Жаҳон | 08:34 / 11.07.2025
1510
2 дақиқада ўқилади

ЕИ асосий хомашёни захиралаб қўйишга чақирди

Сувости кабелларидаги эҳтимолий диверсия Европа хавфсизлик тизимидаги заифликларни очиб берди. Европа Комиссияси Европа Иттифоқи мамлакатларига фавқулодда вазиятларда кабелларни таъмирлаш тўпламлари ва хомашёни захиралаб қўйишни тавсия қилди.

Фото: AP

Ҳарбий ва геосиёсий таҳдидларнинг кучайиши фонида Еврокомиссия (ЕК) Европа Иттифоқига аъзо давлатларни стратегик захиралар яратишга ундамоқчи. Брюссел янги стратегия ҳужжатида нафақат озиқ-овқат ва тиббий буюмларни, балки муҳим хомашё, инфратузилма эҳтиёт қисмлари ва ядро ёнилғиси, бошқа нарсаларни ҳам захиралаб қўйишни таклиф қилади.

Комиссиянинг фикрича, Европа геосиёсий кескинликлар, киберҳужумлар ва иқлим ўзгариши билан тавсифланган «борган сари мураккаб ва ёмонлашиб бораётган хавф муҳитида». Брюсселга кўра, ЕИ қуролли можароларга ва аъзо давлатларга тўғридан тўғри ҳужумларга ҳам тайёрланиши керак.

Ҳужжатда қайд этилишича, коронавирус пандемияси ва Украинадаги уруш таъминот занжирлари қанчалик тез парчаланиши, муҳим товарлар ва технологияларга киришда муаммолар пайдо бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Янги стратегия «фикрдаги ўзгариш»нинг аксидир: келажакда у нафақат реакция билдириш, балки таҳдидларни олдиндан кўриш ва уларга олдиндан тайёргарлик кўришни назарда тутади.

Хусусан, фавқулодда сақлаш учун кенг турдаги товарларни қамраб олиш кўзда тутилган. Ноёб тупроқ элементлари ва махсус магнитлардан ташқари, ҳужжатда шамол турбиналари, электр двигателлари ва бошқа технологиялар учун зарур бўлган технологиялар, энергия ва оптик толали кабелларни таъмирлаш тўпламлари ҳақида сўз боради.

Мавзуга оид