Ўзбекистон | 15:28 / 02.07.2025
880
2 дақиқада ўқилади

Тошкент-Исломобод йўналишида тўғридан тўғри авиапарвозлар йўлга қўйилди

Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан Тошкент-Исломобод йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди.

Фото: "Дунё" АА

Миллий авиаташувчининг Airbus А320 NEO русумли самолёти Исломобод халқаро аэропортида, халқаро авиация тартиб-таомилига кўра сувли арка билан тантанали равишда кутиб олинди.

Расмий кутиб олиш маросимида сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Тошкент-Исломобод ўртасида тўғридан тўғри авиaпарвозларнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги туризм, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга ҳамда икки томонлама савдо айланмаси ҳажмини келгусида 2 миллиард АҚШ долларига етказиш борасидаги вазифаларни самарали амалга оширишга хизмат қилади.

Исломобод халқаро аэропорти директори Саид Афтаб Али Шаҳ Гилани таъкидига кўра, ушбу авиақатновлар Ўзбекистон орқали Марказий Осиё мамлакатлари ва Покистон ўртасида қулай, тезкор ва хавфсиз ҳаво йўли вужудга келишига имкон яратади. Бу эса, ўз навбатида, минтақавий барқарор ривожланиш, логистика тармоқларини диверсификация қилиш ва транзит салоҳиятни тўлиқ ишга солиш учун муҳим асос бўлади.

Uzbekistan Airways Исломобод халқаро аэропортидан парвозларни амалга ошираётган 28-компанияга айланди. 

Мавзуга оид