Жамият | 18:16 / 23.07.2025
4695
8 дақиқада ўқилади

“Жиловланмаётган” жиноят: соддалик чегараси ва пихини ёрган фирибгарлар

“1 млн сўм берсангиз бир соатда 25 млн сўмга кўпайтириб бераман” – ушбу ваъдага ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг кўзи тушган. Ҳатто юзлаб инсонлар бу рост экани, пулини “катта пулга” айлантириб олгани ҳақида видеолавҳалар эълон қилмоқда. Ҳақиқатан ҳам шунақа йўл билан пул кўпайтириш мумкинми? Ҳа, мумкин: фақат трейдер ниқобидаги фирибгарнинг пули кўпаяди. Мақола содда одамлар ва сохта трейдерларнинг алдов схемаси ҳақида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда трейдер ниқоби остидаги фирибгарлар яна фаоллашди. Улар одамларни пулини бир соатда 20 бараварга кўпайтириб бериш ваъдаси билан чув туширмоқда. Ушбу ёлғонга алданиш учун эса инсон камида чилтор куй чалса ғоз ростдан ҳам тилла тухум қўйишига ишониш даражасида содда бўлиши керак. Афсуски, ана шунақа содда одамларнинг борлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тезкор реакция кўрсатмаслиги фирибгарлар тегирмонига сув қуймоқда.

Пул “машинаси”

Telegram’даги “Uzbekistan investuz” гуруҳи ана шунақа фирибгарлик гуруҳларидан бири. 2025 йилнинг 21 апрел куни ташкил этилган, 43 мингдан ортиқ аъзоси бор гуруҳ 3 ойдан буён фаол ҳолатда.

Ўзини трейдер деб тақдим этаётган шахслар одамларга бир нечта тарифда пулларини кўпайтириб беришни ваъда қилмоқда. Уларнинг бу ёлғонига эса юзлаб одамлар алданяпти.

Сохта трейдер билан мижоз сифатида суҳбатлашиб кўрдик. У пулни дунё бозорида акциялар олди-сотдисидан кўпайтиришини, бу хизмат бўйича лицензияга эга эканини билдирди.

“Мен дунё бозорларида, айниқса, Forex бозорида акциялар олди-сотдиси билан шуғулланиб келаман. Яқинда жамоамиз билан дастур яратдик. Дастурнинг ичида сунъий интеллект бор. Киритган сармоянгизни узоғи билан 60 дақиқада 20 бараваргача кўтариш имконияти бўлади”, дейди у.

Аслида сохта трейдернинг ушбу изоҳи унинг гаплари ёлғон, ўзи эса фирибгар эканини кўрсатиб турибди. Forex, акция бозори ва сунъий интеллект ҳақида етарлича тушунчага эга бўлмаганлар бу алдовга чув тушмоқда.

3 қадам ва блок

Биринчи қадам сифатида “мижоз”ларга 5 та тариф таклиф этилади. Улар 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача бўлган тарифлар. Масалан, 1 млн сўм тўлаган одамга пули бир соатдан сўнг 30 млн сўмгача кўпайтириб берилиши ваъда қилинади.

1 млн сўм пули бир соатда 30 млн сўмга айланишини эшитган содда одамлар дарҳол тарифлардан бирини танлаб, бунга розилик билдиради. Фирибгар эса иккинчи қадам сифатида пул ўтказилиши керак бўлган карта рақамни айтади. Ушбу банк карталари одатда бирор шахсга 100-200 доллар бериб, унинг номига очиб олинган бўлади.

Танланган тариф бўйича белгиланган сумма айтилган картага ўтказилгач, фирибгар бироз кутишни билдиради. 10-15 дақиқадан сўнг у катта ютуқ чиққанини маълум қилади.

Сохта трейдер навбатдаги қадам сифатида комиссия тўловини амалга оширишни талаб қилади. “Табриклаймиз, ҳурматли мижоз. Сизга катта миқдорда ютуқ чиқди. Ютуқни олиш учун карта рақамингизни айтинг. Фақат ютуқ комиссия тўлови тўлангач ўтказиб берилади”, дейди у.

Бу шу туришдаям қармоққа илинган балиқ оғзидан иккинчи бор илмак ўтказишдай гап. Масалан, 25 млн 693 минг сўм учун 1 млн 284 минг сўм комиссия тўлови сўралган.

Пул ўз-ўзидан кўпайишига ишониб, фирибгар тили билан айтганда инвестиция киритган мижоз шу тариқа қопқонга тушади. Унда икки йўл бўлади: бири – тўлаган пулидан воз кечиш ҳамда шу нуқтада тўхташ; иккинчиси – яна бир таваккал қилган ҳолда комиссия тўловини тўлаш. Аксарият одамлар ишонишда давом этади ва комиссия тўловини тўлайди. Бу чув тушишнинг сўнгги нуқтаси: шундан сўнг фирибгар алданган шахсни блоклаб қўяди.

