Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўлимлар, иқтисодий йўқотиш ва катта харажатлар – аномал об-ҳаво Марказий Осиёга жиддий хавф солмоқда
Минтақа аҳолиси ёзнинг энг иссиқ кунларини яшамоқда. Йилдан йилга ҳаво ҳарорати ошиб, яшаш учун ноқулайликни оширяпти. Жаҳон банки эълон қилган ҳисоботга кўра, агар беш давлат ҳозирданоқ бунга қарши ҳаракат қилмаса, ЯИМнинг 2,5 фоизи иқлимни деб йўқотилади. Kun.uz билан гаплашган иқтисодчи ва экологга кўра, аномал иссиққа ёзгача тайёргарлик кўриб қўйиш керак эди.

Иссиқ об-ҳаво одамларни яшаб турган жойидан кўчишига сабаб бўляпти, иссиқдан ўлаётганлар ҳам кам эмас. Яқиндагина Жаҳон банки эълон қилган тадқиқотда келишича, Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг бундай ортиб бориши одамлар ҳаётига хавфларни кўпайтиради ва иқтисодиётга зарар олиб келади. Яқин келажакда иқлим ўзгариши ёмон оқибатлар яратишидан жиддий хавотирлар аллақачон мавжуд.
Иқтисодчи Валижон Тўрақуловга кўра, ҳаво ҳароратининг бундай кўтарилиши ишчи кучининг йўқотилишига сабаб бўлади. Чунки ҳар қандай одам қулай муҳит ва меҳнат шароитларини хоҳлайди. Доимий шароитларнинг йўқотилиши ва аномал иссиқни деб ишини тарк этувчилар сони ошиб кетиши мумкин.
Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиёнинг 70 та шаҳрини қамраб олган навбатдаги тадқиқоти натижаларини эълон қилди.
Унда ёзилишича, 2023 йилда минтақада ҳаво ҳароратининг кўтарилиши 87 мингдан ортиқ иш ўрни йўқолишига олиб келган. Шундан 22 мингдан ортиғи Ўзбекистонда, 18 мингга яқини Озарбойжонда қайд этилган.
2050 йилгача Европа ва Марказий Осиёдаги йирик шаҳарларда иссиқ кунлар сони уч баробаргача ошиши мумкин. Ҳарорат тўлқинлари қариялар, болалар ва кам таъминланган аҳоли учун катта хавф туғдиради. Бундай ҳолатларда тез тиббий ёрдам бўлимлари ва шифохоналарга юклама кескин ортади, сурункали касалликлар кўпаяди.
Ҳаддан ташқари иссиқ ҳарорат ишлаб чиқариш ускуналари, электр тармоқларига жиддий зарар етказади. Етказиб бериш занжирларига салбий таъсир қилади. Одамлар ва ишчиларнинг жисмоний ва ақлий самарадорлик сифатини туширади.
Шу билан бирга, иш соатлари камайиш эҳтимоли юқори бўлади. Айниқса, бу қурилиш, транспорт, туризм соҳаларида кўпроқ кузатилиши мумкин. Транспорт тизимлари ишдан чиқиши, қурғоқчилик, ёнғинлар хавфи, ҳаво сифати ёмонлашуви ва энергия таъминотида узилишлар кузатилади.
2090 йилга бориб Марказий Осиёнинг бир қанча йирик шаҳарлари, жумладан, Остона ва Тошкентда ҳавонинг иссиқлиги туфайли умумий ўлим йилига 10 мингдан 23 мингтагача етиши ҳам мумкин.
Қирғизистонлик эколог, тиббиёт фанлари номзоди Калия Молдогазиевага кўра, ҳеч қайси давлат бу йилги аномал иссиқ ёзга тўғри тайёргарлик кўрмаган.
“Биласизми, мен эксперт сифатида бундай тайёргарликни сезмаяпман. Ҳамма ҳаракат қилмоқда, албатта, ҳокимият даражасида, транспорт соҳасида нимадир қилинмоқда. Лекин барибир оддий шаҳарликлар ҳам Бишкекда нега дарахтлар қурий бошлаганини сўрашмоқда. Шаҳар хизматлари ҳам суғоришяпти. Бундан ташқари, Ёш гвардия хиёбони ҳам бор, у ерда яшовчилар яқинда экилган дарахтлар қуриб қолаётганидан шикоят қилишди ва улар ҳам мэрияга мурожаат қилишди, у ерда ҳам суғоришни бошлашди. Шунинг учун, афтидан, ҳеч қандай тайёргарлик бўлмаган. Тепадагилар бу одатдаги ёзга ўхшайди деб ўйлашганди, лекин ундай эмас. Эндидан ёзларга алоҳида тайёргарлик кўриш керак. Энди ҳар ёз шундай бўлиши аниқ, йилдан йилга буларнинг барчаси кучайиб боради. Сизда ҳам, бизда ҳам, умуман Марказий Осиёда ҳам”, - дейди эколог.
Европа ва Марказий Осиёда яшовчи аҳолининг 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Сўнгги 20 йилда ўн минглаб одамлар иссиқлик билан боғлиқ сабаблар туфайли ҳалок бўлган. Агар ҳеч қандай чора кўрилмаса, иссиқлик оқибатида иқтисодий йўқотишлар 2050 йилга бориб ялпи ички маҳсулотнинг 2,5 фоизигача етиши мумкин.
Минтақанинг тўққизта шаҳри, шу жумладан, Туркманистоннинг Ашхободида иссиқлик сабаб йиллик иқтисодий йўқотишлар ЯИМнинг 2 фоизидан ошиш эҳтимоли катта.
Қирғизистонда экстремал ҳарорат ҳар йили 200 километрга яқин йўлларнинг шикастланишига олиб келади. Бу эса таъмирлаш учун катта харажатларни келтириб чиқаради ва транспорт инфратузилмасига боғлиқ бўлган иқтисодий фаолиятни издан чиқаради.
Ашхободда жазирама билан боғлиқ ортиқча ўлимлар барча ёш гуруҳлари учун йилига ҳар 100 минг кишига 25-28 ҳолатни ташкил этади. Остона, Бишкек ва Тошкентда эса бу кўрсаткич 19-21 тагача етади.
Тадқиқотда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Самеҳ Ваҳба масала юзасидан фикр билдирган. Унинг таъкидлашича, ҳарорат кўтарилиши ва иссиқ тўлқинлар тобора одатий ҳолга айланар экан, шаҳарларда яшаш қийинлашади.
Ҳисоботда ёзилишича, иссиқлик таъсирини камайтириш учун шаҳарларда қуйидаги чораларни кўриш керак:
- эрта огоҳлантириш тизимларини яратиш;
- тез тиббий ёрдам хизматларини ривожлантириш;
- аҳоли эҳтиёж сезаётган жойларда совитиш марказлари ташкил этиш;
- иссиққа чидамли қурилиш материалларидан фойдаланиш,
- инфратузилмани режалаштиришда экстремал об-ҳаво шароитларини ҳисобга олиш.
Таҳлилда муваффақиятли ечимлар учун аниқ сиёсий ирода, мувофиқлаштириш ва барқарор молиялаштириш зарурлиги келтирилган.
Мавзуга оид

20:03 / 24.07.2025
Ниҳоят: келаётган ҳафтада салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда

10:04 / 23.07.2025
Иқлимшунос: “Кузатилаётган иссиқ об-ҳаво аҳоли уйқусига салбий таъсир қилмоқда”

09:50 / 17.07.2025
Жазирама кунларда қандай тавсияларга амал қилиш лозим?

10:21 / 16.07.2025