Жаҳон | 07:24
1694
2 дақиқада ўқилади

Австрия Россия туфайли бетарафликдан воз кечишни муҳокама қилиши мумкин

Австрия расмийлари НАТОга аъзолик масаласини муҳокама қилиш ва мамлакатнинг конституцияда мустаҳкамланган нейтрал мақомидан воз кечиш учун очиқ. Сабаби Россиянинг агрессив сиёсати, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Беате Майнл-Райзингер.

Фото: Michael Gruber/BMEIA

Австрия расмийлари Россия таҳдиди туфайли мамлакатнинг нейтрал мақомидан воз кечиш ва НАТОга қўшилиш масаласини муҳокама қилишга тайёр. Бу ҳақда Австрия ташқи ишлар вазири Беате Майнл-Райзингер Германиянинг Die Welt газетасига берган интервюсида айтиб ўтди.

«Бетарафликнинг ўзи бизни ҳимоя қила олмаслиги аниқ. Глобал хавфсизлик вазияти тобора ноаниқлашиб бораётгани ва Россиянинг тобора тажовузкор бўлиб бораётгани фонида Австрия бизнинг мудофаа салоҳиятимиз ва ҳамкорлигимизга киритилган сармоялар билан ҳимояланган», — деди Майнл-Райзингер.

«Аслида, мен Австрия хавфсизлиги ва мудофаа сиёсатининг келажаги ҳақида жамоатчилик муҳокамасига очиқман. Ҳозир парламентда ёки аҳоли орасида НАТОга аъзо бўлишни кўпчилик қўллаб-қувватламайди, шунга қарамай, бундай муҳокама жуда самарали бўлиши мумкин», — дея давом этди ташқи ишлар вазири.

1955 йилда Австрия бетарафлигини эълон қилди, иттифоқчи қўшинлар, шу жумладан СССР у ердан чиқиб кетди. Ўша пайтда Австрия ўз мустақиллигини тиклади ва конституцияда «доимий бетарафлик» тўғрисидаги қоида мустаҳкамлаб қўйилди. Австрия НАТО аъзоси эмас, лекин алянс билан, масалан, «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» дастури доирасида ҳамкорлик қилади.

Мавзуга оид