Жаҳон | 13:00
1163
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркиянинг ЕИга интеграциясини тезлаштиришни талаб қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Шимолий Кипрга қилган сафаридан сўнг, бошқа мавзуларни муҳокама қилиш чоғида журналистлар билан суҳбатда бирданига Европа интеграцияси мавзусини кўтариб, «Европа Иттифоқи Туркияга муҳтож», деди.

Фото: DHA

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған узоқ вақтдан сўнг яна бир бор ўз мамлакатининг Европа Иттифоқига қўшилиш истагини билдирди. «Туркия Европа Иттифоқининг сўнгги чиқиш жойидир. Дунё ўзгармоқда ва Европа аллақачон ўзгарган. Ўзимизни эскирган, интрузив сиёсий тўсиқлар таъсиридан халос қилиш учун бу Туркия учун янги даврни очадиган ва ЕИни келажакка олиб борадиган қадам бўлиши мумкин. Биз тўлиқ аъзоликка тайёрмиз», деди у 21 июл, душанба куни Шимолий Кипр Турк Республикасига сафари чоғида журналистларга. 

Учрашувда муҳокама қилинган бошқа масалалар қаторида, TRT Haber телеканали хабарига кўра, Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини қоралаш, Ғазо сектори аҳолисини қўллаб-қувватлаш, Суриядаги ўтиш даври ҳукуматининг қадамларини маъқуллаш ва Туркиянинг яқин 2-3 йил ичида янги авиаташувчи кемасини қуриш режалари бор.

Туркия 25 йилдан ортиқ вақтдан бери – 1999 йилдан бери Европа Иттифоқи аъзолигига номзод бўлиб келади. Олти йилдан сўнг бошланган музокаралар 2016 йилда сиёсий келишмовчиликлар ҳамда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ва демократик қонунбузарликлар танқиди туфайли тўхтатилган эди. Хусусан, Эрдўған 2004 йилдан бери Европа Иттифоқига аъзо бўлган Кипр Республикасини тан олмайди.

Туркия суди 16 июл куни Истанбулнинг собиқ мэри, 54 ёшли мухолифатчи Акром Имомўғлини Истанбул бош прокурори Акин Гурлекни «омма олдида ҳақорат қилгани» ва «қўрқитгани» учун бир йил-у 8 ойга озодликдан маҳрум қилди. Имомўғли 2025 йилнинг 19 мартида порахўрлик ва жиноий ташкилотга раҳбарлик қилганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Мавзуга оид