Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Блогерларга солиқ хабарномалари келмоқда. Уларнинг даромади қандай ҳисобланяпти?
Ўзбекистонлик влогерлар YouTube'дан топган даромадидан солиқ тўлаши ҳақида хат олаётганини айтишмоқда. Солиқ қўмитаси масъулига кўра, нафақат блогерлар, ижтимоий тармоқлар орқали даромад оладиган барча даромад солиғини тўлаши керак. Уларнинг даромадлари қандай ҳисобланади, қандай ҳолларда солиқдан озод бўлиш мумкин, харажат даромаддан кўп бўлса ҳам солиқ тўланадими – Kun.uz материалида танишинг.

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик блогерлар солиқ идораларидан YouTube тармоғидаги фаолияти натижасида олган даромадларидан солиқ тўлаши ҳақида хабарнома олганини айтиб, чиқишлар қилди.
“Sirojiddin Media” канали муаллифининг айтишича, у 2021 йилда YouTube'дан 9 минг доллар атрофида даромад олган ва энди бунинг учун 11 миллион сўм атрофида солиқ тўлаши керак бўляпти.
Блогер Абдусаттор Абдураҳимов ҳам 2021 йилги фаолияти натижасида YouTube'дан олган даромадидан солиқ тўлаш борасида хабарнома келганини маълум қилди.
“Менга Солиқ инспекциясидан хат келибди: YouTube (Google)дан менга тушган пуллар учун солиқ тўлашим ҳақида. Четдан келган пул учун солиқ тўланармиди? Яна 10 кун ичида тўлашим шарт экан-да, хат 13 кунда келар экан”, – дея ёзди у Twitter'да.
“Sirojiddin Media” канали муаллифи YouTube'дан олган даромадининг тахминан ярми влог юритиш харажатларига кетишини айтган бўлса, Абдусаттор Абдураҳимов бу даромади жамоани таъминлаб туришга ҳам етмаслигини билдирган.
Kun.uz бир қанча саволлар юзасидан Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Шуҳрат Исмоиловдан изоҳ олди.
Солиқ қўмитаси масъулининг тушунтиришича, агар блогерлар ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтганида, улар даромад солиғидан озод қилинган бўларди. Солиқ идораларидан хабарнома олган блогерлар эса ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтмаган.
“Блогерлик фаолиятини ижтимоий тармоқлардаги фаолият деб қараймиз. 2020 йил июн ойидан бошлаб у қонуний фаолиятга айлантирилди. Ўзини ўзи банд қилган шахслар қонунчиликка асосан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилган.
Ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган блогер солиқ органлари унга 11 миллион сўм солиқ тўлашини талаб қилганини айтган. У 2021 йил давомида 9 минг доллар атрофида даромад олган, шундан келиб чиқиб солиқ органлари даромад солиғини тўлашни талаб қиляпти.
Агар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганда эди, ундан 2021 йил бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи олинмас эди. Кўриб турибмизки, ўзини ўзи банд қилмаган шахс сифатида унга даромад солиғи келиб чиқяпти. Қонунчиликка асосан, жисмоний шахс олган даромадлари, мулкий даромадлари, моддий наф тарзидаги олган даромадлари ва иш ҳақидан олган даромадлари бўйича даромад солиғи тўлаши керак.
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтмагани ва солиқ агенти бўлмагани сабабли олган даромадидан 12 фоиз даромад солиғини тўлаб бериши керак”.
Солиқ идоралари блогернинг YouTube'дан олган даромадларини қандай ҳисоблади? Шуҳрат Исмоиловнинг тушунтиришича, фуқаронинг Ўзбекистондаги ҳисобрақамига валюта маблағи келиб тушаётгани ҳақидаги ташқи маълумотлар асосида унга даромад солиғи ҳисоблаб берилади.
Шу ўринда, Шуҳрат Исмоиловга яна бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
— Солиқ идоралари фуқаронинг ҳисобрақамига валютада келиб тушган пуллар айнан YouTube'даги фаолиятидан олган даромадлари эканлиги қандай аниқланади?
— Аввал бир нарсани тушуниб олайлик: даромад солиғини фақат блогер тўлайди деган гап йўқ. Фуқаронинг ҳисобрақамига келиб тушган пуллар айнан YouTube каналдан эмас, бошқа манбалардан олинган даромадлар ҳам бўлиши мумкин. Умуман, YouTube'дан эмас, хориждан буюртма олиб, даромад оладиган турли тоифалар ҳам бор – дастурчилар, веб-дизайнерлар ва бошқалар. Ҳар бир фуқаро қўшимча даромад манбайига эга бўлдими, солиқ агенти бўлмаган манбалардан даромад олдими, бу бўйича солиқ органларига жами йиллик даромадлари ҳақида декларация топшириши керак. Шунинг учун ташқи манбалар ёки солиқ органларининг ўзидаги мавжуд маълумотлар асосида бу ҳақда фуқарога хабарнома юборилади.
