавсумий ишлаб келаман. Охирги марта 2020 йил 27 феврал куни Москва шаҳрига бордим. Қурилиш ишларида ишлаб, карантин бошлангани сабабли яшаш манзилимга қайта олмадим.

2021 йил сентябр ойларида Подолск туманида қурилишда ишлаб юрган вақтимда навоийлик шахслар билан вагон кўринишидаги ётоқхонада бирга яшаб келдим. Ётоқхонада спиртли ичимлик истеъмол қилиб келган шеригим билан ўзаро жанжаллашиб, жаҳл устида ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида Назар исмли кишининг кўкрак қисмига пичоқ санчиб олдим. Оқибатда Назар олган тан жароҳати туфайли вафот этди. Содир қилган жиноятим юзасидан менга нисбатан 2021 йил 10 август куни жиноят ишлари бўйича Подолск шаҳар суди томонидан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

2022 йил сентябр ойида мен жазо ўтаб келаётган муассасага “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси раҳбарлари келишди. Улар маҳкумлар орасидан ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун шартнома тузаётганликларини эшитдим. ЖИЭМ махсус сақлаш бўлими раҳбари менга урушга боришим учун номимни ёзиб юборишганини айтди. Мен Россия–Украина ўртасида бўлаётган урушда Россия тарафини олиб иштирок этиш таклифига рози бўлдим», деган эркак ўз кўрсатмасида.

«Вагнер» раҳбарлари унга ҳар ойда 100 000 рубл миқдорида ойлик маош ва Россия фуқаролиги берилишини, шунингдек, унга тайинланган жазони ўтамаслигини ваъда қилишган. Бу таклифга кўнган Р.Д. 2022 йил 21 сентябрдан 2023 йил 21 мартга қадар Украинадаги жанговар ҳаракатларда Россия тарафини олиб иштирок этган.

Эркак 2023 йил март ойидан 2025 йил мартига қадар Москва шаҳрида турли ишларда ишлаб юрган. 2025 йил 9 март куни эса “Москва–Самарқанд” йўналишидаги авиарейс орқали Ўзбекистонга қайтиб келган. Шундан сўнг 2025 йил 11 март куни содир этган жинояти хусусида ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармасига ихтиёрий равишда пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилган.

Суд Р.Д.ни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланиш) билан айбли деб топди ва унга нисбатан 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Унга қўлланган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан озод этилди.

Олдинроқ Россияда ишлаб юрган даврида ушбу мамлакат фуқаролигини олган ўзбекистонлик Украинага қарши урушда қатнашгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Мавзуга оид