Ишончли экан”

“Uzbekistan investuz” гуруҳида 700 дан ортиқ қисқа видеолавҳалар юкланган. Уларнинг барчаси Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшовчи фуқаролар томонидан ўзини ўзи тасвирга олиш шаклида ёзиб олинган.

Барча видеолавҳаларда фуқаролар Uzbekistan investuz ишончли экани, унга пул тикиб, катта ютуққа эга чиққани, ютуқни олгани ҳақида гапирган.

Масалан, улардан бири шундай дейди:

Бир ҳафтадан буён ишлаяпман, ҳалол ва рост экан. Жудаям хурсандман. Мана, ҳозир пулларимни ечгани кетяпман. Бундан ташқари, бир ҳафтадан бу ёғига Сирдарё вилоятидан 30 фоизлик бошланғич тўловини қилиб, ўзимнинг номимга уй чиқариб қўйдим. Яна 10 кун ишлаб, ҳамма тўловларини қилиб, кириб яшаётганимни ҳам видео қилиб ташлаб бераман.

Бугуннинг ҳисобига 1,5 минг доллар картамга тушди. Ўшани ечиб олиб, ҳали улар билан кўп ишламоқчиман. Бошида ишонмагандим мен ҳам. 300 минг сўм инвестиция киритиб, иш бошлаганман. Ҳозирда 1,5 минг долларга чиқди ишлаган пулларимиз”.

Яна бир фуқаро эса 400 минг сўм тикиб, 16 млн сўм ютганини айтган:

Мен 400 минг сўм депозит қилдим. Менга катта ютуқ чиқди – 16 млн сўм. Ўзим ҳам кутмаган эдим, картамга ташлаб беришди. Бошида ишонмаган эдим. Лекин ҳаққоний экан. Ҳамма уриниб кўрсин”, деган у.

Бу каби видеолавҳа ёзиб берганлар орасида ўқитувчилар, ҳайдовчилар, талаба ва ёшлар, сотувчилар ҳамда бошқа касб эгаларини кўриш мумкин. Улар ўзлари айтгани каби ростдан ҳам пулини кўпайтириб олишганми? Йўқ. Аслида видеолавҳалардаги бу шахслар сохта трейдерга чув тушганлар ҳисобланади.

Гап шундаки, фирибгар пулни кўпайтириб беришни ваъда қилиш жараёнида бу ишончли экани, ютуқ тўлаб берилгани ҳақида видоелавҳа тайёрлаб беришни сўрайди. Пул тўлаб қўйганлар ўзини ўзи тасвирга олиб жўнатади. Фирибгар эса қўлга киритган видеолавҳаларидан бошқаларни алдашда фойдаланади.

Соддалик ҳам эви билан-да

Сохта трейдерларнинг чув тушириш схемаси жуда оддий. Бунга ишониш ва алданиш учун инсон жуда содда бўлиши керак. Бу даражадаги содда одамни ҳеч иккиланмасдан “туғма жабрланувчи” деса бўлади. Бироқ ёлғон схемаси қанчалар оддий бўлмасин, унга ишонаётганлар юзлаб, балки минглаб топилмоқда.

Аслида бу шунчаки бир фириб эканини, пул ўз-ўзидан бир соатда 20 баравар кўпайиб қолмаслигини англаш учун инсон ўзига биргина саволни бериб кўриши кифоя: агар 1 млн сўм пулни бир соатда 25 млн сўмга айлантириш мумкин бўлса, нега трейдер бу ишни ўзи қилиб бойиб кетавермайди? Нега у қўлида шунақа имконият бўлган ҳолда бировнинг пулини кўпайтириб бермоқчи?

Бири қўйиб бошқа молиявий пирамидаларга, пул кўпайтириш схемаларига алданаётган ана шу каби содда одамларга қарата бир гапимиз бор: соддалик ҳам эви билан-да!

Жиловланмаётган” жиноятлар

Telegram’даги “Uzbekistan investuz” гуруҳи 3 ойдан буён фаол ҳолатда ва ҳар куни янги видеолар эълон қилмоқда. Бу ушбу ёлғонга ҳар куни кимлардир чув тушяпти дегани. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар негадир ушбу гуруҳ фаолиятини тўхтатиш, парда ортида турган фирибгарларни аниқлаш ва ушлаш бўйича тезкор ҳаракатларни амалга оширмаган.

Аслида ижтимоий тармоқларда сохта трейдерлар томонидан очилган “Uzbekistan investuz” каби ўнлаб гуруҳ ва каналлар ишлаб турибди. Kun.uz бир йил олдин ҳам айни шу йўналишда одамларни алдаётганлар ҳақида суриштирув эълон қилганди. Бу каби жиноятлар “жиловланмас” экан, унга алданадиганлар топилаверади.

Kun.uz юртдошларимизни яна бир бор бундай ёлғонлар ва фирибгарлик схемаларига ишонмасликка чақириб қолади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид