Жамият | 09:27
1709
2 дақиқада ўқилади

Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган оздирувчи қаҳвалар савдосига чек қўйилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамкорлигида Ғиждувон туманида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам судланган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Фото: ДХХ

Натижада, чет элда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 34 050 дона KETO COFFEE MIX SLIM COFFEE, 2790 дона SLT SLIM LUX COFFEE, 3000 дона HOODIA CACTUS SLIMMING COFFEE, 720 дона SLIM GREEN COFFEE, 5280 дона NATURE COMPLEX LK FAT BURNING, 1000 дона “ЛАО СЭ ЛОН”, 12 132 дона FIT90 FAT BURNER, 13 392 дона “РЕДУКСИН ЛАЙТ”, 23 292 дона “ЦЫНЗИШОУ PLUS” ва бошқа турдаги дори воситалари борлиги маълум бўлди.

“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, мазкур дори воситалари таркибида “сибутрамин” моддаси мавжуд бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги “Ўзбекистонда кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги 818-сонли қарорига кўра “сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган.

Ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 251-1 моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида ушбу дори воситаларининг хориждан олиб келиниши билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Мавзуга оид