Жаҳон | 09:46
1602
2 дақиқада ўқилади

Франция: ЕИ Украина бўйича музокараларда қатнашмоқчи

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро Европа Иттифоқи давлатларининг Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда иштирок этиш истаги борлигини, бироқ Москва ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши кераклигини эълон қилди.

Фото: Philemon Henry/France's Ministry of Europe and Foreign Affairs/AFP

Европа Иттифоқи давлатлари Россия ва Украина ўртасида бўлажак музокараларда иштирок этишга тайёр, бироқ фақат Россия биринчи навбатда ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши керак. Бу ҳақда Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро France Inter радиоси орқали айтди.

Барронинг сўзларига кўра, Киев ва унинг иттифоқчиларининг 12 майдан бошлаб 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириғи Россия президенти Владимир Путинни «тўғри йўналишда қадам ташлашга» ундаган, бунда Путиннинг Россия ва Украина ўртасида 15 майдан кейин Истанбулда тўғридан тўғри музокаралар ўтказиш таклифига ишора қилинган.

Бироқ Франция ТИВ раҳбари ўт очишни тўхтатиш музокаралар бошланиши учун зарурий шарт эканини таъкидлади. «Биз бомбалар ва дронлар остида музокаралар олиб бормаймиз. Буни охирги марта 2022 йилда Истанбулда қилган эдик ва бу муваффақиятсизликка олиб келди», — деди Барро.

Франция вазирининг сўзларига кўра, европаликлар ва америкаликлар Россия сулҳга рози бўлмаса, унга нисбатан босимни кучайтиришга тайёр. Хусусан, Барро Россия иқтисодиётига «бузғунчи таъсир» кўрсатиши мумкин бўлган кенг кўламли санкциялар билан таҳдид қилди.

Мавзуга оид