Жаҳон | 10:37 / 12.06.2025
2124
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги можаролар сони 1946 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга етди

Дунёда давлатлар иштирокидаги можаролар сони ўсишда давом этмоқда ва Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери энг юқори кўрсаткичга етди.

Фото: Stringer/REUTERS

Дунё бўйлаб камида битта давлат иштирок этган урушлар ва можаролар сони 2024 йилда янги чўққисига чиқди. 36 та давлатда 61 та можаро содир бўлди, бу Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери ҳар қандай йилдагидан кўп. Бу ҳақда Ослодаги Тинчлик тадқиқотлари институти (PRIO) олимларининг 11 июн, чоршанба куни чоп этилган тадқиқотида айтилади.

Тадқиқотда қайд этилишича, сўнгги йилларда можаролар сони ўсишда давом этмоқда. 2022 йилда 56, 2023 йилда эса 59. Ўтган йили 61 давлатлараро можародан 11 таси кенг кўламли урушлар бўлган. 2024 йилда «икки уруш ҳукмронлик қилди», деб ёзади муаллифлар: Россиянинг Украинага бостириб кириши, уларнинг маълумотларига кўра, 76 мингга яқин, Ғазодаги уруш эса 26 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган.

PRIO ўзининг «Можаролар тенденциялари: глобал шарҳ» ҳисоботида можаролар туфайли қурбонлар сони 2023 ва 2024 йилларда тахминан бир хил — 129 минг кишига яқин бўлганини ёзади. Бироқ, зўравонлик даражаси сўнгги уч ўн йилликдаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори эди. Умуман олганда, 2024 йил 1989 йилда совуқ уруш тугаганидан бери қуролли можаролар қурбонлари сони бўйича тўртинчи йил бўлди, деб ёзади PRIO.

Ҳисобот муаллифлари, шунингдек, ҳукумат уришаётган томонлардан бири бўлган алоҳида давлатлар ичида можароларнинг кучайишини хавотирли деб атайди. Тадқиқотга кўра, Африка урушлардан энг кўп азоб чекишда давом этмоқда, 28 та давлат тўқнашуви қайд этилган, бу ўн йил аввал қайд этилган рақамдан деярли икки баравар кўп. Ундан кейин 17 та можаро Осиёда, 10 та Яқин Шарқда, 3 та Европада ва 2 та Америкада кузатилган.

Мавзуга оид