Жаҳон | 23:23 / 24.06.2025
17118
4 дақиқада ўқилади

Уруш кундалиги: Исроил вайроналари

Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш ҳамон давом этмоқда. Мистер Трамп бутун дунёни «тинчлик билан табриклаб», Эрон ва Исроил сулҳ бўйича келишганини айтганидан кейин ҳам. Ўзи бечора Трампга охирги вақтларда ҳеч ким қулоқ солмаяпти: на Россия, на Украина, на Эрон-у ва на Исроил. Келинг, ҳали тугамаган Яқин Шарқдаги бу тўқнашувни биринчи Эрон – Исроил уруши деб атаймиз, ахир бу чинакам уруш бўлди. Қуйида урушдаги бир ҳолатга – Исроилда худди Ғазодагидек вайроналар пайдо бўлганига тўхталмоқчиман.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Яна икки давлат қўшилди

Эрон ва Исроил ўртасидаги тўқнашувни бемалол уруш деб аташимизга сабабларидан бири унга яна икки давлат қўшилгани: АҚШ ва Яман. Вашингтон Эронга ҳужум қилиш орқали расман урушга қўшилди. Кейинроқ Яман ҳам Эрон томондан урушишини эълон қилди.

Афтидан, Трамп АҚШнинг охирги зарбасидан кейин айтганидек Ямандаги хусийчилар шиалар ҳаракати тўлиқ кучсизланиб қолмаган. Улар Америка Эронга ҳужум қилгач, «Қизил денгиздаги кемалар хавфсизлиги учун жавоб бермасликларини», айтишди. Яманнинг жойлашуви жуда қулай – улар исталган пайтда Қизил денгиз ўтиш йўлини хавфли маршрутга айлантириб, бутун дунёдаги нарх-навони ошириб юбориши мумкин.

Демак, урушга расман тўртта давлат қўшилди. Бу ҳозирча учинчи жаҳон уруши эмас, лекин ишонинг, ҳозирги ҳолат чинакам минтақавий уруш ҳисобланади.

Исроилда худди Ғазодагидек вайроналар

Америка ҳужумидан кейин Эрон Исроилга ёппасига баллистик ракеталар учирди. Натижада Исроил шаҳарларида жуда кўп портлашлар кузатилди. «Темир гумбаз» кутилганидек барча ракеталарни тутиб қололмади. Эрон томони умумий ҳисобда 27 та ракета учирган ва эълон қилинган расмларга қараганда, кўп ракеталар нишонга бориб урилган. Исроил шаҳарларида худди Ғазодагига ўхшаган вайроналар пайдо бўлди. Кадрлар қутқарувчи ва машиналардаги ибронийча ёзувлар бўлмаса, худди Ғазодаги Исроил армияси бомбардимон қилган уйларни эслатади.

«ҲАМАСга қарши уруш» иддаоси билан Ғазонинг кулини кўкка совураётган вақтда Исроил раҳбарлари кўп ўтмай уларнинг шаҳарларида ҳам худди шунақа вайроналар пайдо бўлиши, уйидан айрилган одамлар зор йиғлаши, ота-онасини қидирган гўдаклар азоб чекишини ўйламаган бўлса керак. Лекин биз кўп айтадиган ҳақиқатни яна бир бор эслатмоқчимиз: урушни бошқара олмаган одам ахмоқдир. Урушни ҳеч ким бошқаролмайди. Ҳар қандай уруш бир кун келиб уни бошлаган одамнинг бошига қулайди.

Урушларга мана шу ракурсдан қараш керак, азизлар. Ҳеч бир даъво, ҳеч бир ҳарбий мақсад ёш болалар ўлими эвазига қўлга киритишга арзимайди. Афсуски, дунёни нотинч қилиб уруш бошлаётган мулозимчалар бизни эшитишмайди, лекин биз сизга – ўз аудиториямизга шу каналимиз орқали мурожаат қила оламиз: ҳеч бир урушни қўлламанг, урушни бошлаганларнинг тарихдан олиб келиб сўқийдиган сафсаталарини эшитманг, «Бизга бу ерларни Худо берган», «Бу ерлар азалдан бизники бўлган», «Тарихий ҳақиқат тикланди», деб иддао қиладиган сиёсатчилар телевизор орқали одамларни аврашни бошласа, бошқа каналга олинг.

Унутманг, уруш бошлаш сабабини тарихдан кўрсатадиганлар разил одамлардир. Чунки бугунги уруш – бугуннинг дарди, унда ҳозир яшайдиган одамлар ўлади, тарихда яшаб кетганлар эмас... Омон бўлинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид