Ўзбекистон | 20:58 / 02.05.2025
3172
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон матбуот эркинлиги индексида 148-ўринда қолди

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг 2025 йилги ОАВ эркинлиги индексида Ўзбекистон 148-ўрнини сақлаб қолди, аммо мамлакатнинг бешта йўналишдаги рейтинг кўрсаткичларидан барчаси пасайди. Халқаро кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича вазият “жуда жиддий”лигича қолмоқда.

Матбуот эркинлиги индекси, 2025

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти анъанавий ОАВ эркинлиги индексини эълон қилди. 2025 йилги рейтингда Ўзбекистон 180 та мамлакат орасида ўтган йилги каби 148-ўринни эгаллаган ва ҳамон сўз эркинлиги бўйича вазият “жуда жиддий” давлатлар қаторида қолмоқда.

Ўзбекистондаги ОАВ эркинлигининг даражаси ўтган йили 100 балдан 37 балга, бу йил эса 35 баллга баҳоланган. Рейтингга асос бўладиган индикаторларнинг бешаласида ҳам пасайиш қайд этилган.

Қўшни мамлакатлардан Қозоғистон 141-, Қирғизистон 144-, Тожикистон 153-, Туркманистон 174-, Афғонистон 175-ўринда қайд этилган.

Россия сўнгги ўнталикка – 171-ўрингача тушиб кетган, Хитойнинг ўрни 180 давлат орасида 178-ўрингача тушиб кетган. Рейтингни Шимолий Корея ва Эритрея якунлаб беради.

Ҳисобот муаллифларига кўра, дунё бўйлаб журналистларнинг эркин фаолият юритишига тўсиқларнинг кўпайиб бориши тенденцияси тўхтамаяпти.

“Дунё бўйлаб сўз эркинлиги энг паст даражага етди”, – дейилади “Чегара билмас мухбирлар” шарҳида.

Ташкилот томонидан кузатиб бориладиган 180 та мамлакат ва ҳудуддан 90 тасида ОАВ ходимларининг аҳволи “қийин” ёки “жуда жиддий”.

Муаллифларга кўра, сўз эркинлиги бўйича глобал вазиятнинг ёмонлашаётганига хавфсизлик муҳитининг беқарорлиги ва авторитаризмнинг кучайиши билан бирга, иқтисодий босим ҳам асосий сабабдир.

Рейтинг тузувчиларнинг таъкидлашича, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб таҳририятлар тобора мустақиллик ва иқтисодий омон қолиш истаги ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмоқда.

RSF ижрочи директори Аня Остерхаус оммавий ахборот воситаларининг молиявий қийинчиликларини “мустақил журналистика – автократлар учун тикан” экани билан тушунтирди.

“Агар оммавий ахборот воситалари молиявий қийин аҳволга тушиб қолса, ёлғон маълумотлар, дезинформация ва тарғиботни ким фош қилади? Демак, журналистлар хавфсизлиги учун ҳар кунги курашдан ташқари, журналистиканинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш керак”, – дейди у.

Қайд этилишича, кузатилаётган 180 давлатнинг 160 тасида ОАВ умуман барқарор ишлай олмайди ёки буни фақат қийинчилик билан амалга ошириши мумкин. Мамлакатларнинг деярли учдан бирида таҳририятлар иқтисодий сабабларга кўра ёпилган, уларга расмийлар томонидан кўпинча босим ўтказилган. 46 та давлатда ОАВ фақат оз сонли эгалари томонидан назорат қилинади.

Мавзуга оид