Жамоа устунлари: йўлланма қўлга киритилишида кимлар қандай ҳисса қўшди?

Фото: Tribuna.uz
Ўзбекистон миллий жамоаси тўғридан тўғри жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши учун 18 очко кифоя қилди. Очколар сони яна ошиши ва ҳатто гуруҳда Эронни қувиб ўтиб биринчи ўринга ҳам чиқиб олиш мумкин. Келинг воқеалар ривожида шошмайлик-да, мазкур йўлланмани қўлга киритишда ҳисса қўшган футболчилар, ҳал қилувчи сўнгги босқичда кимлар ва қандай иштирок этгани ҳақида тўхталсак.
Энг яхши ва барқарор: Ўткир Юсупов
Сўнгги босқичдаги барча учрашувларда тўлиқ иштирок этган ягона футболчимиз – дарвозабон Ўткир Юсуповдир. У 9 учрашувдан 6 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олгани, уч ўйинда расман «энг яхши футболчи» деб топилгани, Шимолий Кореяга қарши икки учрашувда пеналти қайтариб, қимматли очколарни олиб келгани таҳсинга сазовор. Ўткир шунингдек, 9 турдан 3 тасида Осиё рамзий жамоасига киритилди. Ундан ташқари, вакилларимиздан тур рамзий жамоасига икки марта Аббосбек Файзуллаев ва бир марта Отабек Шукуров киритилган.
Ўткир Юсупов бутун Осиё саралашини эътиборга олсак ҳам, сўнгги босқичда сейвлар нисбати бўйича фақат Япония посбони Зион Сузукидан ортда қолди холос. 90 дақиқада ўртача қутқаришлар сони бўйича эса Юсупов Осиёда энг яхши – ўртача 3,3 та сейв.
Барча учрашувларда бошланғич таркибдан жой олган иккинчи футболчимиз Одил Ҳамробековдир. Ўткирдан фарқли равишда Одил Эрон ва БААга қарши кечган охирги ўйинларнинг 86-дақиқасида алмаштирилган.
Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров ва Жалолиддин Машарипов жароҳат туфайли биттадан ўйинни ўтказиб юборишига тўғри келди.
Яна икки футболчи сўнгги босқичнинг барча ўйинида қатнашган – Файзуллаев ва Алижонов. Фақат иккиси ҳам баъзи ўйинларни илк дақиқалардан бошламай, захирадан туширилган.
Энг сермаҳсул футболчи: Аббосбек Файзуллаев, 4 гол ва 1 ассист
Юқорида тилга олингандек, Файзуллаев ҳам икки марта тур рамзий жамоасидан жой олди. У сўнгги босқичда энг кўп – 4 марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. Қолган 7 гол 7 футболчи номига ёзилган. Аббосбекнинг айниқса Шимолий Корея дарвозасига урган ғалаба голи ва Эронда очко келтирган жарима зарбаси якунда жуда аҳамиятли бўлиб чиқди. Афсуски, Қатарда урилган икки чиройли гол бесамар кетди, акс ҳолда мундиал масаласи март ойидаёқ ҳал қилиниши мумкин эди.
Файзуллаев нафақат голлари билан, балки рақиб майдонидаги тўпсиз фаол ҳаракатлари, прессингда доим иштирок этиши билан ҳам катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди. Майдонда Файзуллаев ва Эркинов бўлганида рақиб ҳимоячилари ўзини бемалол ҳис қилишмади.
Статистикага қаралса, рақиб жарима майдони яқинида тўп учун курашдаги ғалабалар бўйича Файзуллаев Осиёда фақат Такефуса Кубодан ортда қолган. Япониялик футболчи олдинги чизиқда прессинг қилиш эвазига бир ўйинда ўртача 1,7 марта тўпни рақибдан олиб қўйган бўлса, Аббосбек иккинчи ўринда – 1,4.
Керакли пайтда керакли жойда: Остон Ўрунов, Ҳусниддин Алиқулов, Ҳожимат Эркинов
Аслида барча ғалабалар минимал ҳисобларда қўлга киритилгани эътиборга олинса, ҳар бир гол қадрли. Аммо баъзиларини алоҳида тилга олиш ўринли бўлади.
Қирғизистонга қарши сафар ўйинида 72-дақиқагача дуранг ҳисоби сақланиб турган, ўйин исталган томонга бурилиб кетиши мумкин эди. Остон жарима майдони ичкарисида тўпни қабул қилиб олгач, рақибнинг икки футболчисини чиройли алдаб ўтиб, ғалаба голини урди. Жамоавий ўйин унчалик қовушмай турган пайтда вазиятни қўлга олиш ва индивидуал маҳорат кўрсатиш етакчилардан доим кутиладиган муҳим хусусият.
