Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инсон аъзолари донорлиги бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Депутатлар нимадан хавотирда?
21 май куни ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида «Инсон аъзолари ва тўқималари донорлиги ҳамда уларни кўчириб ўтказиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан иккинчи ўқишда таклиф этилаётган ушбу қонун лойиҳасига кўра, ўз аъзосини (органини) беришни истаган тирик донор беморнинг яқини ёки қариндоши бўлиши талаб этилмайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур норма депутатлар ўртасида кескин баҳс-мунозаралар келтириб чиқарган. Бир томон бу модда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришини айтган бўлса, иккинчи томон эса бундай эркинлик берилиши натижасида инсон тана аъзолари олди-сотдиси авж олиб кетишидан хавотирда.
Инсон аъзолари донорлиги ва уларни кўчириб ўтказишни эркинлаштириш қанчалик тўғри?
Бугунги кунда трансплантация амалиётлари ҳукумат қарори билан тасдиқланган «Қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби ҳақида»ги вақтинчалик низом асосида ўтказилади. Ҳужжатда тирик қариндош донорлар – қонунчилик асосида, ўзаро биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражада қариндош шахслар ўртасида бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.
Маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 3 мингга яқин буйрак донор кутаётганлар бор.
Депутат Дониёр Ғаниевнинг айтишича, янги киритилаётган нормадан мамлакатда орган трансплантацияси учун донорлар кутаётган беморларга ёрдам бериш, тиббиётда трансплантология соҳасини ривожлантириш каби ижобий мақсад кўзланган бўлса-да, қонунга бу нормани киритиш хато ҳисобланади.
«Чунки одатда ақли-ҳуши жойида, соғлом инсон тириклигида ўз органларини икки сабабга кўра беришга рози бўлиши мумкин. Биринчиси, бу муҳаббат. Яъни инсон дард чекаётган бемор яқинига унга бўлган муҳаббати, меҳридан ўз органини беришга рози бўлиши мумкин. Иккинчи сабаби эса табиийки, бу пул, моддий манфаат. Албатта, учинчи сабаб ҳам бўлиши мумкин. Шунчаки ҳеч қандай манфаатсиз, танимаган одамига кимдир ўз органини бериши мумкин, лекин бу бизнинг жамият учун деярли истисно ҳолат, деб ўйлайман.
Шундан келиб чиқиб, агар қонун билан тирик донорлар тушунчасида барча шахсларнинг (беморга алоқаси бўлмаган) донор бўлиши мумкинлиги белгиланса, қўрқаманки, аҳоли даромади анча паст, ишсизлик даражаси юқори ва тўй-ҳашам, орзу-ҳавас йўлида ҳамма нарсага тайёр бизнинг жамиятда бу ижтимоий қийналган аҳоли қатлами томонидан органларни сотиш ҳолатлари, шу жумладан, орган сотиш билан боғлиқ (асосан буйрак) жиноят ишлари ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Гарчи, қонун билан инсон аъзоларининг олди-сотдиси тақиқланаётган бўлса-да, лекин бу амалиётда ноқонуний «буйрак бозори» пайдо бўлмаслигини кафолатламайди», дейди депутат.
Айни пайтда ФҲДЁда тузилган никоҳ асосида камида уч йил биргаликда яшаган эр-хотинлар ва уларнинг юқорида кўрсатиб ўтилган барча қариндошлари, шунингдек, ўгай ака-ука ва опа-сингиллар ҳамда уч йил муддат олдин қонунчиликда белгиланган тартиб асосида фарзандликка олинган болалар (фарзандликка олувчи ота-оналари билан ўзаро) тирик қариндош донорлар бўлиши мумкин. Қонун лойиҳасида эса тирик донорлар тушунчасида барча шахсларнинг донор бўлиши белгиланмоқда.
Шунингдек, лойиҳада хусусий клиникаларга рухсат бериш ҳам кўрсатилган. Амалда эса фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги розилиги билан давлат тиббиёт муассасаларига рухсат берилмоқда.
Бунда трансплантология соҳасида хусусий секторнинг ривожланиши, ушбу соҳага инвестицияларнинг ортиши ва тиббий туризм ривожланиши билан бирга, орган сотиш билан боғлиқ жиноят ишлари ортиши, донор бўлишга барчага рухсат берилаётгани сабаб Ўзбекистонда ижтимоий қийналган ва тиббий маданияти етарли бўлмаган аҳоли қатламининг пул эвазига чет элдан келган беморларга органларини сотиши ҳолатлари ортиб кетишига олиб келади.
Донор соғлиғи учун ким жавобгар бўлади?
Бугунги кунда трансплантологияда асосий талаб буйрак ҳамда жигар трансплантациясига бўлмоқда ва ушбу йўналишларда донорларнинг етишмаслиги кузатилмоқда.
Қонун лойиҳасида ўзидан аъзоси ёки тўқималари олинганлиги сабабли соғлиғини тиклаш зарурати билан боғлиқ харажатларнинг компенсация қилиниши ва тирик донордан унинг аъзоси ёки тўқималари олинганлиги муносабати билан унинг соғлиғини тиклаш зарурати билан боғлиқ харажатларни бериш тартиби ва компенсация қилиш миқдорлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилмоқда. Амалдаги қонунчиликда эса бундай эмас.
Шунингдек, кўриб чиқилаётган ҳужжатда ўзидан аъзоси ёки тўқималари олинганлиги муносабати билан юзага келган меҳнатга қобилиятсизлик даври учун иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини олиш ҳам белгиланмоқда.
Яна бир қизиқ жиҳати, қонунчиликка мувофиқ ўзидан аъзоси ёки тўқималари олинганлиги муносабати билан юзага келган асоратлар туфайли Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида даволаниш ва кузатувда бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Амалдаги низомда бу кўзда тутилмаган.
Масаланинг ижобий томонларидан бири – донорларнинг қўллаб-қувватланиши натижасида уларнинг сони ортади. Аммо пул эвазига чет элдан келган беморларга органларини сотиш ҳолатларида харажатлар давлат бюджетига қўшимча юклама бўлиши ва вақт ўтиши билан донор бўлган шахслар ўртасида ногиронлик ҳолатлари кўп кузатилиши ҳам мумкин.
Агар янги қонун лойиҳаси тасдиқланса, Ўзбекистон жамияти уни қандай қабул қилиши мумкин?
Бу савол кўпчиликни ўйлантирмоқда. Маълум қилинишича, айрим депутатларда республикада буйрак трансплантологияси бўйича тиббий туризм марказига айланиб қолиш хавфи бор, деган фикр ҳам бор.
Бугунги кунда Филиппин, Миср, Нигерия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон давлатлари трансплантация марказига айланган. Масалан, у ерда Саудиядан келган бемор ўша давлатлар клиникасига 40 минг доллар тўлаб, буйрак сотиб олади. Аммо буйрагини берган одамга 4-5 минг доллар тегади. Бу давлатларда инсон аъзолари олди-сотдиси йирик бизнесга айланиб бораётгани айтилади.
Депутат Дониёр Ғаниевга кўра, назарий жиҳатдан бу тизим яхши ишлайди. Лекин аҳолининг ижтимоий-иқтисодий, маданий тафаккуридан келиб чиқилса, муаммолар пайдо бўлиши мумкин.
«Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича йиллик 63 минг буйрак трансплантациясининг 10 фоиздан ортиғи камбағал давлат фуқаролари ўз органларини бой давлатлар фуқароларига пул эвазига бериши ҳисобига амалга ошади. Бизда ҳам қонун билан донор бўлишга барчага рухсат берилиши сабабли, иқтисодий-ижтимоий қийналган аҳоли қатламининг пул эвазига чет элдан келган беморларга ўз органларини сотиш ҳолатлари кўпайиб кетиши мумкин. Бу ҳатто катта бизнесга айланиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.
Кўриниб турибдики, аҳолининг ҳозирги иқтисодий аҳволи, тиббий ва ҳуқуқий билимидан келиб чиқиб, тирик донорлар тушунчасини қайта кўриб чиқиш тўғри бўлади.
Бунда, биринчи навбатда, орган трансплантациясида (айниқса буйрак) тирик донорларни фақат Оила кодексининг 57-моддасида белгилаган қариндошлар билан чеклаш, шунингдек, мамлакатда доимий яшамайдиган чет эл фуқароларига Ўзбекистон фуқароларининг донор бўлишларини тақиқлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Тирик донорнинг органи яқин қариндошлар ёки оила аъзоларига тўғри келмайдиган ҳолатларда эса бегона донорлардан органларни фақатгина бартер асосида, яъни дейлик «буйрак учун буйрак» принципи асосида кўчириб ўтказишга рухсат берилиши лозим.
Бундан ташқари, қонун билан вафот этган донорлардан аъзоларни олиб ўтказишга рухсат берилиши орқали буйрак ҳамда жигар трансплантациясида донорлар етишмаслиги муаммосини қисман ечиш мумкин», дейди депутат.
Парламент вакилининг айтишича, айни пайтда мазкур қонун лойиҳасини муҳокама қилишда давом этилмоқда. Ҳужжатда кўзда тутилаётган нормалар юзасидан ўзаро фикр алмашиляпти.
Тавсия этамиз
Навоийни кимлар заҳарлаяпти? – экология вазири изоҳ берди
Ўзбекистон | 11:23 / 25.07.2025
Ишдаги ишқнинг якуни: селекторда “қўлга тушган” амалдор ишдан олинди
Ўзбекистон | 10:42 / 25.07.2025
Франция Фаластин давлатини тан олади — Макрон
Жаҳон | 09:46 / 25.07.2025
Ниҳоят: келаётган ҳафтада салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 20:03 / 24.07.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

20:41 / 09.10.2024
Туркий давлатлар трансплантация бўйича ягона ахборот тизимини яратади

18:06 / 31.05.2024
Болалар куни муносабати билан донорлик акцияси ўтказиляпти

22:48 / 04.11.2022
Ўзбек хирургияси тарихида илк бор бир пайтнинг ўзида юрак ва буйракда ноёб операция ўтказилди

20:50 / 09.08.2022