Жаҳон | 18:54 / 06.05.2025
2150
2 дақиқада ўқилади

Исроил Яман пойтахти аэропортига авиазарба берди

Ҳужумдан олдин ЦАҲАЛ маҳаллий аҳолига огоҳлантириш бериб, зудлик билан Сано аэропорти яқинидаги ҳудудларни тарк этишга чақирди.

Фото: AP

Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) 6 май куни Яман пойтахти — Сано шаҳри халқаро аэропортига зарбалар берди.

Ижтимоий тармоқларда ҳусийчилар томонидан назорат қилинадиган аэропорт ҳудудида портлашлар юз бергани тасвирланган видеолар тарқалмоқда.

Авиазарбадан олдин ЦАҲАЛ маҳаллий аҳолига огоҳлантириш бериб, зудлик билан Сано аэропорти яқинидаги ҳудудларни тарк этишга чақирган.

Куни кеча Исроил Мудофаа армияси ҳусийчиларнинг Ямандаги бир қатор инфратузилма объектларига зарбалар берганди. Хусусан, Исроил қирувчи самолётлари Ходейда порти ва Бажил шаҳри яқинидаги цемент заводига ўнлаб бомбалар ташлаган.

Яманнинг бомбардимон қилиниши ҳусийчиларнинг 4 май куни Исроилга уюштирган ҳужумига жавоб ҳисобланади. Ўшанда баллистик ракета Тел-Авивдаги Бен-Гурион аэропорти ҳудудига қулаган ва бир неча киши жароҳат олган эди.

Яманлик ҳусийчилар фаластинликларга бирдамлик белгиси сифатида Исроилга ракета ва дронлар билан ҳужумлар уюштираётганини маълум қилган. Гуруҳ Ғазо секторидаги тинчлик сулҳи вақтида ҳужумларни тўхтатиб турган эди.

 

 

Мавзуга оид