Биз тўхталаётган тоифа – YouTube блогерлар қўшимча даромад манбайига эга бўляпти, яъни солиқ агенти бўлмаган манбалардан даромад оляпти. Шунинг ҳисобига келиб тушган пуллар асосида солиқ органи ходимлари Солиқ кодексига асосан хабарнома юборяпти.
Фуқаро қайси манбадан даромад олгани бизга олдиндан аниқ бўлмайди ва шу сабабли ўзимиздаги мавжуд маълумотлар асосида фуқарога “сизга шунча суммадаги даромад солиғи ҳисобланяпти, асослантирувчи ҳужжатларингиз бўлса, тақдим этинг”, деган маънода хабарнома юборамиз.
Фуқаро олган даромадлари қайси манбадан экани ёки бошқа солиққа тортилмайдиган ҳолатлар бўлса, бизга асослаб бериши керак бўлади. Солиқ органи олдинги маълумотлар асосида ёки ҳисобрақамига тушган тўловнинг мақсадига YouTube тармоғидан экани илова қилинган тақдирдагина унга юборилган хабарномада YouTube'дан олинган даромад экани ёзилади.
Аслида, 2021 йил бўйича фуқаролар қўшимча олган даромадлари бўйича бизга декларация топшириши керак эди. 1 апрелгача бизга декларация тақдим этмадими, ўзимизда мавжуд маълумотлар асосида хабарнома юборамиз.
— Блогерларнинг YouTube'дан топган даромадлари таркибида харажатлари бўлиши ва умуман топган даромади харажатларни ҳам қопламаслиги мумкин. Бу ҳолатда ҳам даромад солиғи тўланадими?
— Хабарномада кўрсатилган даромад солиғи суммаси солиқ идораларининг ўзидаги ва ташқи маълумотлар асосида олинган хулосаларга асосланади. Агар фуқаро бу маблағлар таркибидаги харажатларини кўрсатиб берса ёки бу даромад солиқ солиш объекти эмаслигини исботласа, бу солиқни тўламаслиги ҳам мумкин. Хабарнома борди дегани, кўрсатилган суммани ҳеч қандай эътирозсиз тўлашга мажбур дегани эмас. Чунки биз олдиндан фуқаронинг ҳисобига келиб тушган пуллар манбасини аниқ билмаймиз.
Фуқаро my.soliq.uz платформаси орқали асословчи ҳужжатларни юборса, қабул қилинади. Онлайн топширадими, ўзи келиб топширадими хабарнома юборган ходим ижрочи бўлади ва асослантирувчи ҳужжатлар топширилса, хабарномада юборилган солиқ тўланмайди.
— Айтинг-чи, шу пайтгача қанча блогер ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди? Умуман, рўйхатдан ўтмасдан, даромад солиғини тўлаган блогерлар адади ҳақида маълумот борми?
— Жами умумий даромадлари бўйича декларация тақдим этган фуқаролар бор. Мисол учун, шу йилнинг ўзида 500 мингдан ортиқ фуқароларимиз жами йиллик даромади ҳақида декларация топширган. Аммо бу 500 минг фуқаронинг ичида қанчаси блогер эканини билмаймиз, алоҳида ажратиб кўрсатиладиган ҳисобот шакллари мавжуд эмас. Лекин 2700дан ортиқ фуқаро блогерлик фаолияти билан шуғулланадиган шахслар ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтган.
Юқоридаги ҳолатларда блогерлар 2021 йил январда ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганида, 2021 йил учун энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқни тўлаб, ҳам катта суммадаги (масалан, 11 миллион сўм) даромад солиғини тўлашдан озод бўларди, ҳам стажга эга бўларди.
Даромад солиғи тўлаш борасида хабарнома олган блогерлар: “Ўзини ўзи банд қилиш” ҳақида билмаган эдим, энди шунча солиқ тўлайман” деб хафа бўлиши мумкин, аммо билмаслик жавобгарликдан озод этмайди. Биз оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ўзини ўзи банд қилиш борасида жуда кўп гапирдик. Рўйхатдан ўтиб, бир марта ижтимоий солиқ тўлаб, бир йиллик стажга эга бўлишнинг фойдалари ҳақида ҳам кўп маълумот бердик.
Мадина Очилова тайёрлади.
Тавсия этамиз
Навоийни кимлар заҳарлаяпти? – экология вазири изоҳ берди
Ўзбекистон | 11:23 / 25.07.2025
Ишдаги ишқнинг якуни: селекторда “қўлга тушган” амалдор ишдан олинди
Ўзбекистон | 10:42 / 25.07.2025
Франция Фаластин давлатини тан олади — Макрон
Жаҳон | 09:46 / 25.07.2025
Ниҳоят: келаётган ҳафтада салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 20:03 / 24.07.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

12:03 / 21.07.2025
Анора Содиқовани ҳақорат қилган блогер Мирсаид Ҳайдаров маънавий зарар тўлайдиган бўлди

12:18 / 17.07.2025
Болаларни ўткир тиғли буюмлар билан уриштирган блогер жавобгарликка тортилди

18:00 / 05.06.2025
Москвада ўғирлаб кетилган блогерга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

10:43 / 09.05.2025