Жамият | 21:03 / 25.07.2025
2839
5 дақиқада ўқилади

Иқтисодий етишмовчилик, менталитет ва негативлик – ўзбекистонликлар руҳиятидаги тушкунлик сабаби нима?

Mental state of the world халқаро тадқиқотига кўра, Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг руҳий саломатлиги жойида эмас. Республикалар энг охирги ўнталикдан жой олган, рўйхатнинг бошидаги давлатлар аҳолиси ҳам ойнинг 21 кунида соғлом ҳаракатланиши айтилган. Kun.uz суҳбатлашган психолог, жамиятшунослар фикрича, мамлакатимиз аҳолисининг тушкун кайфиятига аввало иқтисодий етишмовчиликлар сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, йод етишмаслиги, сунъий озиқ-овқат маҳсулотлари ва менталитет қўйган чегаралар одамларни ортиқча асабийлаштиряпти.

Марказий Осиё аҳолиси руҳий соғломлар эмас, бу борада тадқиқот ўтказилди ва унда Ўзбекистон ҳам охирги ўринларда турибди. Ҳозир шу тадқиқотга ҳам тўхталиб ўтамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистон аҳолисининг руҳий саломатлиги жойида эмас, бу бўйича дунё рейтингида давлатимиз охирги ўринларда қолиб кетди. Mental state of the world халқаро тадқиқоти рўйхатида Ўзбекистон 83 давлат ичида 74-ўринда турибди. Бу билан республика қўшнилари Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан олдинда. Умуман, Марказий Осиё давлатлари орасида руҳий саломатлик ҳолати оғирлигича қолмоқда. Рейтингда:

·       Қозоғистон – 76-ўрин;

·       Қирғизистон – 79-ўрин;

·       Тожикистон – 80-ўрин.

Дунё бўйича ўртача руҳий ҳолат индекси 63 баллни ташкил қилмоқда. Бу инсонлар ойда тахминан 21 кун давомида ўзини барқарор ва фаол ҳис қилишини англатади. Аммо Марказий Осиё давлатлари бу кўрсаткичдан анча ортда қоляпти. Ўзбекистон 54,5 баллни, Қирғизистон ва Тожикистон 51,2 баллни қўлга киритган. Қозоғистон эса 52,3 балл билан Бразилия, Жанубий Африка республикаси ва ҳаттоки Афғонистон билан деярли бир даражада.

Уруш бўлаётганига қарамай, Украина, Россия фуқаролари ижобий натижа кўрсатган, Исроил фуқаролари руҳий соғломлик бўйича 4-ўринда.

Мутахассислар фикрича, одамларнинг руҳий ҳолати ёмонлашишига бир вақтнинг ўзида бир нечта омиллар сабаб бўляпти: хавотир, тушкунлик, чарчоқ, ёлғизлик ва ҳал қилинмаган ички муаммолар. Бугунги кунда дунё бўйича ҳар саккиз кишидан бири, яъни 8 миллиард аҳолининг 1 миллиардга яқини руҳий касалликка чалинган. Бунда ўсмирлар энг заиф қатлам ҳисобланади, чунки руҳий муаммоларнинг ярми 14 ёшгача бошланади.

Kun.uz билан суҳбатлашган психолог Мадина Шукуровага кўра, аввало аҳолининг тиббий саломатлиги жойида эмас. Одамларда йод танқислиги мавжуд.

Бизнинг ёшлигимизда йод тарқатишарди, ҳозир шундай дастурлар умуман ишламаяпти. Бундан ташқари, ҳаммамиз ҳар куни ахборотнинг тўлқинига дуч келамиз, айниқса ухлашдан аввал турли ахборотларни кўздан кечириш ва ортиқча ижтимоий тармоқдан фойдаланиш – кунлик биоритмларнинг бузилишига олиб келади”, дейди психолог Шукурова.

Унинг қўшимча қилишича, бугун одамлар истеъмол қилаётган сунъий озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам умумий организм ҳолатига ўта салбий таъсир қилмоқда.

Жамиятшунос Маҳмуд Йўлдошев фикрича, мамлакатдаги тушкун кайфиятнинг асосий сабаби – иқтисодий етишмовчиликларда. Бироқ меҳнат билан банд бўлган инсон тушкун юрмайди, дейди у. Давлат ресурсларни тўғри тақсимлаши, таълимга, ёшлар, қарияларга ва келажакка инвестицияларни тўғри ажратиши муҳим, дея қўшимча қилади социолог.

Психотерапевт-нарколог Зебинисо Аҳмедованинг айтишича, халқни бугунги кунда фақат мотивация бериш билан чалғитишнинг иложи йўқ. Семизлик, наркомания, шахсий биоритмларнинг бузилиши, кўп фарзандлилик – буларнинг ҳаммаси одамларда стресс уйғотмоқда. Айниқса, қариликнинг нотўғри тушунилиши ва қариялик даври – катта муаммолардан, дейди психиатр.

Бизда қари деганда касал ётган, 7-8 йилдан бери тўшакка михланган ва ўғли-келини, қизи унга қараган бир инсон тушунилади. Қарилик бўйича энг оғир инқирозли даврдамиз, аслида қарилик ҳам соғлом бир давр эканини Япония, Корея исботлади. Қарилик фақат инқиллаш эмас”, дейди Зебинисо Аҳмедова.

Маҳалла ва хотин-қизлар фаоли Умида Якубовага кўра, биздаги менталитет одамлар руҳиятидаги тартибнинг бузилиши асосий сабабларидан.

Кимга қарасанг, иқтисодий етишмовчилик, ойлик етмаяпти, пенсия етмаяпти дейди. Одамлар бир-бирини чайнаган, қудасини чайнаган, куёвини чайнаган. Узатилган қизлар 2 ой бўлар-бўлмас қайтиб келади. Ажримлар сони ҳам кўпайиб бормоқда, одамлар бир-бирини тушунмайди. Буларнинг ҳаммаси умумий руҳий саломатликка таъсир қиляпти”, дейди Умида Якубова.

Суҳбатдошларнинг қўшимча қилишича, айниқса, ҳамма нарсага салбий қараш – негативлик ҳам умумий кайфиятни бузмоқда.

Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид