Ўзбекистон | 15:36 / 26.09.2023
10091
7 дақиқада ўқилади

Алифбони тузатиш зарурати нимада? Профессор Низомиддин Маҳмудов билан суҳбат

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги муаммоли бўлган тўрт ҳарфни ислоҳ қилиш бўйича ўзбек тилшунос олимлари иштирокида ўтган конференция хулосаси эълон қилинди.

Унга кўра, алифбодаги o‘, g‘ ва sh ҳарфларини 1993 йилги шаклларига (õ, ğ, ş) қайтариш, ch ундошини эса лотинча ҳарфининг айнан ўзи, яъни думсиз шакли билан ифодалаш кўзда тутилган.

  • O‘ o‘ — Õ õ
  • G‘ g‘ — Ğ ğ
  • Ch ch — С с
  • Sh sh — Ş ş

Kun.uz мухбири алифбо ислоҳи бўйича ишчи гуруҳ раҳбари, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, Филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов билан алифбо ислоҳи борасида жамоатчиликни қизиқтираётган қатор саволлар бўйича интервю ўтказди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Низомиддин ака, бизга алифбо ислоҳи нега керак эди ўзи? Қандай муаммо сабаб биз деярли 30 йилдан бери алифбони ўзгартириш кераклиги ҳақида гапирамиз?

— Дунё алифболарида энг мақбул тамойил бир товушга бир ҳарф деган тамойил, кейингиси бир бўғин ва бир белги тамойили, яна бир тамойилда бир сўз ёки тушунча бир белги деган қараш бор. Бизнинг амалдаги лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосида шу тамойил ишларди, аммо бир қанча ҳарфлар мисолида юқоридаги қоидалардан чекинилган жойлари ҳам бор. Хусусан, ch ва sh товушларини ифодалаш учун биз икки белгидан фойдаланамиз. Шунинг ўзи ҳам алифбо мукаммаллигини бир қадар пасайтиради.

Ҳа, алифбомиз 30 йилдан бери ишлатиляпти. Аммо уни бир белгига келтиришнинг ҳеч қийин жойи йўқ.

Ҳозирги тақдим этилган C (ch) ҳарфи 1929-40 йиллардаги ўзбек алифбосида бор. Ch ҳарфининг методик жиҳатдан мақбулмаслиги шундаки, унинг таркибидаги C белгиси фақат шу ҳарфда бор, болага нотаниш у. Ўқувчилар бир товушни ифодалаш учун 2 та ҳарфни ўрганишига тўғри келмоқда.

C белгиси бошқа жойда йўқлиги учун унинг ўзини бемалол ch сифатида қўллаш мумкин, айтганимдек, олдинги алифбода ҳам бор эди.

Янги тақдим этилган Ş (sh) ҳарфи ҳам ўша мен айтган алифбода бўлган. Oʻ ва Gʻ ҳарфларининг белгиси эса тутуқ белгисига ўхшайди, бундан ташқари уни компьютерда чиқариш учун бир нечта амал бажаришга мажбурмиз. Алоҳида белги бўлиб тургани учун сўзларни бўлиб туради, эстетик жиҳатдан ҳам мақбулмас.

— Алифбо ислоҳоти бўйича янгиликларни ўқиган ватандошларимиз бир фикрни кўп такрорлашмоқдаки, нега CH ҳарфини ифодалаш учун таклиф этилган C белгисига ҳам  SH'ни ифодалаш учун таклиф қилинган Ş'даги каби алоҳида белги (думча) қўшилмади? Хўш, нега шундай?

— Тўғри, шундай қилса ҳам бўларди. Лекин юқорида айтганимдек, бу белги (C) шундоқ ҳам алифбомизда бўш турган эди, бошқа вазифаси йўқ. Алифбо бир яхлит структура. Бола шу битта ҳарф билан товушни ифодалашни ўрганаверади. Европа тилларида ҳам бу белги (C) Ch'ни ифодалайдиган ҳолатлар бор, дейлик, cappuccino (каппучино), италян ва бошқа тилларда ҳам бор бундай ифодаланиш. Шунинг учун иккиланишга ҳожат йўқ бу бўйича.

Биламизки, «алифбо» дегани араб алифбосидаги бошидаги икки ҳарфдан олинган, «алфавит» ҳам шундай. Турклар ҳозир «abj(c)» деб ишлатишади бунинг ўрнига. Бизга алифбо деган термин кириб бўлган, бу томонининг ҳам зарар томони йўқ.

— Алифбомизни компьютер тилига айлантирмоқчи эканмиз, дейлик,  алифбо белгиларини ўзгартирмай, ўша қўш белгили ҳарфларни бир ҳаракат билан ифодалайдиган дастур қилиш мумкинмиди йўқми?

— Бу бўйича маълумотни дастурлаш соҳасидагилар яхши билади. Мен билганим бунга ҳаракатлар қилинди, аммо бирор натижа кўрганим йўқ. Ҳозирги кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказиш дастурларида ҳам тўғри ўгирмайди, бошқатдан қараб чиқиш керак бўлади.

Компьютер клавиатурасидаги янги белгилар ўрни ҳам тақдим этилди. Баъзилар биз алифбони компьютер учун ўзгартиряпмиз, деяпти, йўқ ундай эмас, лекин ҳозир ҳамма жойда компьютерлар ишлашини ҳам унутмаслик керак. Шу томондан қулайликка ҳаракатлар ҳам бор. Бир масала эмас, бир нечта масалани ҳал қилиш имкони бўляпти. Шунинг учун мақбул деб ўйлайман.

— Алифбо ўзгарадиган бўлса, миллиардлаб пулимиз кетади, ундан кўра мактаб, касалхона қурсак бўлмайдими, деганларга қандай жавоб берасиз?

— Ҳа, шундай фикрлар ҳам бор. Аммо бундай фикрни баъзилар тасаввуридаги саёзлик туфайли беришмоқда. Масалан, мактаб дарсликларини оладиган бўлсак, улар 3-4 йилда янгиланади. Дарсликлар масаласида олдингидан ортиқча маблағ сарфлаш бўлмайди. Катта синф ўқувчиларига ўқитувчи тушунтириб кетади шу 4 ҳарфни қанақа ёзишларини. Вақти келганда дарсликлар алмашиб кетаверади. Паспорт ва шунга ўхшаш ҳужжатлар ҳам алмаштириш вақти келганда ўзгартирилади. Ҳамма нарсани бирдан алмаштириш керак деган гап йўқ. Амалдаги алифбони 30 йилдан бери билади одамлар, бирдан йўқ бўлиб қолмайди. Кўчалардаги ёзувлар, афишалар ҳам моддий эскириб алмашадиган пайти келганда янги алифбода ёзилаверади. Қўшимча харажатлар бўлмайди.

— Янги алифбо билан янги имло қоидалари ҳам ишлаб чиқилса керак. Дейлик, sentabr, oktabr каби сўзлар ёзилиши қандай бўлади? Вақтида кирилл қоидаларидан қочиш учун қилингандир бу имло. Энди-чи, ўзгариш бўладими?

— Ўзгаришлар бўлиши керак. 1995 йилда тасдиқланган имло қоидалари бор. Унда sentabr, oktabr кўринишида берилган. Яқинда катта имло луғати чиқардик. Болага sentabr, oktabr деб айттириб бўлмайди. Шунинг учун янги имло луғатида икки шакл ҳам берилди бундай сўзларнинг. Алифбо янгиланишидан кейин бўладиган имло қоидаларида албатта sentyabr, oktyabr кўринишида ёзиладиган бўлади. Шуниси тўғри бўлади. Истиснога эга бўлган қоида қоида эмас. Sentabr деб ёзиб туриб, aktyor, rejissyor деб y қўшиб ёзиб турса, бу тўғри эмас. Шунинг учун sentyabr, oktyabr кўринишида бўлади. Бунга ўхшаш чала имлолар ҳали ҳам бор. Шунинг учун бир нечта янгли имло қоидалари бўлади ва бу муаммоларга барҳам беради.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Асрор Алламуродов.

Мавзуга оид