Жамият | 12:11
1333
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳолининг овқатланиш ҳолати баҳоланмоқда

Тўпланган маълумотлар асосида миллий даражадаги дастурлар ва ташаббуслар ишлаб чиқилади. Улар овқатланиш сифатини яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган мақсадли ахборот кампанияларини тайёрлаш ва мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилади. 

Фото: Life-Pics.ru

Ўзбекистонда овқатланиш соҳасида ISCAD (International Strategic Center for Agri-Food Development) ташкилоти томонидан Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳузуридаги Delivery Unit офиси билан ҳамкорликда кенг қамровли тадқиқот олиб борилмоқда

Лойиҳанинг мақсади аҳолининг овқатланиш одатлари ва рационини ҳар томонлама баҳолаш, соғлиққа таъсир қилувчи билимлар, хулқ-атвор омиллари ва объектив тиббий кўрсаткичларни ўрганишдан иборат.

Тадқиқот халқаро KAP Survey (билим, муносабат ва амалиётларни баҳолаш) методологиясига асосланган бўлиб, антропометрик ўлчовлар, клиник ва тиббий текширувлар, биокимёвий маълумотларни йиғиш ҳамда респондентларнинг соғлиғи тарихи бўйича маълумотлар тўплашни ўз ичига олади. Ҳозирги кунгача мамлакат бўйлаб 13 мингдан ортиқ хонадонлар ушбу тадқиқотда иштирок этган.

Замонавий тиббиёт илми овқатланишни ҳаёт сифати ва сурункали юқумли бўлмаган касалликларга чидамлиликни белгиловчи асосий омиллардан бири деб тан олади. Мавжуд маълумотларга кўра, саломатликнинг ёмонлашуви ҳолатларининг аксарияти турмуш тарзи, хусусан, номутаносиб овқатланиш ва жисмоний фаолликнинг етишмаслиги билан боғлиқ. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2014 ва 2019 йиллардаги STEPS тадқиқоти маълумотлари таҳлили шуни кўрсатдики, бу даврда туз истеъмол қилувчилар улуши 15,6 фоиздан 36,6 фоизга ошган, тавсия этилган миқдорда сабзавот ва мева истеъмол қилмайдиганлар улуши 67,2 фоизни ташкил этган, ортиқча вазн ва юқори қон босими билан яшовчилар сони ҳам сезиларли даражада ошган. Ушбу тенденциялар соғлом овқатланиш моделига ўтиш зарурлигини яққол кўрсатмоқда. Нотўғри овқатланиш организмда моддалар алмашинуви бузилишларига олиб келиши, қон таркибида шакар ва холестерин миқдорининг кўпайиши орқали умумий соғлиққа салбий таъсир кўрсатиши ва соғлиқни сақлаш тизимига юкни ошириши мумкин.

Тадқиқот доирасида қуйидаги 5 йўналиш бўйича маълумотлар тўпланмоқда: аҳолининг овқатланиш бўйича билим ва амалиёти; антропометрик кўрсаткичлар (бўй, вазн, тана массаси индекси), биокимёвий параметрлари (қон таркибидаги шакар, холестерин, микроэлементлар), клиник саломатлик ҳолати, шунингдек, индивидуал ва оилавий тиббий тарих, ижтимоий ва маиший шароитлар. Ушбу маълумотлар аҳолининг соғлом овқатланиш тамойиллари бўйича хабардорлик даражасини, ортиқча вазн ва етарли овқатланмаслик ҳолатларини, ижтимоий ва хулқ-атвор омилларининг таъсирини, шунингдек, ҳудудий хусусиятларни аниқлаш имконини беради.

Тўпланган маълумотлар асосида миллий даражадаги дастурлар ва ташаббуслар ишлаб чиқилади. Улар овқатланиш сифатини яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган мақсадли ахборот кампанияларини тайёрлаш ва мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилади. Бундай тадқиқотлар халқаро амалиётда жамоат саломатлиги соҳасидаги ёндашувларни шакллантиришда муҳим ўрин эгаллайди. Улар рациондаги ўзгаришларни кузатиш, илгари қабул қилинган чораларни баҳолаш, ёндашувларни такомиллаштириш ва барқарор натижаларга эришиш имконини беради.

Мавзуга оид