Худди ўша ўйинда Алиқулов бош билан урган голнинг аҳамияти ҳам кам эмасди. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида Қирғизистон 2:1 ҳисобида олдинда бораётган, агар танаффусгача шу ҳисоб сақланиб қолса, рақиб иккинчи бўлимда бутунлай ҳимояга ётиб олиши ва янада қийин бўлиши турган гап эди. Ҳисоб тенглашиши эса мезбонларнинг шаштини синдирди ва меҳмонларнинг вазифаси бироз осонлашди.
Эронга қарши сафар ўйини БАА билан сиртқи рақобатда жуда муҳим аҳамиятга эди. Араблар Эронда мағлубиятга учрагани туфайли Ўзбекистон бу стадионда очко олиши БААга қарши сафар ўйинига «парашют» билан боришини таъминлаб берарди. Эркинов ҳисобни очиши – Ўзбекистон футболчиларида ўзига бўлган ишончни оширди, бу ўйин бошқача, тенг курашлар остида ўтишини айнан Ҳожиматнинг голидан сўнг англагандик.
Кападзе чизгиси: Ҳожиакбар Алижонов
Кутилганидек, Темур Кападзе бош мураббийга айлангач, Сречко Катанец схемаси ва услубига катта ўзгаришлар киритмади. Бу энг тўғри қарор эди, зеро ҳал қилувчи паллаларда, назорат ўйинлари ва машғулотларсиз кескин ўзгаришларга қўл уриш – натижага таъсир қилиши мумкин эди. Аммо шунда ҳам баъзи нуқталар сезилди, айниқса, Ҳожиакбар Алижонов янада юқорироқда, ҳатто Отабек ва Одилдан ҳам олдинроқда ўйнай бошлади. Бу ҳимояланиш ва қарши ҳужумлар учун бироз таваккалчилик бўлиши мумкин, аммо позицион ҳужумларда сон жиҳатдан устунликка эга бўлиш, вариантларни кўпайтириб, рақибни чалғитиш учун қўл келди. Қирғизистонга қарши ўйинда Алижонов энг яхши футболчи деб топилди ва тур рамзий жамоасидан ҳам жой олди. Эрон ва БАА билан учрашувларда ҳам Ҳожиакбар фаол бўлди ва сўнгги ўйинимизда ҳам у жамоа сафида энг кўп баҳо олган футболчига айланди.
Умуман 3-4-3 схемаси айнан Ҳожиакбар каби ҳужумда нозик ҳаракатлана оладиган ижрочиларга эҳтиёж сезади ва агар Кападзе бу схемада қоладиган бўлса, ҳали кейинги ўйинларда ҳам Алижонов асосий фигуралардан бири бўлади.
Тажриба ва назорат: Отабек Шукуров, Жалолиддин Машарипов ва Элдор Шомуродов
Деярли тенгдош бўлган бу уч футболчининг тажрибаси муҳим ўйинларда ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ ёрдам бергани шубҳасиз. Биз фақат телевизорда ёки трибунадан кўрамиз, аммо жамоа ичида, майдонда, машғулотларда тажрибали футболчиларнинг ўрни беқиёсдир.
Биз ЖЧ-2022 саралашида сўнгги босқичга ҳам етиб кела олмаганмиз, охирги марта бундай муҳим даражадаги учрашувларда 2017 йилда қатнашгандик. Орадаги мана шу 7-8 йиллик танаффус жамоадаги муҳим занжирни, ўзига хос меросни узиб қўйиши ҳам мумкин эди. Айнан Шомуродов, Шукуров каби футболчилар ўша 2017 йилдаги аламли саралаш ўйинларида ҳам таркибда бор эди, мундиалга бир қадам масофагача етиб келишганди. Гўёки бир текисда ўтгандек туюлган бўлса-да, аслида жуда кўп марта қийин вазиятларга тушиб қолдик, очколар қўлга киритиш осон бўлмади. Ҳисобда ортда бориб, ҳисобни тенглаштиришга тўғри келди, баъзида бутун жамоа бўлиб ҳимояландик, ҳужум қилдик. Ўзига яраша бурилишларга бой бўлган ўйинларда албатта, тажрибали футболчиларсиз қийин.
Отабек Шукуров ўртача баҳолар бўйича Осиё саралаш босқичида кучли ўнликдан (Машарипов 13-ўринда) жой олди, шунингдек аниқ узатмалар бўйича ҳам Шукуров жамоанинг энг яхшиси. У бир марта тур рамзий жамоасидан ҳам жой олди.
