Жамият | 15:34 / 08.03.2021
10341
3 дақиқада ўқилади

“Ватанпарвар” ташкилотининг Бухоро вилояти ташкилоти: мақсадимиз ватанпарвар ёшларни тарбиялашдир

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Бухоро вилояти ташкилотида ҳаволи қуролдан ўқ отиш спорт тури бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг биринчи босқичи ўтказилди.

Маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Ҳамроев, 28803-сонли ҳарбий қисм аскарлари, миллий гвардия, ҳарбий оркестр ҳамда “Ватанпарвар” ташкилотининг барча шаҳар туман ташкилотлари қатнашди.

Мазкур чемпионатни ўтказишдан кўзланган мақсад спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш, ёшларни секция ва тўгаракларга фаол жалб этишдир. Қолаверса, бу каби тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбия топиши, спортнинг техник ва амалий турларини мукаммал ўрганишига хизмат қилади.

Чемпионат натижасига кўра, 1-ўрин Тошкент вилояти жамоасига, 2-ўрин Тошкент шаҳри жамоасига ҳамда 3-ўрин Наманган вилояти жамоасига насиб қилди. Мусобақада барча вилоятлардан жами 16 та жамоа иштирок этиб, 100 нафардан ортиқ спортчилар куч синашди.

Дарвоқе, 2020 йилда пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда 4 та клуб, 7 та туман-шаҳар, 5 та вилоят ва 3 та республика мусобақалари ўтказилди. Бухоро вилояти терма жамоалари 11 та республика мусобақаларида қатнашди. Барча мусобақаларга 1395 нафар спортчилар қамраб олинди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Ватанпарвар” ташкилоти Бухоро вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув спорт техника клубларида оммавий касбдаги ходимларни тайёрлаш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўқув спорт техника клублари ҳамда вилоят техник ва амалий спорт турлари марказида “A”, “B", тоифали автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва “B” дан “BC”га ва “CE” тоифалар бўйича қайта тайёрлаш ишлари сифатли ташкиллаштирилган. 2020 йилда 14088 нафар ҳайдовчиликка номзодни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари, Бухоро шаҳар ўқув спорт техника клуби томонидан мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун 4,5x6,5 ҳажмдаги кўчма электрлаштирилган аҳоли яшайдиган ҳудуд макети ташкил қилинди. Бухоро тумани ва Қоракўл тумани ўқув спорт техника клуби томонидан умумтаълим мактабида ЙҲҚ бўйича синф хонаси “Пиёдалар шаҳарчаси” ишга туширилди.

2020 йилда вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув спорт техника клублари автомобил паркини замонавий автомобиллар билан таъминлаш мақсадида 9 та енгил ва юк автомобили харид қилинди. Ҳозирда “Ватанпарвар” ташкилоти Бухоро вилояти ўқув спорт техника клубларида 34 та спорт секция ва 33 та бошланғич ташкилотларида тўгараклар фаолият кўрсатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ўтказилаётган барча тадбирлар ғоя ва мақсад жиҳатдан ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини шакллантиради. Уларни мустақил фикрлашга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қарашга ундайди.

“Ватанпарвар” ташкилотининг Бухоро вилояти ташкилоти.

Мавзуга оид

Эълонлар