Жаҳон | 22:28 / 13.07.2025
5426
4 дақиқада ўқилади

Эрон президенти Исроилнинг июн ойидаги ҳужумида яраланган — Fars

Теҳрондагилар Исроил ҳужумга учраган махфий объект ҳақида қандай маълумот топганини текширмоқда ва бунда Эрон ҳукумат тузилмаларидаги жосуслар ёрдам бергани истисно этилмаяпти.

Фото: Iranian Presidency Office

 

Эрон давлат нашрлари мамлакат президенти Маъсуд Пизишкиён июн ойида Исроил ҳарбийлари Теҳроннинг ядровий объектлари ва ҳарбий инфратузилмаларига қарши ҳарбий амалиёт доирасида йўллаган авиазарба натижасида енгил жароҳат олгани ҳақида хабар тарқатди.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига яқин ҳисобланган Fars агентлиги хабарига кўра, 16 июн куни Исроилнинг олтита бомбаси Теҳрондаги махфий ерости комплексининг кириш қисмига ташланган, бу вақтда бинода Пизишкиён Эрон миллий хавфсизлик олий кенгаши йиғилишида қатнашаётганди.

Нашрнинг ёзишича, президент йиғилишнинг бошқа иштирокчилари билан биргаликда авариявий шахта орқали эвакуация қилинаётганида оёғидан енгил жароҳат олган.

Агентликнинг ёзишича, ҳужум Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиларидан бири Ҳасан Насруллоҳни ўлдириш операциясига ўхшаш тарзда ишлаб чиқилган.

Теҳрондагилар Исроил мазкур объект ҳақида қандай қилиб маълумот топганини текширмоқда ва уларга Эрон ҳукумат тузилмаларидаги жосуслар ёрдам бергани истисно этилмаяпти.

Fars нашрининг Пизишкиён бўлган объектга зарба йўллангани ҳақидаги маълумоти бошқа мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган. Исроил ҳам бу маълумот юзасидан изоҳ бермади.

Блокланган чиқиш йўллари

Эрон ва Исроил ўртасидаги 12 кунлик ҳаво зарбалари алмашинуви давомида ижтимоий тармоқларда Исроил ҳарбийлари Теҳрон шимоли-ғарбидаги тоғ ёнбағрини тинимсиз ўққа тутаётгани акс этган видеолар пайдо бўлди.

Энди маълум бўлишича, урушнинг тўртинчи кунида берилган зарбалар Эрон пойтахтидаги ўша пайтда мамлакатнинг олий раҳбарияти жойлашган махфий ерости мажмуасига қаратилган.

Fars маълумотига кўра, Исроилнинг бомбардимон қилиши натижасида объектга кириладиган барча олтита нуқта, шунингдек, унинг вентиляция тизими блоклаб қўйилган.

Ерости мажмуасида электр таъминоти ҳам узилган, бироқ Пизишкиён хавфсиз жойга ўтишга муваффақ бўлган.

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши мамлакат олий раҳнамоси Али Хоминаийдан кейин мамлакатдаги иккинчи муҳим ҳокимият институти ҳисобланади.

Ўтган ҳафта Пизишкиён Исроил уни ўлдиришга урингани ҳақида гапирганди, бироқ Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац бу айбловларни ёлғон деб атади ҳамда Эрондаги «режим ўзгариши» урушнинг мақсади эмаслигини таъкидлади.

Эрон билан қарама-қаршилик аввалида Исроил кучлари Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг кўплаб қўмондонларини ўлдирганди.

Эрон раҳбарлари Исроилнинг зарбалари улар учун мутлақо кутилмаган ҳодиса бўлгани ва биринчи зарбалардан кейин бир кун давомида мамлакатда бошқарувда фалажлик ҳукм сурганини тан олишмоқда.

Исроил вакиллари зарбалар Хоминаийга ҳам қарши қаратилганини тан олишди, аммо улар олий раҳбар ташқи дунёдан сезиларли даражада узилган ерости объектига эвакуация қилинганида унинг изини йўқотганини айтишди.

Исроил кучлари Эрон олий амалдорлари ва ҳарбийларининг жойлашуви, шунингдек, махфий объектлар жойлашуви ҳақида шунча разведка маълумотларини қандай қўлга киритгани кўп жиҳатдан ноаниқ бўлиб қолмоқда.

Зарбалар алмашинуви

13 июн куни Исроил Эрондаги ядровий ва ҳарбий объектларга зарба беришни бошлади ва буни ушбу мамлакатда ядровий қурол ишлаб чиқарилишининг олдини олиш мақсади билан изоҳлади.

Исроилга жавоб ракета ва дрон зарбалари берган Эрон атом бомбасига эга бўлиш ниятини рад этиб, уранни фақат тинч мақсадларда бойитаётганини таъкидлади.

22 июн куни АҚШ ҳарбийлари Эроннинг учта ядровий объектига ракета зарбалари йўллади.

АҚШ президенти Доналд Трамп бу ҳужум натижасида ушбу объектлар бутунлай йўқ қилинганини таъкидлаган, аммо баъзи разведка хизматлари, жумладан, Америка разведка хизматлари зарбалар натижаларини эҳтиёткорлик билан баҳоламоқда.

Ўтган ҳафта охирида Исроил расмийси журналистларга Эрон июн ойида АҚШ «Тунги болға» операцияси доирасида зарба берган Исфаҳондаги объект остида кўмилиб қолган бойитилган уранни олиб чиқишга ҳаракат қилиши мумкинлигини хабар қилди.

Мавзуга оид