Жалолиддин айниқса сўнгги ўйинларда анча ўзгаргани, айниқса тўп назоратида ва ҳимояланишда янада фаол ҳаракат қилиб, ноаниқ паслар, рискли қарорларини камайтиргани сезилди. Элдор Шомуродовни эса ортиқча таърифлаш шарт эмас. Унинг номининг ўзи ҳам рақиб ўйин услубини ўзгартиришга, эҳтиёткорроқ ўйнашга ундайди. Аксарият ҳолларда бир неча ҳимоячи Элдор билан овора бўлиб қолиши бошқа ҳужумчиларга қулайлик яратди.
Мукофотланганлар рўйхати қандай тузилган?
Сўнгги босқичда жами 25 футболчи иштирок этди. Юқорида тилган олинган Ўткир Юсупов тўлиқ 810 дақиқа қатнашган бўлса, Зафармурод Абдураҳматовда энг кам – 2, Азизбек Амоновда 7 ва Абдурауф Бўриевда 8 дақиқа бор. Жамоа аъзолари 13 марта сариқ, бир марта қизил карточка олган.
Умумий хулосалар бутун саралаш босқичи тугагандан кейин, яъни Қатар билан учрашув ўтгач эмас, 9 тур асосида берилаётганининг икки сабаби бор. Биринчидан, сўнгги тур ўйинлари гуруҳимизда ҳеч нарсани ҳал қилмайди – ўринлар алмашиши мумкин, лекин йўлланма эгалари ва кейинги босқичга чиққан жамоалар аниқ. Табиийки, сўнгги тур кўпроқ ўртоқлик мақомига яқин бўлиши, мураббийлар баъзи ўзгаришларни амалга ошириши мумкин. Гуруҳда ҳақиқий кураш айнан ўтган 9-турда бўлди, деб бемалол айтиш мумкин.
Иккинчидан, БАА билан учрашувда қониқарли натижа қайд этилиб, жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилгач, жамоанинг деярли барча аъзолари, ходимлар ва функционерлар давлат мукофоти билан тақдирланишди. Хусусан, бош мураббий Тимур Кападзе ва 25 футболчи «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонига лойиқ кўрилди.
Аммо қизиғи, бу 25 футболчи юқорида тилга олинган, яъни сўнгги босқич саралаш баҳсларида майдонга тушган футболчилар эмас, кичик фарқлар бор. Рўйхатда асосан сўнгги йиғинларда, яъни БАА билан ўйинга танланган таркибдан тузилганини кўриш мумкин.
Масалан, сўнгги босқичнинг ўзида 4 ўйинда захирадан майдонга тушиб, жами 134 дақиқа ҳаракат қилган, ҳатто Шимолий Кореяга қарши ўйинда ассист амалга оширган Бобур Абдухолиқов мукофотланганлар рўйхатида йўқ. Шунингдек, Иброҳимхалил Йўлдошев (33 дақиқа), Азизбек Амонов (7 дақиқа), Зафармурод Абдураҳматов (2 дақиқа) каби футболчиларни ҳам мукофотланганлар қаторида топа олмадик, аммо 9 тур давомида бирор марта ҳам кўриниш бермаган Ботирали Эргашев, Ислом Тўхтахўжаев, Абдувоҳид Неъматов ва Игор Сергеев рўйхатга киритилган.
Агар фақат БАА сафарида қайдномада бўлган футболчилардан тузилди, десак, БААга борган, аммо қайдномадан ўрин олмаган Русланбек Жиянов (аввалги ўйинларда жами 36 дақиқа ўйнаган) рўйхатда бор. Агар аввалги босқичлар ҳам инобатга олинган деб ҳисобласак, Сергеев (Эрон дарвозасига гол ҳам урган) тушунарли бўлади, лекин 2-босқичда тўп сурган Холматов ва Ғаниев йўқ, анча йиллардан бери фақат БААга қарши ўйин олдидан миллий жамоага қайтган, лекин шу ўйин қайдномасига ҳам киритилмаган Тўхтахўжаев эса бор.
Имзолаш учун киритилаётганда рўйхат қай тариқа шакллантирилган, буни аниқ айтиш қийин, аммо баъзи тушунмовчиликлар бор, айниқса, Бобур Абдухолиқов тушиб қолиши бироз нотўғри бўлган, дейиш мумкин.
Мавзуга оид

18:01 / 06.06.2025
ФИФА президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади

11:54 / 06.06.2025
Йиғи, кулги ва байрам. Ўзбекистон мундиалга чиққан тарихий ўйиндан фотогалерея

11:31 / 06.06.2025
Ўткирбек Юсупов 6 марта голдан асради, бунинг учун унга 6 марта миннатдорлик билдираман — президент

23:03 / 05.06.2025