Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига янги раҳбар тайинланди
Эъзозхон Каримова президент администрацияси раҳбарига ўринбосар бўлиб кетган Ҳилола Умарова ўрнини эгаллади.

Фото: Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон президентининг фармони билан Эъзозхон Ғофуржоновна Каримова Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимига тасдиқланди.
Эъзозхон Каримова номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.
Эъзоза Каримова 1973 йили Наманган вилояти Наманган туманида туғилган. 1990–1996 йилларда Тошкент давлат университетининг фалсафа факултетида таҳсил олган.
Каримова 2021–2021 йилларда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги бўлими бошлиғи, 2021–2023 йилларда Президент таълим муассасалари агентлиги директори маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.
2023−2024 йилларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги «Янги Ўзбекистон» университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори вазифасида фаолият юритган.
2024−2025 йилларда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаган.
2025 йил майида мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари – Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори этиб тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабридан буён вазирликка раҳбарлик қилиб келган Ҳилола Умарова 2025 йил июнида президент администрацияси раҳбарига ўринбосарликка ўтгач, вазирлик лавозими бўш қолаётганди.
Маълумот учун, мазкур вазирлик раҳбари энг кўп ўзгарувчи вазирликлардан бири бўлиб қолмоқда: Каримова сўнгги ўн йиллик ичида ушбу лавозимдаги бешинчи вазир бўлди. 2013–2018 йилларда Улуғбек Иноятов, 2018–2021 йилларда Шерзод Шерматов, 2021–2022 йилларда Бахтиёр Саидов, 2022–2025 йилларда Ҳилола Умарова ушбу вазирликка раҳбарлик қилганди.