Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тест тугаганидан кейин ОТМ ва таълим йўналишини танлаш тартиби қандай?
24 июлда янги ўқув йили учун ОТМга кириш имтиҳонлари якунланади. Шундан сўнг абитуриентлар бакалавриат учун қайси олийгоҳда қандай таълим шакли ва йўналишда ўқишини танлашлари керак бўлади. Бунга 15 кун вақт ажратилади. Хўш, жараён қандай кечади? Номзодлар нималар қилиши лозим?

Фото: Kun.uz
Ўтган ўқув йилидан бошлаб олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари 2 босқич: “аввал тест, кейин танлов” шаклида ўтиши белгиланганди. Яъни бунда дастлаб тестда иштирок этиш ва тестлар тўлиқ якунланганидан сўнг иккинчи босқичда олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шакли танланади.
Айни кунларда 2025-2026 ўқув йили учун ОТМга кириш синовлари давом этяпти, жараён 24 июлда тугайди. Кейин абитуриентлар 15 кун давомида, тахминан 7 август санасигача қайси олийгоҳга, қайси таълим йўналишида ўқишини белгилаши керак бўлади. Қуйида шунинг тартиби тушунтирилади.
1. Бунинг учун дастлаб my.uzbmb.uz платформасининг “Олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул” бўлимига кириб, “Хизматдан фойдаланиш” тугмаси босилади ва “ОТМ танлаш” бўлимига ўтилади.
2. Абитуриент “Танлов устуворлиги” ва “Мақсадли қабул” бўйича ўз танловини амалга оширади. Тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос бўлган бештагача ОТМ ва таълим йўналишини шакли билан бирга танлайди.
Бунда таълим йўналишларини бир ёки турли ОТМ доирасида танлаш мумкин.
3. Таълим йўналишлари танлангач, “Сақлаш” тугмаси босилди. Маълумотларни тасдиқлаш учун абитуриентнинг телефон рақамига СМС хабар юборилади. СМС хабардаги кодни дастурга киритиш орқали маълумотлар тасдиқланади.
4. Сўнг “Абитуриент қайд варақаси” шаклланади. Қайд варақада абитуриент танлаган танлов устуворлиги, таълим шакллари, ОТМ ва таълим йўналишлари акс этган бўлади. Юклаб олиш тугмаси орқали абитуриент қайд варақасини юклаб олиши мумкин.
Номзодлар таълим йўналишларини танлаш муддати якунлангунга қадар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ва қайд варақасини қайта юклаб олишлари мумкин.
Уларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани тўғрисидаги якуний танлов натижалари таълим йўналишларини танлаш тўлиқ якунлангандан сўнг, бир ҳафта муддатда эълон қилинади. Бу тахминан 14 август саналарига тўғри келиши мумкин. Бу борадаги аниқ маълумот Давлат комиссияси томонидан хабар қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат ОТМга қабул квоталари тасдиқлангани хабар қилинганди. Унга кўра, 2025-2026 йиллар учун бакалавриатга 35 500 нафар, магистратурага эса 9 922 нафар ўрин ажратилади. Қабул квоталари фақат кундузги таълим шаклига тегишли.