Жаҳон | 11:21 / 09.07.2025
729
2 дақиқада ўқилади

Дания бош вазири: ЕИ 5 йил ичида қайта қуролланиши керак

Россия тез орада ЕИ учун «ҳақиқий хавф» туғдириши мумкин, шунинг учун Европа Иттифоқи ва Украина 2030 йилгача мудофаа саноатини кучайтириши керак, деди Метте Фредериксен.

Фото: Jean-Christophe Verhaegen/AFP

Ўн йиллик охирига борлиб Россия Европа Иттифоқи учун «ҳақиқий хавф» туғдириши мумкин, шунинг учун Европа ва Украина беш йил ичида мудофаа саноатини кучайтириши керак, деди Дания бош вазири Метте Фредериксен. 8 июл, сешанба куни у Даниянинг Европа Иттифоқи кенгашига олти ойлик раислиги бошланиши муносабати билан Европарламентда нутқ сўзлади.

Фредериксен Европа Иттифоқи сўнгги 30 йил давомида мудофаа харажатларини қисқартирганидан афсус билдирди. Сиёсатчининг фикрича, бу «катта хато» эди. Европа Иттифоқи Владимир Путин яқин орада Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасини «синовдан ўтказиш»га уриниб кўриши мумкинлигидан хавотирда — НАТО аъзоларидан бирига қилинган ҳужум алянснинг барча аъзоларига қилинган ҳужум деб ҳисобланади.

«Европанинг мудофаа саноатини мустаҳкамлаш мутлақ устувор вазифадир ва биз камида 2030 йилгача ўзимизни ҳимоя қила олишимиз керак», деди Метте Фредериксен ўз нутқида. «Европа ҳеч қачон ўзимизни ҳимоя қила олмайдиган ҳолатда қолмаслиги керак».

2030 йилгача бўлган даврда Европа мудофаасининг тезкор тайёргарлиги тўғрисидаги «Оқ китоб»да таъкидланишича, Россия яқин келажакда Европа хавфсизлигига «асосий таҳдид» бўлиб қолади. Россия агрессияси таҳдиди олдида Европа комиссияси «Тайёрлик-2030» номли янги хавфсизлик режасини тайёрлади. Унда Европа Иттифоқи давлатлари келаси беш йил ичида мудофаа учун 1,25 триллион доллар сарфлаши кўзда тутилган.

Мавзуга оид